ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
НИЯТ БИТТА — ЎЗИМГА БЕК БЎЛМОҚЛИК!
  • 28.04.2020
  • 999

   Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг давлат тили бўйича маъмурий кодексга киритаётган ўзгартиришлари мавзуси кутилмаганда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди. Муҳокаманинг, мунозаранинг яхши томони шу-ки, ҳақиқат баҳсларда туғилади. Аммо мазкур лойиҳани мутлоқ бузиб талқин қилишлар, куракда турмас ҳақоратомуз гаплар, кимларнидир миллатчиликда айблаш каби разилликларга жим қараб туролмайсан, киши.

  Камина ҳам имкон борича (янаям тўғрироғи – сабрим етгунича) тошбосар мулоҳазалар билан маълум муддат танишиб чиқдим. Жўяли фикрлар, асослантирилган гаплар бор анчагина. Бироқ, мустақил тупроғимизда яхши ниятлар билан амалга оширмоқчи бўлиб турганимиз – тилимиз ислоҳоти нима учун баъзи бировларни жунбушга келтирмоқда? (Энг алам қиладигани – қарши фикр билдириб турганлар ҳам асосан ЎЗИМИЗНИКИЛАР!) Зўр бериб чиранишдан, дод солишдан мақсади нима, тушуниш қийин?!

  Модомики, бу ўринда арзандамиз — рус тилининг бир чеккага ўтиб, «бурун тортиб» қолиши хусусида куйинишлар бўлаётган бўлса, мен уларга профессор Қозоқбой Йўлдошнинг ўта рост айтилган ушбу сўзларини келтирмоқчиман: «Ўзбекистон деган юртда ўзбек тилидан бошқа бирорта тил камситилгани йўқ!»

  Ушбу мулоҳазалардан кейин кўнглимда кечиб турган бир гапни айтайми?! Биз баъзида аждодлардан қолган азалий қадрият дея эъзозлаб, чангдан олиб «пуф-пуф»лаб, кўнглимизга кўчирганимиз — ўша андиша (бугунда унинг оти қўрқоқ эмиш), юзхотирлик, хокисорлик... (буларнинг ҳам замонавий номлари бор бўлса керак) кабиларни яна тупроққа отгим келяпти негадир... Чунки айни палладаги баҳс сабабчиси ҳам улар эмасми?!

  Аниқлик билан гапирадиган бўлсам, ўша юзхотирлик, ўша андиша йўлимизга пешвоз чиқмаганида, бугундаги сингари кўпгина ислоҳотларимиз 30 йил олдин амалга ошиб улгурган бўларди. Бугун эса юртимиздаги барча миллат вакиллари билан соф ўзбек тилида юракдан гаплашиб, Афанди латифаларидаги сўз ўйинлари-ю, қочиримларни муҳокама қилиб, мароқ билан кулишиб турган бўлармидик?!.

  Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбекистон-24» телеканали сухандони, ўзбек тилини кўпчилигимиздан тузукроқ биладиган арман қизи Ареват Григорян ёки бўлмаса таниқли бошловчи ҳамда санъатшунос Манушак Петросян, телевидениеда оддий монтаж устаси бўлиб ишлаб келаётган (ўзбек тилида ҳаттоки латифалар ҳам айтиша оладиган) ҳақиқий рус йигити Сергей Стопневич бу каби битикларимизни ўқиб қолмасин, ишқилиб. Мабодо ўқиб қолгудай бўлса ҳам «бундай ножоиз гапларни бир-бирингизга отишдан муддао нима эканлигини асло тушуна олмадик» дейиши турган гап.

  Бизнинг кўркам орзуларимизга соя солмоқчи бўлган баъзи бир ватандошларимизга, ўзга миллат вакили бўлишига қарамасдан ўзбек тилимизга эҳтиром кўрсатиб, атиги 5-6 ойда пухта ўзлаштириб олган муҳожирларнинг бийрон интервьюларини махсус дискка кўчириб, қўлларига тутқазиш керак.

  Бундан анча йиллар олдин «Ўзбек кураши» деган шеър ёзган эдим. Шу шеърдаги баъзи ўринлар ҳозирги мулоҳазаларимни давом эттирадигандай туюлди.

Боболарим белларида белбоғ бўлган,

Момоларим яшаган жой гулбоғ бўлган,

Ва улардан мерос қолган бу ватаннинг –

Йигитлари — ботир, қизи — гулмоҳ бўлган.

Суянишиб ўз кучи ва орларига,

Кураш тушиб, етишгандир ёрларига,

Ҳу тоғларнинг бургутлари, сорларига –

Мардлик, Ватан дарсларини бермоқ бўлган.

Шайламаган тилларини қуруқ сўзга,

Ватанининг тупроғини суриб кўзга,

Шу элни деб, шу юртни деб, демай ўзга –

Бир-бирлари билан эт-у тирноқ бўлган.

Орияти баланд, сўзи ундан пастмас,

«Тили ботир» рақиб билан гап талашмас,

Шиори шу: «Жасурларга жанг ярашмас —

Курашларда ким кимлигин билмоқ» бўлган.

Ўзини мард санаганлар майдон келсин,

Фарқи ҳам йўқ — даъвогар ким, қайдан келсин?

Фақат дилга ҳалолликни жойлаб келсин,

Шу шарт билан майдонларга кирмоқ бўлган.

Сўзларим ҳам сал олисдан бошлангандай,

Кўриндими кўзларим ҳам ёшлангандай?

Сизга нима, бўлса агар қачон, қандай?!

Сойларнинг ҳам тақдирида ирмоқ бўлган.

Ўша ирмоқ бугун яна пишқирмоқда,

Гўдак болам бармоқларин мушт қилмоқда,

Томирларда бобоқоним жўш урмоқда,

Келаверсин «Ўзбек ким?» деб сўрмоқ бўлган.

Озодлигим қайтиб берди ўзлигимни,

Йўғон билак, ёвқур, лочин кўзлигимни,

Дунё билди бугун битта сўзлигимни,

Писиб қолди устимиздан кулмоқ бўлган.

Англаш қийин зимдан боқиб, зимдан сўраб,

«Бу сўзларни ёздинг, деманг, кимдан сўраб?»

Мағрурликни жасур Юртбошимдан сўраб,

Бир ниятим ўзимга Бек бўлмоқ бўлган.

Ғурурларга тўйинтириб юрагини,

Полвонлари ер силатмас курагини,

Кўкка боқмай, самоларнинг суратини –

Рақибининг кўзларида кўрмоқ бўлган.

Шаштим баланд, тоғ ошаман, қир ошаман,

Кимни кўрсам ўз тилимда сўрашаман,

Айтиб қўяй, мен ўзбекча курашаман,

Менга бунда аждодларим ўрнак бўлган.

Боболарим белларида белбоғ бўлган,

Момоларим яшаган жой гулбоғ бўлган.

Ўзбегимнинг мендай шоир боласининг –

Бир қўлда шеър, бир қўлида байроқ бўлган!

Ориф Тўхташев, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ бошқарув раисининг маънавият ва маърифат масалалар бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>