ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ИНТЕРВЬЮ – 24: АДИБЛАР ХИЁБОНИ — МАЪНАВИЯТ МАСКАНИ
  • 28.05.2020
  • 1401

  «Ўзбекистон–24» телерадиоканалида «Адиблар хиёбони — маънавият маскани» туркуми орқали эфирга узатилаётган «Интервью–24» саҳифасининг навбатдаги меҳмони — Ориф Тўхташ – шоир, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар ҳамда давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси билан суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.

  Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 18 апрелдаги қарорига мувофиқ, маънавий ҳаётимизда ўчмас из қолдирган атоқли ёзувчи ва шоирларнинг тарихий хотирасини абадийлаштириш, ёш авлоднинг маданий-маърифий савиясини юксалтириш мақсадида Миллий боғ ҳудудида Адиблар хиёбони барпо этилди.

  Ушбу хиёбон Алишер Навоий ҳайкали билан уйғун бўлиб, яхлит меъморий ансанбль ҳосил қилиши учун янги лойиҳа ишлаб чиқилган эди. Унга кўра, 8 гектардан зиёд ҳудуд ободонлаштирилиб, Алишер Навоий ҳайкалини қайта ўрнатиш белгиланганди.

  Мана, шу кунларда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида барпо этилган Адиблар хиёбони бугун ўзига хос янги қиёфага кирди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ғояси асосида бу ерда улкан қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилиб, катта майдонда Адиблар хиёбонининг яхлит меъморий ансамбли яратилди. Адиблар хиёбонини ғоявий­бадиий жиҳатдан янада бойитиш мақсадида Бобур, Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат, Беҳбудий, Авлоний, Чўлпон, Қодирий, Тўлепберген Қайипбергенов, Ибройим Юсупов, Александр Файнберг сингари атоқли намояндалар хотирасига бағишланган янги ёдгорлик мажмуалари ҳам яратилди.

  Жорий йилнинг 20 май куни Президентимиз Адиблар хиёбонига ташриф буюриб, бир гуруҳ ижодкорлар билан учрашди ҳамда ушбу қутлуғ масканнинг ижтимоий-маънавий ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти қандай бўлиши кераклигини аниқ-равшан тушунтириб берди. «Бу жой халқимиз, айниқса, ёшларимиз қалбига адабиётни, у орқали, маънавият, маърифат ва маданиятни олиб кирадиган табаррук даргоҳ бўлиши лозим», дея таъкидлади Юртбошимиз. Миллий адабиётимиз ва маданиятимиз равнақига улкан ҳисса қўшган улуғ устозларимизнинг муҳташам ҳайкаллари қад ростлаган, ҳар бир қадамида уларнинг донишманд нигоҳи, беғубор нафаслари сезилиб турадиган бу мўътабар масканга «Адиблар хиёбони» деб ном берилганининг ўзи жуда чуқур ҳаётий, илмий-фалсафий асосларга, маъно-мазмунга эга.

  Шу маънода, бу хиёбон ўзига хос ноёб ва бетакрор даргоҳдир.

– Бу ердаги ҳар бир ҳайкал адабиётимиз тарихида алоҳида бир воқеа бўлган, ёрқин из қолдирган табаррук сиймоларни акс эттиради. Ҳар бир монументал обида ўзининг бадиий-фалсафий жиҳатлари билан бизга буюк бир тарих, адабиёт ва маънавият ҳақида, қудратли миллий руҳ тўғрисида ҳикоя қилади. Биз, ижодкорлар бу ерга келиб ўзимизга янги руҳ ва илҳом, маънавий қудрат оламиз, – дейди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг маънавий-маърифий ишлар ҳамда давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Ориф Тўхташев. Қизғин руҳдаги кечинмалар тафсилоти билан «Ўзбекистон 24» телеканали томонидан уюштирилган махсус суҳбат асносида танишишингиз мумкин.

© «Ўзбекистон–24» телеканали

© Суҳбатдош журналист Садоқат Очилова

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>