Янгиликлар
Энергетика вазири тизимда амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш юзасидан танқидий йиғилиш ўтказди
  • 10.10.2022
  • 311

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов тизим ташкилотлари ва ёқилғи-энергетика соҳасида фаолият юритаётган акциядорлик жамиятларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича олиб борилаётган ишларнинг ҳолати, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалалари юзасидан танқидий йиғилиш ўтказди.

Бунда, биринчи навбатда соҳа объектларини 2022/2023 йиллар куз-қиш даврига тўлиқ тайёрлаш, истеъмолчиларни энергия ресусрлари билан барқарор таъминлаш ишларининг бугунги кундаги ҳолати муҳокама қилинди. Йиғилишда биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш зарурлиги таъкидланди. Хусусан:

➖ Энергия ресурслари таъминотини назорат қилувчи доимий Штаб фаолиятини йўлга қўйиш;

➖ Энергетика вазирлиги диспетчерлик маркази томонидан тизим корхоналари диспетчерлик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни йўлга қўйиш;

➖ Мавсумда энергия ресрусларини биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига етказиб бериш. Бунда қиш мавсумида табиий газ етказиб берилиши кафолатланмаган истеъмолчиларни тармоқдан ажратиш (иссиқхона, ғишт завод, охак цехи, умумий овқатланиш жойлари ва бошқ.);

➖ Кўча чироқларини тўлиқ қуёш панеллари орқали ёритилишини таъминлаш бўйича норматив ҳужжат тайёрлаш, бунда янги массивлар қурилишида алоҳида эътибор бериш;

➖ Тармоқда носозлик сабаб кузатилган ёки кузатилиши мумкин бўлган узилишлар тўғрисида ҳамда уларни бартараф этилиши бўйича аҳолини огоҳлантириш;

➖ Ижтимоий соҳа объектлари (мактаб, мактабгача таълим ташкилотлари, шифохоналар ва ҳ.к.)нинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини қайта назоратдан ўтказиш;

➖ Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш тадбирларини кучайтириш;

➖ Корхоналарни молиялаштириш ишларини яхшилаш ва соҳага инвестиция киритиш ишларини жадаллаштириш;

➖ Энергия тежамкорлик бўйича барча тизимларда ишларни олиб бориш.

Йиғилишда нефт-газ корхоналари томонидан қазиб чиқариш кўрсаткичларининг пасайтириб юборилганлиги қаттиқ танқид қилинди ҳамда “Ўзбекнефтгаз” АЖга режадаги кўрсатгичларни йил охирига қадар тўлиқ бажариш ва чоралар кўриш бўйича топшириқлар берилди.

Табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланаётган истеъмолчиларни аниқлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани, шу билан бирга айрим ходимларнинг бу ҳолатларга йўл қўйиб бераётгани танқид остига олинди. Бу эса, ўз навбатида халқ мулки бўлган табиий бойликларни аҳоли хонадонларига етказиб берилишида ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётганлиги алоҳида таъкидланди.

 

 

 

Шу боис, “Ўзнефтгазинспекция”, “Ўзэнергоинспекция”, “Ўзтрансгаз”, “Ҳудудгазтаъминот”, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖлари раҳбарларига электр энергия ва газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш ва уларни зудлик билан тармоқдан ажратиб, расмийлаштирилган ҳужжатларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш кўрсатмаси берилди.

Танқидий руҳда ўтган йиғилишда яна бир оғриқли масалага алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, аҳоли хонадонларида ҳар йили ис газидан заҳарланиш ҳолатлари учраётгани ва айрим ҳолларда инсонларнинг вафот этиши кечириб бўлмас ҳолат эканлиги таъкидланди.

Шу мақсадда, “Ҳудудгазтаъминот” АЖга табиий ва суюлтирилган газ етказиб беришда истеъмолчиларга хавфсизлик қоидаларини, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларининг таъсирчанлигини ошириш, ижтимоий тармоқларда тарғибот ишларини кучайтириш лозимлиги бўйича алоҳида топшириқ берилди.

Республиканинг олис ҳудудларида совуқ кунлари газ босимининг пасайиб кетиш ҳоллари кузатилганлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун алоҳида чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш топшириғи берилди.

Куз-қиш даврини беталафот ўтказиш мақсадида ҳудудий газ таъминоти корхоналарида 244 та, электр тармоқлари корхоналарида 439 та аварияга қарши бригада ташкил этилиши ва уларни носозликларни тиклаш захиралари билан таъминлаш ишларини жорий йилнинг 10 октябригача тўлиқ якунлаш белгилаб берилди.

Йиғилишда куз-қиш даврида истеъмолчиларга жами 30,6 млрд куб метр табиий газ етказиб берилиши юзасидан топшириқ берилди. Шундан 10,4 млрд куб метр ҳажмда аҳоли истеъмолчиларига ва 20,2 млрд куб метри – иқтисодиёт тармоқларига етказилади.

Суюлтирилган газ таъминоти тизимидаги 85 та газ тўлдириш пункти ҳамда 1058 та газ ташувчи ва тарқатувчи автотранспорт воситасининг доимий техник соз ҳолатда бўлишини таъминлаш лозимлиги таъкидланди.

Шу билан бирга аҳоли истеъмолчиларининг эҳтиёжидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар 12,7 минг дона қўшимча маиший газ баллони етказиб бериш лозимлиги белгиланди.

 

Шунингдек, олис ва бориш қийин бўлган қишлоқ (овул)ларда кўмир, суюлтирилган газ захирасини яратишда 447 та маҳалла (овул) фуқаролар йиғинидаги 168 мингдан зиёд хонадонга 10 693 тонна суюлтирилган газ етказиб берилишини таъминлаш чоралари кўрилади.

Қиш мавсумида ижтимоий тармоқларда кўмир таъминоти бўйича аҳолининг норозилиги учраб туриши, айниқса етказиб берилаётган кўмирнинг сифат даражаси пастлиги танқид қилинди. Шу мақсадда кўмир маҳсулотининг сифатига алоҳида эътибор бериш лозимлиги, истеъмолчиларга маҳсулотни сақлаш қоидалари ва фойдаланиш юзасидан кўрилиши керак бўлган чораларни тушунтириш лозимлиги таъкидланди.

2022 йил январь-сентябрь ойларида кўмир саноати корхоналари томонидан 3 млн 882 минг тонна (99%) кўмир маҳсулотлари қазиб чиқарилиб, 14 млн 329 минг куб метр (53%) кон устини очиш ишлари бажарилган холос. Ушбу ишларни жадаллаштириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

15 сентябрдан бошлаб бугунги кунгача аҳоли истеъмолчиларига 144 минг тонна (16%) кўмир маҳсулоти етказиб берилган. Йил якунига қадар 882 минг тонна кўмир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича кўрсатмалар берилди.

 

 
 

Қайд этилдики, электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш, электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини таъмирлашда амалга оширилган ишларга қарамай, таъминотда узилишлар кузатилаётгани, бунинг натижасида истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозлари юзага келмоқда.

Шу боис, истеъмолчиларга электр энергиясини барқарор етказиб бериш мақсадида жорий йил якунига қадар 11 та магистрал подстансия модернизация қилиниб, уларнинг қувватини 1 616 МВАга, янги ишлаб чиқариш қувватларини эса 1 515 МВтга ошириш бўйича ишларни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.

Куз-қиш даврида республика истеъмолчиларига жами 34 млрд 918 млн киловатт-соат (ўтган куз-қиш мавсумига нисбатан 2 млрд 540 млн киловатт-соатга кўп) электр энергияси етказиб берилиши юзасидан топшириқ берилди. Мавсум давомида аҳолига 10 млрд 938 млн киловатт-соат электр энергияси етказиб берилади.

Йиғилишда масъул раҳбарларга бундан кейин ижро интизомини мустаҳкамлаш ва ҳужжатлар ижроси назоратига жиддий эътибор қаратиш, бу борада, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган ҳужжатлардаги топшириқларнинг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши учун шахсий жавобгарлик юкланди.

Кун тартибидаги барча масалалар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари эшитилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

 

Maнбa: https://minenergy.uz/uz/news/view/2176

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>