ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «IFC Ўзбекистонга Сирдарёда қуввати 1,6 ГВт бўлган ИЭС қуришда ёрдам беради»
  • 24.03.2023
  • 191

Халқаро молия корпорацияси Сирдарёда 1580 МВтли ИЭСни қуриш учун 150 млн доллар ажратди ва 1 млрд доллардан ортиқ хусусий молиялаштиришни жалб қилди. Станция газда ишлайди ва бутун мамлакат бўйлаб электр энергиясига бўлган талабнинг 17 фоизини қондириши кутилмоқда.

Халқаро молия корпорацияси (IFC) 150 миллион долларлик молиялаштириш пакетини тақдим этмоқда ва Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги иссиқлик электр станцияси қурилиши учун 1 миллиард доллардан ортиқ хусусий молиялаштиришни жалб қилишга ёрдам кўрсатди. Бу ҳақда корпорация матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

«Ўзбекистон ҳукуматининг транзакция масалаларида етакчи маслаҳатчиси сифатида IFC шаффоф, рақобатбардош халқаро тендер орқали ушбу лойиҳа юзасидан давлат-хусусий шерикликни (ДХШ) шакллантиришга ёрдам берди — бу мамлакатда иссиқлик электр станцияси бўйича биринчиси бўлди», — дейилади ҳисоботда.

IFC, шунингдек, Япония халқаро ҳамкорлик банки ва Япония экспорт суғурта агентлиги томонидан лойиҳа учун 655 миллион долларни биргаликда молиялаштирди.

1580 МВт қувватга эга станция 3 миллиондан ортиқ аҳолини рақобатбардош электр энергияси билан таъминлайди. Ҳисоб-китобларга кўра, у қуриб битказилгандан сўнг талабнинг 17 фоизини қондиради ва умумий қувватнинг 9,5 фоизини ташкил қилади. Табиий газдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган электр энергияси Ўзбекистон «Миллий электр тармоқлари»га етказиб берилади.

Станция Electricité De France (Франция), Nebras Power (Қатар), Sojitz Corporation ва Kyuden International (Япония) ўз ичига олган консорциум томонидан ишга туширилади.

Ҳисоботда айтилишича, янги буғ-газли электр станцияси эски заводларга қараганда деярли икки баравар самарали бўлиши кутилмоқда (60% дан ортиқ самарадорлик даражаси билан), бу табиий газдан самаралироқ фойдаланиш ва CO2 чиқиндиларини камайтириш, шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбаларини интеграциялашга ёрдам беради.

Шунингдек, йилига 2,8 миллион тоннагача иссиқхона газлари чиқиндиларининг олдини олади. Бу 2050 йилгача декарбонизация стратегиясига ва Ўзбекистоннинг Париж келишувига қўшадиган миллий ҳиссасига мос келади.

«Экологик тоза энергияга ўтишни тезлаштириш учун бизга қайта тикланадиган энергия қувватларини мувозанатлаш ва ошириш орқали энергия тизимимизни оптималлаштиришга ёрдам берадиган замонавий, самарали ва мослашувчан электр станциялари керак. „Сирдарё-2“ станцияси ишончли ва тежамкор электр энергияси манбаи бўлиб, СО2 чиқиндиларини камайтиришга ёрдам беради», — деди Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов.

«Самарали, ишончли ва ҳамёнбоп электр таъминоти ҳар қандай мамлакат ривожланишининг зарурий шартидир. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон энергетика секторининг барқарорлиги ва рақобатбардошлигини ошириш, электр энергиясига бўлган ўсиб бораётган талабни иқтисодий ва самарали қондиришга ҳисса қўшиш учун хусусий сектор капитали ва тажрибасини бирлаштиради», — деди IFCнинг Туркия ва Марказий Осиё бўйича директори Вибке Шлёмер.

 

Манба: https://www.gazeta.uz/uz/2023/03/24/power-plant/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>