Янгиликлар
«НАМАНГАН МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ: ЁЗГИ МАВСУМГА ТАЙЁРГАРЛИК ИШЛАРИ БОШЛАБ ЮБОРИЛДИ
  • 29.04.2020
  • 982

   Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 27–28 апрель кунлари об-ҳавонинг кескин ўзгариши ва Туркманистон ҳудудидан кучли шамол оқимининг кириб келиши натижасида мамлакатимизнинг бир нечта вилоятларидаги электр таъминотида узилишлар кузатилди. Айни пайтда истеъмолчиларнинг катта қисмига тармоққа уланиб, табиий офат талафотлари бартараф этилмоқда.

  Кўпчиликка маълумки, электр энергияси таъминоти тизимида бир нечта мавсумий тайёргарликлар белгиланган техник-муҳандислик жадвалларига асосида амалга оширилади. Шартли номлар билан аталадиган: «қишки қаҳратон», «баҳорги чамоқли», «ёзги жазирама» ва «куз-қиш» каби мавсумий профилактика тадбирлари электр энергияси истеъмолининг кескин равишда ошиш даври ҳамда табиий иқлим шароити ўзгариши билан чамбарчас боғлиқ.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти маъмуриятининг топшириғига биноан баҳорги иқлим ўзгаришига (чақмоқ ва шамоллар мавсумига) тайёргарлик ишлари баҳорнинг илк кунларидаёқ бошлаб юборилган эди.

  Хусусан, Наманган вилояти аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларини сифатли ва ишончли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида Жамият тасарруфидаги «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали ва унинг таркибидаги бир нечта юқори кучланишли подстанцияларда бир қатор ишлар олиб борилди. Жумладан, асосий объектларни ташқи электр таъминоти мустаҳкамлигини оширишга хизмат қиладиган 220 кВли подстанцияларнинг электр ускуналари ҳамда 220-500 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари навбатдан ташқари кўрикдан ўтказилди.

  Айни кунларда республикамизда эълон қилинган карантин муддатининг якуни (тахминан) мамлакатимизда иссиқ об-ҳаво иқлими ҳукмрон бўлган пайтга тўғри келиши эҳтимолдан холи эмас. Йирик саноат корхоналари, ишлаб чиқариш объектлари ишга тушиб, юқори ҳароратли об-ҳаво шароитида аҳолининг истеъмоли бирмунча ошиши мумкинлигини инобатга олиб, айни пайтда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибидаги барча подстанцияларда ёзги мавсумга тайёргарлик ишлари бошлаб юборилди.

  Мисол тариқасида, мавсумолди профилактик тайёргарликлар бўйича «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали ишчи-ходимлари томонидан амалга оширилаётган айрим амалиётларни санаб ўтишимиз мумкин:

·  «Сардор», «Қизилравот» ва «Оби-ҳаёт» подстанцияларда мавжуд автотрансформаторлар ҳамда 220–500 кВли ҳаво электр узатиш тармоқлари профилактика кўрикларидан ўтказилмоқда;
·  филиал тасарруфидаги автотранспорт ва механизмларнинг фойдаланишга яроқлилиги ҳамда техник созлиги қайта кўриб чиқилмоқда;
· иссиқ об-ҳаво шароитида муҳандис, чилангар ва монтёрлардан иборат техник ходимлар кундузги ва тунги навбатчиликда амалдаги йўриқномага мувофиқ иш фаолияти олиб бориши учун махсус инструктаж машғулотлари ҳамда синов имтиҳонларидан ўтказилмоқда.

  Бир сўз билан айтганда, юқори кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи энергетиклар об-ҳавонинг кескин ўзгариши ва бунинг оқибатида электр энергияси истеъмолининг сезиларли даражада ошиб кетишини ҳисобга олган ҳолда мавсумий тадбирларни ўтказиб боришади. Шундай профилактика тадбирларини бугун «Наманган магистрал электр тармоқлари» филиали мисолида кўриб чиқдик.

 «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>