Аввал хабар берганимиздек, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибидаги Миллий диспетчерлик маркази мутахассислари ҳамда юқори кучланишли подстанцияларда хизмат олиб бораётган навбатчи муҳандислар ташқи муҳитдан изоляция қилинган ҳолда ўз вазифа-мажбуриятларини бажариб келмоқда. Шунингдек, соҳанинг бошқа йўналишидаги ишчи-ходимлари ҳам электр энергиясини ишлаб чиқарувчи корхоналардан тақсимлаб етказиб берувчи ҳудудий ташкилотларга етказиб беришдек масъулиятли вазифани туну кун адо этишмоқда.
Шу ўринда маънан ва жисмонан эскирган электр ускуналарини янги ва замонавий, юқори қувватлиларига алмаштириш ишлари ҳам иш режасига мувофиқ амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Режа асосида электр ускуналарини жорий таъмирга чиқариш ва унинг фойдаланиш муддатларини бирмунча узайтириш ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Мисол учун, 220/110/10 кВ кучланишли «Озодлик» подстанциясида қуввати 200 МВА бўлган Т-1 куч трансформатори шу кунларда жорий таъмирга чиқарилди. Тартибга кўра барча амалиётлар дастлаб хавфсизлик қоидаларига амал қилишдан бошланади ва навбатчи муҳандис А.Раҳимбердиев томонидан ишчи-ходимларга хавфсизлик техникаси бўйича иш жойида йўриқнома ўтилди. Сўнг Реле ҳимояси бўлими ва Изоляция гуруҳи томонидан трансформаторнинг бирламчи ва иккиламчи занжирлари текширилди ҳамда изоляцияси синовдан ўтказилди. Подстанциянинг электрчилангарлари томонидан жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда «COVID-19» (коронавирус) пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилинган карантин даврида истеъмолчиларни сифатли ва ишончли электр энергияси билан таъминлашида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти таркибидаги «Тошкент шаҳар магистрал электр тармоқлари» филиалининг ишчи-ходимлари жонкуярлик ва фидоийлик билан кеча-ю кундуз ўз хизмат вазифаларини бажармоқдалар.
Ишчи-ходимларнинг соғлигини ҳимоя қилиш мақсадида барча подстанцияларда ходимларнинг тунги навбатчилиги учун зарур шароитлар яратилди ва озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда тиббий воситалар билан тўлиқ таъминланди.
Шуниси қувонарлики, карантин билан боғлиқ ноқулай вазият юмшаб, унинг дастлабки белгилари айни кунларда кўзга ташланмоқда: юқумли касалликдан соғайган беморлар сони кўпайиб, касалликни юқтириб олган ватандошларимизнинг сони камайиб бормоқда.
Энг катта хавф — касалликнинг оммавий тарзда тарқалиб кетишининг маълум маънода олди олинди, яъни катта хавф таҳдиди ортда қолди. Энди аҳоли саломатлиги ва хавфсизлиги таъминланган ҳолда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалар ҳам ўз босқичларида тараққиёт йўлини давом эттиради. Энергетиклар эса ҳар доимгидек ўз иш ўрнида ва эл хизмати йўлида касбий фаолиятларини давом эттирмоқдалар.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati