ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
УЙДА ҚОЛИНГ: БАДИИЯТ БАДГА УРМАЙДИ!
  • 25.03.2020
  • 948

«Маслаҳатчи маслаҳати» рукнида

  Назаримда, кўпчиликка таниш бўлган бир гапни сал бошқача қилиб, мана бу тарзда айтиш мумкин: «Сен менга қандай китоблар ўқишингни айт, мен сенга кимлигингни айтиб бераман».

  Дарвоқе, бугунги кун барчамизни катта синовдан ўтказмоқда. Аксарият ҳолларда кўча-кўй ва даврадан давраларга сарф этиб келган вақтимизни бугун қадрдон оиламиз бағрида ўтказишни маъқул кўряпмиз...

  Хўш, бундай паллада асосий вақтимизни нимага сарфлаган маъқул?

  Телевизор кўришнинг ҳам, радио эшитишнинг ҳам, кинодисклар томоша қилишнинг ҳам меъёри бор, албатта. «Бисёр бўлса агар бол ҳам беқадр...» дейди устоз шоир Эркин Воҳидов.

  Шу ўринда сизни асло зериктирмайдиган, жонингизга тегмайдиган бир усулни тавсия этишим мумкин: у ҳам бўлса КИТОБ!

  Аллома ижодкор, адабиётшунос олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов 1999 йилнинг баҳорий кунларида «Ҳуррият» газетасининг анкета саволларига қуйидагича жавоб берган эканлар. Юксак маҳорат ўлчовларида туриб, тартиб берилган мазкур рўйхатни Сиз азизларга ҳам тавсия этгим келди. Зеро, айни дамларда Сиз оила аъзоларингиз бағридасиз, азиз фарзандларингиз қуршовидасиз.

  Бугун нафақат биз, балки дунё аҳолиси саросимада. «Тождор вирус» балоси инсонларни ўз уйига қамади. Лекин бу ҳолатдан ваҳима ясамоқ ножоиз. Ҳаётнинг бизга берилган бир синовидир эҳтимол... Бундай паллада китоб сизга энг яқин дўст ва олийжаноб ҳамроҳ бўлиши шубҳасиз.

  Бу рўйхатдан ўзингиз ва фарзандларингиз учун энг муносиб дунёвий ҳамда миллий асарларни топасиз. Ва шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ушбу китоблар учун ажратган вақтингизга асло ачинмайсиз. Аксинча, адабиёт оламининг нақшинкор дарвозаларидан тушиб турган нур-зиё Сизнинг қалбингизга ҳам чексиз қувонч ва тасаввур бахш айласа, не ажаб?!

ХХ асрнинг энг яхши асарлари:

  Адабиётшунос олим, профессор Озод Шарафиддинов (1929-2005) тавсияси:

  ХХ аср жаҳон адабиётининг 10 номдаги энг яхши асари деб қайси асарларни санаб ўтсангиз...

1. Мухтор Авезов. «Абай» (роман), «Абай йўли» (роман).

2. Жон Голсуорси. «Форсайтлар ҳақида қисса» (туркум романлар).

3. Максим Горький. «Клим Самгиннинг ҳаёти» (роман).

4. Теодор Драйзер. «Америка фожиаси» (роман).

5. Томас Манн. «Иосиф ва унинг акалари» (роман).

6. Рабиндранат Тагор. «Ҳалокат» (роман).

7. Александр Твардовский. «Василий Тёркин» (достон).

8. Эрнест Хемингуэй. «Алвидо, қурол» (роман).

9. Михаил Шолохов. «Тинч Дон» (роман).

10. Габриэл Гарсиа Маркес. «Бузрукнинг кузи» (роман).

Яна ХХ асрда яратилган энг яхши асарлар сирасига Александр Соженициннинг «ГУЛАГ архипелаги» асарини, Азиз Несиннинг ҳажвий ҳикояларини, Чингиз Айтматовнинг «Асрга татигулик кун» романини ҳам киритиш мумкин.

  ХХ аср ўзбек адабиётидаги энг яхши 10 та асарни тилга олинг.

1. Абдулла Қодирий. «Ўткан кунлар» (роман).

2. Чўлпон. «Кеча ва кундуз» (роман).

3. Абдулла Қаҳҳор. «Сароб» (роман).

4. Ойбек. «Навоий» (роман).

5. Одил Ёқубов. «Улуғбек хазинаси» (роман).

6. Пиримқул Қодиров. «Юлдузли тунлар» (роман).

7. Тоғай Мурод. «Отамдан қолган далалар» (роман).

8. Ўткир Ҳошимов. «Дунёнинг ишлари» (роман).

9. Абдулла Орипов шеърлари.

10. Эркин Воҳидов шеърлари.

Азиз юртдошлар, юқорида номлари қайд этилган ва мазкур рўйхатга кирмасада ҳайратмонанд бадиий асарларни мутолаа қилиш Сизга нафақат маънавий озуқа, балки битмас-туганмас сўз бойлиги, ажойиб ташбеҳу ғаройиб ўхшатмалар, тарихий воқеа-ҳодисалар ҳақида қизиқарли маълумотлар, шу билан бирга, одоб-ахлоқ сабоқлари ва албатта яхши кайфият бағишлайди. Зеро, адиб Ойбек айтганидек, «Китоб — тафаккуримиз қанотидир».

  Ориф Тўхташев, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг маънавият ва маърифат масалалари бўйича маслаҳатчиси

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>