Янгиликлар
«ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» АКЦИЯДОРЛИК ЖАМИЯТИНИНГ ИНСОНПАРВАРЛИК ЁРДАМИ САРДОБАЛИКЛАРГА ЕТКАЗИБ БЕРИЛДИ
  • 07.05.2020
  • 1136

  Аввал хабар берганимиздек, бугун — 2020 йил 7 май куни «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг кўпсонли жамоаси номидан «Сардоба» сув омбори тошқинидан зарар кўрган, айни пайтда эса Сардоба туманига ёндош ҳудудлардаги вақтинчалик яшаш жойларида истиқомат қилаётган аҳолига ёрдам кўрсатиш мақсадида юборилган хайрия акциясининг карвони йўлга тушгани ҳақида маълумот берган эдик.

  Энергетикларнинг махсус жиҳозланган иккита юк ва битта енгил автомобиллардан иборат хайрия карвони дастлаб Сайхунобод туманидаги касб-ҳунар коллежига эвакуация қилинган сардобаликлар ҳузурига етиб борди. Хайрия карвонини техноген офат жабрдийдалари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари кутиб олишди.

  Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ маъмуриятининг топшириғига биноан 2-3 май кунлари вакилларимиз эвакуация қилинган аҳоли билан учрашиб, улар учун биринчи навбатда зарур нарсалар ҳақида етарли маълумотлар тўплаб келишган эди. Маҳаллий ҳокимият вакиллари иштирокида шакллантирилган рўйхатга асосан 60,0 млн. сўмлик (20 турдаги, жами 3400 дона яқин биринчи навбатда зарур маҳсулотлар) хўжалик моллари, уй-рўзғор буюмлари, кийим-кечак ва кўрпа-тўшаклар энергетиклар номидан топширилди.

  Хайрия акциясининг иккинчи манзили Янгиер шаҳри бўлди. «Ўзбекистон МЭТ» АЖнинг томонидан юборилган хайрия карвони Янгиер шаҳри ҳокимияти вакиллари томонидан кутиб олиниб, хайрия маҳсулотлари омборхонасида тегишли тартибда қабул қилинди. Энергетикларнинг хайрия инъомлари маҳаллий вакиллар томонидан зуруриятга қараб шакллантирилган рўйхат техноген офатдан азият чеккан ва айни пайтда Янгиер шаҳридаги маъмурий биноларда вақтинча яшаётган аҳолига тарқатилди.

  Маълумот ўрнида: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг хайрия акциялари яна давом эттирилади. Жамият аъзоларининг аксарияти ўз аризаларига кўра Сирдарё вилояти ҳокимлигининг «Сардоба» сув омбори талафотлари харажатларини қоплаш учун очилган махсус ҳисоб рақамига бир кунлик иш ҳақини ўтказмоқдалар. Бундан олдинроқ “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ташкилотимиз аъзоларининг аризаларига кўра 197,61 млн сўм пул маблағлари ўтказиб берилган эди.

  Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ташкилотлардан ҳудудий электр корхоналарига транспортировка қилиш, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланади. Жамиятнинг кўпсонли жамоаси сирдарёликлар билан ҳамжиҳатликда эл бошига тушган синов даврларини енгишда камарбаста эканликларини билдирмоқдалар.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>