ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
70 ЙИЛЛИК БЕҒУБОР БАЙРАМ: БУГУН ХАЛҚАРО БОЛАЛАРНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ КУНИ
  • 01.06.2020
  • 1533

  Бугун 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни.  70 йилдан буён ёзнинг илк куни болажонларнинг севимли байрами сифатида кенг нишонланади.

  Келинг, ушбу сана тарихига назар солайлик...

  1949 йилда Парижда аёлларнинг Халқаро демократик федерацияси конгресси бўлиб ўтади. Бу конгрессда болаларнинг бардамлиги ва бахт-саодатининг кафолати бўлган мустаҳкам тинчликни таъминлаш учун доимий кураш ҳақидаги шиор янгради. Урушдан кейинги даврда сайёрамизда яшовчи барча митти болажонларнинг соғлиқ ва хотиржамлигини сақлаш долзарб муаммога айланиб қолган эди. 1950 йилдан эътиборан 1 июнь Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни сифатида нишонлана бошлади.

  1989 йилда БМТ Бош Ассамблеяси болалар ҳуқуқлари тўғрисида Конвенция қабул қилди. Унда бутун дунё мамлакатлари болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши лозимлиги ҳақида халқаро талаб ва таклифлар ёзилган.

  Хўш, Халқаро болалар куни қандай нишонланади?

  Дунёнинг кўпчилик мамлакатлари ва шаҳарларида бу байрам болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида турли суҳбатлар ва маърузалар ўтказиш билан нишонланади. Шунингдек, мазкур санада турли-туман қувноқ ва маданий оммавий тадбирлар, спорт мусобақалари, концертлар ўтказилади. Анъанага кўра, шу куни оғир бемор, даволанишга муҳтож ва ногирон болалар учун хайрия акциялари ва тадбирлар ташкил қилинади.

  Болаларни ҳимоя қилиш куни байрамининг мақсади кенг жамоатчилик диққатини муаммоли болаларга, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, ҳимояланган дунёда яшаш имкониятларига, бахтли болаликка эга бўлишларига ва ўз мамлакатининг тўла-тўкис ва хотиржам фуқароси бўлиб ўсишларига қаратишдир.

  Бир сўз билан айтганда, Халқаро болаларни ҳимоя қилиши куни болаларни парваришлаш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоялашга бағишланган байрамдир. МДҲ ва бошқа бир қатор мамлакатларда ушбу байрам 1 июнда, БМТ тавсияси билан эса 20 ноябрда нишонланади.

  Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни бутун дунё болалари учун энг беғубор ва қувончли байрам ҳисобланади. Албатта, бола бу дунё, бу ҳаёт мазмунининг ажралмас қисмидир. Болалар ўз табассумлари орқали инсонлар қалбида ҳаётга, яшашга бўлган қизиқишни уйғотадилар. Кўзларида эзгулик ва меҳр қалқиб турган болажон мусаффо осмонда эркин парвоз этаётган қалдирғоч мисоли.

  Фурсатдан фойдаланиб «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти, Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси барча болажонларни, хусусан юртимиз келажаги бўлган ёш авлод вакилларини ушбу сана билан самимий муборакбод этади.

  Бугунги пандемия шароитида болажонларга турли концертлар, кўргазмалар, сайиллар, спорт мусобақалари ва турли хил тадбирлар ўтказиш бирмунча чегараланган бўлса-да, ота-оналар уларнинг юзларига табассум бахш этадиган ўз эътиборлари орқали мамнун этади, деган умиддамиз.

  Дарҳақиқат, дунёда болажонлар кулгуси-ю, шўх-шодон қийқириғидан-да беғубор нарсанинг ўзи йўқ. Тиниқ нигоҳини сизга қадаганча оламдаги жамики ажойиботларни ўрганишга, мушоҳада қилишга уринаётган болакайнинг нурли чеҳрасига боққан ҳар қандай инсон ҳаёт ташвишларини унутади. Зотан, фарзандининг саодатли ва бахтиёр дамларини мудом кўриб яшаш — ҳар бир инсон умрининг асосий мазмунидир.

Улуғбек Урунов,

 «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>