2022 йил 3 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жаҳон банки иштирокида «Электр энергетика секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш» лойиҳасини амалга ошириш ҳамда республика магистрал электр тармоқлари тизимини ривожлантириш ва унинг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–113-сонли қарори эълон қилинди.
✅ Қарорга кўра, Республика магистрал электр тармоқлари тизимини ривожлантириш, унинг ишончлилиги ва хавфсизлигини ошириш, тизимли аварияларнинг олдини олиш, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида –
1️⃣ Биринчи навбатда қуйидагилар амалга оширилади:
а) Жаҳон банкининг директорлар кенгаши томонидан 2021 йил 25 июнда «Электр энергетика секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш» лойиҳасининг қуйидаги компонентлари (кейинги ўринларда — Жаҳон банки лойиҳалари): «Диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплексини (SCADA) жорий қилиш»;
✔️ «Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш (II фаза)»;
✔️ «Янги 500 кВ кучланишли «Ҳалқа» подстанцияси ва 220, 500 кВ кучланишли ҳаво электр узатиш тармоқларини қуриш»;
✔️ «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ ресурсларини бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимини (ERP) жорий этиш» инвестиция лойиҳаларини Халқаро тараққиёт уюшмасининг 330 млн АҚШ долларига тенг имтиёзли ва 50 млн АҚШ долларига тенг имтиёзсиз кредитлари, Яшил иқлим жaмғapмacининг 43 млн АҚШ долларига тенг имтиёзли кредити ва 4 млн АҚШ долларига тенг грант маблағлари ҳисобига молиялаштиришга келишилганлиги;
б) «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ (кейинги ўринларда — ЎзМЭТ) ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида 2021 йил 6 октябрда «130 км узунликдаги 500 кВли Саримой (Хоразм вилояти) – Жонкелди (Бухоро вилояти) юқори кучланишли электр узатиш тармоғини қуриш» инвестиция лойиҳасини молиялаштириш учун давлат кафолатисиз корпоратив кредит ажратилиши бўйича мандат хати имзоланганлиги маълумот учун қабул қилиниши белгиланди.
2️⃣ Иккинчи навбатда: Ягона энергетика тизимининг мустаҳкам ва барқарор ишлашини таъминлаш, оператив-диспетчерлик бошқаруви жараёнларида инсон омили билан бoғлиқ хавф-хатарларни қисқартириш ва тизимли аварияларнинг олдини олиш ҳамда электр энергиясининг технологик сарфини камайтириш оркали уни транспортировка қилиш сарф-харажатларини қисқартириш мақсадида амалга оширилаётган:
✔️ “Диспетчерлик бошқаруви ва маълумотларни йиғиш дастурий-аппарат комплексини (SCADA) жорий қилиш” инвестиция лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ;
✔️ “Жаҳон банки иштирокида магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизация ва реконструкция қилиш (II фаза)” инвестиция лойиҳасининг асосий техник-иқтисодий кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқланиши белгиланди.
Бунда қуйидагилар:
• ягона электр энергетикаси тизимини, шу жумладан электр тармоқлари бўйича электр энергияси оқимини тезкор бошқаришнинг замонавий, автоматлаштирилган тизими жорий этилиши ҳисобига энергетика тизими узлуксиз ва барқарор ишлаши таъминланиши;
• 22 та подстанцияда жисмонан ва маънан эскирган электр ускуналар ва жиҳозларни янгисига алмаштириш, шу жумладан, 10 та подстанцияда 20 та жамланма янги куч трансформаторлари ва автотрансформаторларни ўрнатиш орқали подстанциялар қувватининг 912,7 МВАга оширилиши;
• ускуналарни мукаммал таъмирлаш харажатларини ва трансформаторлар ўз эҳтиёжи учун сарфланадиган электр энергияси ҳажмини ўртача йиллик 14,2 млн АҚШ долларига тенг миқдорда камайтиришга эришилиши маълумот учун қабул қилиниши белгиланган.
3️⃣ Учинчи навбатда: Молия вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ва ЎзМЭТ билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар «Электр энергетика секторини трансформация қилиш ва барқарор электр узатиш» лойиҳасини молиялаштириш бўйича Жаҳон банки билан қарз битими имзоланишини таъминланади.
4️⃣ Тўртинчи навбатда: Молия вазирига халқаро молия институтларининг кредитларидан фойдаланиш ва ўз вақтида қайтариш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва ЎзМЭТ ўртасида қайта кредитлаш тўғрисидаги битимларни Ўзбекистон Республикаси номидан белгиланган тартибда имзолаш ваколати берилади.
5️⃣ Бешинчи навбатда: Халқаро молия институтларининг 3-иловада келтирилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида жалб қилинган кредитлари бўйича иқтисод қилинадиган маблағларни, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ва кредиторлар билан келишилган ҳолда, ЎзМЭТнинг бошқа инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун йўналтиришга рухсат берилади.
6️⃣ Олтинчи навбатда: Энергетика вазирлиги бир ҳафта муддатда ЎзМЭТ томонидан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади.
7️⃣ Еттинчи навбатда: Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси лойиҳа ҳужжатларининг белгиланган тартибда давлат экология экспертизасидан ўтказилишини ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаши белгиланди.
8️⃣ Саккизинчи навбатда: Энергетика вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат активларини бошқариш агентлигининг 4-иловада кўрсатилган «Иссиқлик электр станциялари» АЖ таркибидаги корхоналар ва «Ўзбекгидроэнерго» АЖ тасарруфида бўлган 110–500 кВ кучланишли тақсимловчи қурилмаларни ЎзМЭТ тасарруфига баланс (қолдиқ) қиймати бўйича штат бирликлари билан бирга ўтказиш тўғрисидаги таклифга розилик берилди.
✔️ Бунда, мазкур бандга мувофиқ хўжалик жамиятларининг бир ташкилотдан бошқа бир ташкилотга ўтказилаётган мулки ва мулкий ҳуқуқлари солиққа тортишнинг барча турлари бўйича солиқ солиш объекти ҳисобланмаслиги белгилаб берилди.
✔️ Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда ушбу таклифларни амалга ошириш бўйича «йул харитаси»ни тасдиқлаши белгиланди.
9️⃣ Тўққизинчи навбатда: Қарор билан қуйидагиларга:
✔️ Энергетика вазирига — лойиҳа бўйича қурилиш-пудрат ишлари тизимли назорат қилинишини таъминлаш, шунингдек, лойиҳа доирасида бажарилган ишларни доимий таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш;
✔️ “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раиси Д.А. Исақуловга — лойиҳа ҳужжатлари пухта ишлаб чиқилиши, қурилиш ишлари ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилди.
10 Ўнинчи навбатда: Мазкур қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосари Ж.Қўчқоров зиммасига юклатилди.
Шунингдек, мазкур қарор билан белгилаб берилдики,
✅ Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан ҳар чорак якунида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб борилади.
⇒ Батафсил: (Иловалар /pdf — https://lex.uz/uz/pdfs/5849837
⇒ На русском (pdf): https://lex.uz/uz/pdfs/5849839
⇒ Эслатиб ўтамиз, ПҚ–113-сонли Қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил 3 февраль санасида имзоланган.
‖ Веб-саҳифа ‖ Telegram ‖ Facebook ‖ Instagram ‖ Twitter ‖ Utube ‖ Youtube‖
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати