Янгиликлар
Энергетика вазирлигида Осиё тараққиёт банки делегацияси билан учрашув ўтказилди
  • 07.11.2022
  • 224

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигида Осиё тараққиёт банки вице-президенти Шиксен Чен бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди.

Унда таъкидланганидек, Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда Ўзбекистон энергетика тармоғини ривожлантириш борасида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

ОТБ узоқ муддатли стратегик ҳамкор бўлиб, у нафақат электр энергетика соҳасини ривожлантиришни молиялаштириш, балки Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда иштирок этади.

 

 

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан энергетика соҳасини бозор тамойиллари асосида ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Бу борада банк кўмагида Ўзбекистонда давлат-хусусий шерикликнинг ҳамкорликдаги дастури тасдиқланди. Бунда, биринчи навбатда “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Сурхондарё вилоятида 457 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича тендер ўтказилди. Унда 80 дан ортиқ нуфузли халқаро компания иштирок этиш истагини билдирди. Бу эса, ўз навбатида хорижий инвесторларнинг Ўзбекистонда қуёш энергетикаси лойиҳаларини ривожлантиришга қизиқиши юқори эканлигини кўрсатади.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 300 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станцияси ва энергия сақловчи тизимлар ўрнатиш бўйича тендер танловлари ўтказилмоқда.

 

Бундан ташқари, банк билан ҳамкорликда Фарғона вилоятида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясини қуриш бўйича мураккаб таҳлиллар олиб борилмоқда.

Шу билан бир қаторда Талимаржон иссиқлик электр станциясини умумий қуввати 900 МВтдан кам бўлмаган навбатдаги 2 та буғ-газ қурилмасини ўрнатиш билан кенгайтириш, шунингдек, 220 кВ электр узатиш тармоқлари ва Сирдарё ИЭС ҳамда Зафаробод подстанциясини боғловчи 220 кВли электр узатиш тармоқларини қуриш лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Ташриф давомида делегация аъзолари Самарқанд ва Навоий вилоятларидаги лойиҳалар билан яқиндан танишишлари кўзда тутилган.


Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2248

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>