ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ТИНИҚ ҚАЛБЛАР, ТИНИҚ МАҚСАДЛАР!
  • 21.04.2020
  • 872

  Бугун халқимиз ўзининг чўнг матонати ва бирдамлик кайфияти билан ҳар қандай офату балоларга қарши мардонавор тура олишини намоён этмоқда. Юртимиз аҳолисининг аксарияти жорий этилган карантин талабларига риоя этиб, ўз хонадонларида, қадрдон оиласи бағрида синовли дамларни сабру қаноат билан ўтказяпти.

  Ҳа, оила —– муқаддас қўрғон. У кеча, бугун ва эртанинг гўзал ришталари туташган нурли маскан. Зеро, кечаги кунимизни табаррук нуронийларимиз сиймосида кузатсак, ёрқин келажакни униб-ўсиб келаётган болажонларимизнинг гулгун чеҳраларида кўрамиз.

  Кундалик фаолиятимиз кўча-кўйга мустаҳкам боғланиб қолган эканми, кўпчилигимиз маълум муддатли карантин даврида уйда қолиш кайфиятини ҳадеганда маъқул топмадик. Аммо чуқур тушуниб етмоқ керакки, талаб барчамизга бирдай тегишли! Ва қолаверса, бу каби чеклов ва тақиқлар моҳиятан ўз соғлиғимиз, яқинларимиз саломатлиги, бир сўз билан айтганда, халқимиз омонлигидан сўзлайди. Қимматли вақтимизни қадрдон уйимизда, фарзандлар қуршовида гўзал машғулотларга бағишлаб ўтказишга нима етсин! Эртага карантиндан сўнг истасак-да тополмаймиз бундай имкону, фурсатларни. Карантиннинг ҳар бир куни оиламиз, фарзандларимизга қачонлардан буён улашолмай қолган меҳримиз ўрнини тўлдиришга имкон бераётгани билан шукуҳлидир. Зеро, биз ўзбеклар болажон халқмиз ва орзу-умидларимизни ҳам айнан фарзандлар камолига боғлаган ҳолда туямиз.

  Шахсан мен ҳам айни паллада кўпроқ фурсатимни фарзандларим билан суҳбатга, уларнинг қизиқиши ва ўй-фикрлари билан яқиндан танишишга бағишлаяпман.       Болалар ижодкори эмасманми, ҳар бирининг ўз тенгқурига айланиб тил топишиб кетдим. Азиз фарзандларим билан суҳбатларим асносида бир нарсага амин бўлдимки, тарғиботнинг кучи беқиёс экан!

  Бугун ҳамма қатори бизнинг оилада ҳам телевизорга ҳар доимгидан кўпроқ эътибор қаратяпмиз. Мақсад битта — у ҳам бўлса, бугунги дунё қиёфаси ва жонкуяр шифокорларимиз кўмагида тождор офат балосидан халос бўлаётган юртдошларимиз сафининг кенгайиб бораётганини кўриб руҳланиш!

  Тан олиб айтиш керак, давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан оқилона сиёсат юритилаётгани, кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар кўрилаётгани ҳамюртларимизга ишонч бағишлаб, метин интизом билан иш тутишга, пандемия балосига қарши жипслашиб курашишга хизмат қиляпти.

  Телеэкранимизда намойиш этилаётган ҳар бир лавҳада кун кайфияти ҳукмрон. Ўзларининг жасоратли меҳнати билан элимиз саломатлиги йўлида бор салоҳиятини намоён этаётган тиббиёт ходимларининг бугунги жонкуярлигига барчамиз бирдек таҳсин ўқиб турибмиз. Шу боис иш фаолиятимизда ҳам болажонларимизда касб-ҳунар, айниқса, бугунги вазиятдан келиб чиқиб, шифокорлик касбига бўлган қизиқиш, ҳурматни ошириш ва шу орқали уларда ватанпарварлик туйғуларини шакллантиришга катта эътибор қаратяпмиз. Президентимизнинг мазкур соҳани янада ривожлантириш, тиббиёт коллежларини жамоат саломатлиги техникумлари сифатида қайта тиклаш ҳақидаги қарори бу борада энг эзгу ишлардан бўлди. Бундан ташқари, соғайиб бораётган беморлар ҳақидаги хушхабарларнинг тез-тез эълон қилинаётгани, шифокорларнинг жасорати бот-бот тилга олиниб тургани ҳам ёшларимиз кўнглига гўзал орзуларни жойлашга улгурди.

  Ёш авлод ҳар доим ўзининг келгуси ҳаётини кўз олдига келтирар экан, даставвал мана шу элу юрт корига ярайдиган етук мутахассис бўлмоқ орзусида бирор бир касбни танлаш масаласига рўбарў келади. Бунда аввало ота-онанинг, оила муҳитининг ўрни алоҳида. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ҳам ёш авлодни касбга йўналтиришда асосий тарғибот манбаи вазифасини ўтайди, десак хато бўлмайди.

  Бугунги карантин даврида телевидение ва радио тўлқинларида, ижтимоий тармоқларда тиббиёт ходимларининг заҳматли фаолияти ва беором саъй-ҳаракатларининг ёрқин самарасидан барчамиз баҳраманд бўляпмиз. Мана шу муҳитнинг ўзи фарзандларимиз кўнглида ҳавасмандлик уйғотаётган бўлса не ажаб?

  Оиламиздан қиёс, айни кунда 13 ёшни қарши олган қизим Паризода шифокорликка меҳр қўйиб улгурди. Бир сўз билан айтганда, энди у ўзининг келажакдаги меҳнат фаолиятини оқ либосда тасаввур этмоқда. Бундан эса бизнинг бошимиз осмонда! Тиббиёт ходимлари олдида нечоғлиқ масъулиятли вазифалар турганини кўриб-билиб туриб, фарзандимизнинг шундай қарорга келишининг ўзи катта ютуқ, аслида.

  Бундан шундай хулосага келаман: бугунги ёшларимиз ибора билан айтганда «оғирнинг устидан, енгилнинг остидан» боришни мўлжал қилмайдилар. Уларнинг асл мақсадини тахминан шундай изоҳлаш мумкин: «Мени жаҳондаги ҳеч бир тенгдошимдан кам қилмай ўстираётган, таълим бераётган ва албатта ўз ғамхўрлигига олган Давлатим олдида бир умрга қаздорман! Ҳавас ила меҳрим тушган касбнинг моҳир устаси бўлиб, элимиз корига ҳар доим шай турган ҳолда садоқат билан хизмат қиламан!»

  Бу каби мақсадлар албатта рўёбга чиқади! Зеро, ёш юракнинг ўз олдига қўйган талаблари залворли бўлганидек, унга қараб интилиш ҳам шиддатли.

  Бир сўз билан айтганда, бугунги синовли кунлар ҳар биримиздан ўз тафтишимизни талаб қиляпти. Ҳа, чиндан ҳам, ўз виждонинг олдида сўроққа тутилиш лаҳзалари бу! Сукунат қаърига чуқурроқ кириб, ўзимиз ҳақимизда ўзимиз фикр юритиб кўрайлик-чи?! Ногаҳонда қулоқларимиз остида мана шундай «овозлар» жаранглайди гўё: «Сен кимсан, ўзи? Ўзлигингни топганмисан? Бугунингдан қониқасанми? Эл-юртга бирор фойданг тегдими?»...

  Бу каби саволларга барчамиз ҳам дадил туриб жавоб беролмасак керак. Аммо Инсон бўлиб яралдикми, инсониятга нафимиз тегиши шарт аслида! Мана шу тупроққа киндик қонимиз тўкилганми, демак у ҳаммамиз учун азиз! Ушбу Юрт ҳимоясидамизми, демак биз ҳам унинг ҳимоячилариданмиз!

  Мана, аксариятимиз ўз уйимизда карантин қоидаларига амал қилиб ўтирган бир пайтда кечани кеча, кундузни кундуз демай қанчадан-қанча соҳа вакиллари ўз оромидан кечиб, хизмат вазифаларини сидқидилдан адо этмоқда. Миллий гвардия, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш тизими мутасаддилари, Энергетика, таълим йўналишлари, халқимиз мурожаатлари билан шуғулланаётган фидойи ватандошларимиз...

  Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Мен яқинда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тизимида фаолият бошладим ва соҳанинг нечоғлиқ муҳим йўналишлардан бири эканига амин бўлдим. Турмуш даражамиз юксалиб бораётгани сари юртимиз аҳолиси томонидан электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг ошиб бораётгани барчамизга маълум. Ва қолаверса, барча соҳанинг такомилида ҳам, ишларнинг бир маромда давом этиб туриши учун ҳам электр энергиясига бўлган талабнинг ўзи юқоридаги фикр-мулоҳазамизни исбот этади.

  Бугунги синовли дамларни кун давомида уйда ўтказишга тўғри келиб турган бир пайтда хонадонимизда электр токининг бир зум узилишини ҳеч биримиз маъқул вазият ўрнида қабул қилмаймиз. Уйларни қўя туринг, айни паллаларда шифохонада муолажа олаётган, бевосита электр қуввати билан ишлайдиган қурилмаларга таянган беморлар аҳволини бир кўз олдингизга келтириб кўринг!..

  Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳар бир соҳа инсон омили учун озми-кўпми хизмат этади. Бироқ биз мана шу сингари жабҳаларда жонбозлик қилиб келаётган барча ватандошларимиз олдида қарздормиз! Бу қарздорлик ҳисси меҳрга, иззат-ҳурматга айланмоғи ва ҳар бир яратилган шарт-шароитни қадрлаб, исрофнинг олдини олишимиз керак бўлади...

  Ушбу мулоҳазаларимни қоғозга туширар эканман, бўлажак шифокор қизим хонамга янги хушхабар билан кириб келди:

– Дадажон, табриклайман, соғайганлар сони яна 10 нафарга ошибди!

– Раҳмат, жон қизим! Аввало хушхабар сенга муборак бўлсин! Ахир бу ютуқлар эртага сен фаолият юритадиган соҳанинг зафари! Ҳамкасбларингга мен ҳам ҳавас қиляпман, қизим! Илоҳим, ҳеч ким касал бўлмасин, беморлар дардига дармон бўлаётганларни Яратганнинг ўзи ярлақасин!..

Қизимни тиббиётимизнинг порлоқ эртасига руҳлантирар эканман, шифокорларга бўлган тилакларим жўшиб, бу ёғини назмий давом эттиришни лозим топдим.

Эл бошига иш тушганда сафарбарсиз,

Меҳнатингиз асли захмат, шифокорлар.

Сиз бор, дея халқнинг кўнгли хатарларсиз,

Борингизга шукур, раҳмат шифокорлар!

Ишингизда бўлсин мадад СИНОлардан,

«Томиримда буюк табиб қони бор», денг.

Аччиқ гаплар айтсак, ўзни тутиб бардам —

«Касбимизнинг бироз қаттиқ нони бор», денг.

Бундай пайтда борлигингиз — буюк далда,

Оғир кунда ўрни қаттиқ сезилганлар.

Митти болам тили билан сўзлаганда:

«Уловининг отлари терс ёзилганлар».

       Либосингиз ранги — кўнгил оқлигидан,

Мақсадингиз поклигидан далолатдир.

Гиппократнинг қасамини қўятуринг,

Мусулмонмиз, динимиз ҳам адолатдир.

Борингизга шукур, раҳмат шифокорлар!

Бу юраксўз! Сиз юракка яқиндирсиз.

Қаҳрамонсиз, шундай яшар фидокорлар,

Элга нажот, Сиз — Луқмони ҳакимдирсиз!

Билимингиз олдида дард — ўзи хаста,

Тажрибангиз товонида талқон бўлғай.

Юрт соғлиғи йўлида Сиз камарбаста,

Эл дуоси Сизлар учун қалқон бўлғай!

  Фарзандимнинг шифокорларга бўлган тилакларидан жўшиб, тиббиёт ходимларига аталган назмий сатрларим аслида улар билан бир сафда хизмат қилаётган барча соҳа вакилларига аталган. Халқимиз кўринмас ёвни уйда ўтириб енгаётган бир пайтда туну кун эл хизматида бўлаётган барча юртдошларимизга энергетиклар номидан ташаккур изҳор этамиз.

  Ишонамизки, карантин муддатлари қисқариб, тез кунларда яна кундалик ҳаёт тарзимизга, тараққиёт ва фаровонлик сари бошлаётган йўлимизга ўзгача куч-ғайрат билан қайтамиз. Янада ҳамжиҳатликда, янада жипсроқ, синов сабридан тобланган меҳр билан...

Ориф Тўхташев,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг маънавият ва маърифат ишлари бўйича маслаҳатчиси, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

>