Янгиликлар
ТАНИҚЛИ ИЖОДКОР ВА ЖУРНАЛИСТ ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДА МАСЛАҲАТЧИ ЛАВОЗИМИДА ИШ БОШЛАДИ
  • 09.03.2020
  • 2245

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги 34-сонли қарорида давлат бошқарув органлари, хўжалик бирлашмалари раҳбарлари давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш, иш юритишни давлат тилида ташкил этишга шахсан масъул эканликлари белгилаб берилган.

     Ушбу Қарор ижросини таъминлаш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича иш юритадиган маслаҳатчиси лавозими  ташкил этилди. Ушбу янги иш ўрнига бир нечта мутахассислар — журналист-филологлар номзоди кўриб чиқилиб, Акциядорлик жамияти бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлари бўйича маслаҳатчиси лавозимига Тўхташев Ориф Абдумажидович номзоди маъқулланди.

  - «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунининг 7-моддасида шундай жумлалар келтирилган: «Давлат тили расмий амал қиладиган доираларда ўзбек адабий тилининг амалдаги илмий қоидалари ва нормаларига риоя этилади. Давлат ўзбек тилининг бойитилиши ва такомиллаштирилишини таъминлайди, шу жумладан унга ҳамма эътироф қилган илмий-техникавий ва ижтимоий-сиёсий атамаларни жорий этиш ҳисобига таъминлайди».

     Тўхташев Ориф Абдумажидович адабиёт оламида Ориф Тўхташ тахаллуси орқали маълум ва машҳур. У 1976 йилда Самарқанд вилояти, Иштихон туманида туғилган. Болалик чоғлариданоқ бадиий ижод билан шуғулланиб келади. 1987 йилда Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов 5-синф ўқувчиси бўлган Орифжонга болалар газетаси орқали «Болакай шоир» номи билан «оқ йўл» тилаган эди. 1988 йилда Дўрмонда ўтказилган ижодкорларнинг V семинарида энг ёш иштирокчи сифатида қатнашиб, шеърлари муносиб баҳоланган.

     Шундан сўнг Ориф Тўхташнинг шеърлари республика матбуотида тез-тез кўрина бошлади. Ўзбекистон телевидениеси ва радиосининг «Болалар» студиялари томонидан унинг ижоди билан кенг таништирувчи кўрсатув ва эшиттиришлар эфирга узатилди.

     Кейинчалик Ўзбекистон Халқ шоири Ойдин Ҳожиева, таниқли болалар шоири Турсунбой Адашбоев ҳам унинг ижодига «оқ йўл» тилашди.

     Бугунги кунга қадар Ориф Тўхташнинг ижод жамланмасидан: «Ҳар доим бўлсин қуёш» (Тошкент, 1988 йил), «Бойчечак» (Тошкент, 1989 йил), «Довон ошган авлодлар» (Тошкент, 1990 йил), «Олтин беланчак» (Тошкент, 2001 йил), «Зарбанд: кеча ва бугун» (Самарқанд, 2002 йил), «Ватаним деб сени, уйғондим» (Тошкент, 2003 йил), «Ёшлар китоби» (Тошкент, 2008 йил), «Бир қишлоқ болалари» (Тошкент, 2009), «Миёнқол гурунги» (Тошкент, 2010), «Юртни севмоқ саодати» — Самарқанд баёзи (Тошкент, 2011), «Ифтихоримсан, Ватан» (Тошкент, 2012), «Ёди ҳамиша ёдда» (2017 йил), «Халқ ичига борайлик» (2018 йил) каби шеърий баёзлари ўрин олган.

  -   «Давлат тили ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунининг 24-моддасида шундай жумлалар келтирилган: «Ўзбекистон Республикасида давлат тилига ёки бошқа тилларга менсимай ёки хусумат билан қараш тақиқланади. Фуқароларнинг ўзаро муомала, тарбия ва таълим олиш тилини эркин танлаш ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўладилар».

     «Ғунчалар табассуми» (1991 йил), «Қуёш йўли» (1995 йил), «Кўнгилга ташриф» (1998 йил) «Ватан атри» (2012 йил) ҳамда «Ажабтовур арзномалар» (2018 йил) деб номланган алоҳида шеърий тўпламлари чоп қилинган. Бундан ташқари, унинг болаларга бағишлаб ёзган қувноқ шеърлари 2006 йилда қайта нашр қилинган II томлик «Ўзбек болалар адабиёти антологияси»га киритилган. Шунингдек, унинг бир туркум шеърлари 2013 йилда тартиб берилган «Озод Ватан саодати» (Тошкент, 2013) 5 жилдлик Истиқлол даври антологиясидан ўрин олган.

     Ориф Тўхташ 1997 йилда Мирзо Улуғбек номидаги жамғарма мукофотининг совриндори бўлган. 2004 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, 2018 йил октябридан уюшма қошидаги «Ўзбек болалар ва ўсмирлар адабиёти» Кенгашига раис этиб сайланган.

     Ўзининг шеърий асарлари, мақолалари, шунингдек, шахсий фикр-мулоҳазалари билан республикамизнинг барча газета-журналлари ҳамда телевидение ва радио эфирларида мунтазам иштирок этиб келади.

     Ориф Тўхташев 1993–1998 йиллар давомида Самарқанд давлат университетида журналистика ихтисослиги бўйича таҳсил олган. 1998 йилда Ўзбекистон Ахборот агентлигининг нашри — «Республика» газетасида иш бошлаб, кейинги йилларда «Тасвирий ойна» ижодий уюшмасида референт ва турли газеталарда жамоатчи мухбир сифатида фаолият кўрсатиб келди.

     Таниқли журналист ва шоир 2001 йилдан бугунги кунга қадар Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимларида меҳнат фаолияти билан машғул бўлган. Ўтган давр мобайнида «Тўртинчи ҳокимият», «Ёзувчи ва замон», «Ёнимиздаги одам», «Адабий жараён», «Уйга қайтиб...» ҳамда «Тундаликлар» номи остида муаллифлик кўрсатувлари тайёрлаган.

     Бугунги кунда болаларнинг севимли шоири сифатида танилган Ориф Тўхташ қаламига мансуб бир қатор шеърлар бошланғич синф дарсликларидан муносиб ўрин олган. Шунингдек, кўплаб шеърлари азиз болажонларнинг севимли қўшиқларига айланган. Шоир шеърлари асосида мультфильмлар суратга олинган.

     Айни дамда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси лавозимида иш фаолиятини бошлаган Тўхташев Ориф Абдумажидовичга энергетика соҳасида ҳам улкан зафарлар тилаймиз.

     Ўйлаймизки, бошқарув раисининг маънавий-маърифий ишлар бўйича маслаҳатчиси нафақат давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш, иш юритишни давлат тилида ташкил этиш, энергетика соҳасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади, балки соҳага оид янги, замонавий теле-радиолойиҳалар яратиш, Ўзбекистон истеъмол бозорида электр энергия истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, истеъмол маданияти, энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги масалаларига бағишланган сценарийлар, ҳужжатли фильмлар, болаларга аталган турли мультфилмлар яратишга ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшади.

 

Улуғбек Урунов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>