2020 йил 21 февраль куни «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизмати томонидан «Туркменэнерго» давлат электр энергетика корпорациясига тегишли «Мари иссиқлик станцияси» ва «Сердар» подстанциялари оралиғидаги 500 кВли Л-511 ҳаво тармоғи фавқулотда ўчиши оқибатида импорт қуввати 780 МВтдан 60 МВтгача камайгани, орадан бир неча соат ўтгач, турманистонлик энергетиклар томонидан носозлик бартараф этиши оқибатида импорт амалиёти тўлиқ тиклангани ҳақида расмий хабар берилган эди.
Ушбу маълумот миллионлаб ўзбекистонлик истеъмолчилар учун муҳим хабар бўлгани важида уни маҳаллий етакчи электрон нашрлар: uza.uz, qalampir.uz, daryo.uz ва бошқа сайтлар расмий хабардаги маълумотларни деярли ўзгартирмаган ҳолда (!) жамоатчилик эътиборига маълум қилди. Ҳатто иккита хорижий нашрлар ҳам бу ҳақда хабарлар эълон қилишди. Биз бунинг учун юқорида санаб ўтилган ОАВ вакилларига миннатдорлик билдирамиз. Бироқ...
Бироқ айрим маҳаллий, уларга таяниб (тахминимча) айрим хорижий электрон нашрлар «Туркменэнерго» корпорациясига тегишли иссиқлик станцияси ва подстанция оралиғидаги 500 кВли Л-511 ҳаво тармоғи фавқулотда ЎЧИШИГА САБАБ ЁНҒИН ЭКАНЛИГИ ҲАҚИДА ёзиб, уни ваҳималироқ тусда сарлавҳага ҳам чиқаришган...
Шу ўринда савол туғилади: қанақа ёнғин?!
Адиб Ғафур Ғулом таъбири билан айтганда «Нималар ёнди?».
Умуман, бу маълумот қаердан олинди? Таажжубки, манба сифатида кўрсатилган «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Ахборот хизматининг расмий хабарида ёнғин ҳақида ҳеч бир маълумот берилмаган.
Нима, сарлавҳани донгдорроқ, хабарни оммавийроқ этиш мақсадида айрим ОАВ мухбирлари Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидан бир неча километр ичкарида, саҳро ичидаги юқори кучланишли электр устуни остига бориб гулхан ёқиб келдимикан? Улар бу ёлғон хабари билан хорижда Ўзбекистон ҳақида имкон қадар негатив маълумотларни эълон қилиш билан оввора (қалам ҳақи шунга қараб бўлишини тахмин қилмасдан иложимиз йўқ, бунда мантиқий хулоса ҳам мавжуд) айрим нохолис журналистларга «янги масаллиқ» топиб бераётганини фаҳмламадимикан?
Ёки нотўғри таржима қилишганми? Балки «гугл-таржимон» айбдордир... Умуман, асосан давлат тилида ижод қилиб, сўнг ўз ёзганларини рус тилига таржима қилиб, ёзганларини рус тили грамматикаси бўйича саводли мутахассисларга кўрсатиб оладиган айрим журналисларимизга рус тилида хато ёзгани ҳақида танбеҳ берадиган айрим русийзабон ҳамкасбларимиз ҳам ўзбек тилини мукаммал ўрганиб, давлат тилида ҳам ижод қилишни бошлашсалар ёмон бўлмасди. Ахир уларнинг аксарияти шу заминда туғилиб-ўсган, ўзбек тилини яхши тушунишади (гапириш ва ёзишни истамаслиги бу бошқа бир масала).
Тўғри, хабар-маълумот тезкорликни талаб этгани ва орада қисқа вақтдан сўнг вазият ўнгланиб, ўз актуаллигини йўқотгани учун, давлат тилидаги хабарни бир неча муддатдан сўнг рус тилига таржима қилиб эълон қилиш ўз аҳамиятини йўқотди, кейин бунга жисмонан улгурмадим ҳам. Умуман олганда, рус тилида эркин сўзлашган киши бехато ёзади, деган жўн фикр мутлақо нотўғри, худди ўз она тилида олий маълумот мутахассислигига эга бўлган журналист-филологлар айрим услубий ва имло хатоларига йўл қўйиши мумкинлиги каби.
Айрим электрон нашрлардаги нохолисликлар фуқаролар мурожаатларда ҳам кўринади...
Ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифаларида ўзининг ёки бировнинг хорижий маркадаги автомобили фонида, башанг кийинган, фаровон, тўқ ва ҳашамли ҳаётининг манзаралари акс этган суратларини жойлаштириб юрадиган айрим кишилар қайсидир масалада хорижий ёки маҳаллий нашрларга арз қилиб, шикоят билан видеомурожаат қилаётганида устига юпун кийиниб, уйи ва маҳалласининг кўримсиз фонига туриб олишади. Бу ҳам етмагандай ёнига қария ва ишорага қараб йўталиб қўядиган болаларини аҳвол нақадар хароблигига урғу бераётгандай фон қилиб олишади. Нима ҳам дердик, инсофни ўзига берсин, мурожаатчи доим ҳақ! Ҳар ким ўзидан ўтганини ўзи билади...
Ёки бўлмаса айрим журналист ва блогерларимиз... Жамиятда мавжуд хато ва камчиликлар ҳақида ёзаётганда, тўғрироғи бир энлик қоралама ёзиш ҳозир ҳаммасининг ҳам қўлидан келавермайди, аниқроғи видеомурожаат қилаётганда халқ дарди билан куйиб-пишган жонкуярдай муносабат-шарҳ билдиришади. Аммо жамоатчилик ўртасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, истеъмол маданиятини тарғиб этиб, истеъмолчи ҳуқуқидан ташқари бир қатор мажбуриятлари ҳам борлигини эслатишда, аниқроғи, танганинг иккинчи томонидаги ёки қарс чиқарган иккинчи қўл билан боғлиқ масалаларга келганда нўноқ. Ҳозиргача электр ва табиий газ таъминотига ноқонуний уланмаларни аниқлаб, фош этган блогер-жонкуярни учратганим, эшитганим йўқ... Энергия самарадорлиги ва тежамкорлиги талабларига мутлақо зид равишда қурилган, поли-ю деразаси орасидаги тирқишдан шамол увиллайдиган хонадон эгасига муаммо содир бўлишида ўзининг ҳам бефарқлиги сабабчи эканлиги айтишга фаҳми етмайди. Табиий газ босими пастлиги учун уйи совуқ эканлигини айтиб шикоят қилаётган истеъмолчини видеога тушириб, телеграмдан жўнатишга уста.
Қисқа қилиб айтганда, йўл-транспорт ҳодисаси рўй беришига сабаб бўлувчи айрим омиллар: пиёда ва ҳайдовчиларнинг билим-тажрибаси камлиги, белгиланган қоидаларга амал қилмасликлари, техник кўрикдан ўтиб турадиган автомобиллардаги жиддий носозликлар мавжудлиги, айрим нотўғри ўрнатилган йўл белгилари ҳақида фаол жамоатчи сифатида «хавотир сигналларини» бериш ўрнига, содир бўлган ЙТҲ жойидан қонли сурат эълон қилиб, унда неча киши ўлгани-ю қандай жароҳат олгани, рулдаги ҳайдовчи ишдан кеч қайтаётган давлат ишчиси бўлганини ёзиш анча осонроқ...
Айни пайтдаги масалада тармоқдаги симарқон узилиши қаёқда-ю, сабаби номаълум ёнғин...
Бир қараганда арзимас бир масалага катта урғу бериб, бу ҳақда мақола ёзиш муҳим эмасдек туюлиши мумкин. Бироқ жамоатчиликда нотўғри фикрлар шаклланишининг асосий сабаби — у ёки бу масалага нохолислик билан ёндашув оқибати! Айрим нашрлар хабар-маълумотларининг сарлавҳасида кишини хавотир ёки ваҳимага солувчи жумлалар ишлатилади, ичини ўқисангиз — икки қатор гап ва бошқа бир нашрга кўк рангли ҳавола — бўм-бўш! Гўё ахборотнинг сифати ва муҳимлиги эмас, сони ва ваҳимаси муҳимдай...
Мана, нохолис ёндашув оқибатида Ўзбекистондаги электр таъминотининг кичик бир улушини қоплашга хизмат қилаётган импорт амалиёти юзасидан (хорижлик муштарийлар тушунчасида) ёнғин билан боғлиқ нотўғри фикр-тушунча ҳосил бўлди. Бунга, юқорида таъкидланганидек, «гугл-таржимон» ва журналистларга рус тилида тайёр матн (!) тайёрлаб бермаган матбуот котиби айбдор. Ахир журналистика ҳозирда айримлар учун «зўр сарлавҳа» топиш маҳорати ва ҳавола бериш (кўчириб босиш) билан баробар-ку! (Тушунмаганлар учун: бу киноя, айниқса электрон таржимон тирик инсондан фарқли ўлароқ кинояни тушунмайди).
Азиз журналистлар, ҳурматли ҳамкасблар, Ўзбекистон — бизнинг умумий уйимиз, Ватанимиз, таъбир жоиз бўлса, Онамиз, Отамиз. Унинг ички ҳаётдаги камчиликлари йўқотишга бел боғлаб, ютуқларидан қувониш, фахрланиш ҳам бизники. Она диёримиз нуфузига путур етказадиган хабарларга, нохолис фикр-мулоҳазаларга муносиб жавоб бериш ҳам ҳар биримизнинг бурчимиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан ташкил этилган бир семинарда ҳуқуқшунос маърузачи: «Журналист — бу жамиятдаги бир шифокор-табиб кабидир» деган жумлани ишлатганида нақадар ҳақ эди. Касалликка нотўғри ташхис қўйишнинг оқибати аянчли бўлади.
Тиббиёт инсонни даволайди, ветеринария эса инсониятни, деган жумлани эшитганмиз? Қиёсий ўхшатмага ижозат берсангиз, бир кичик хулоса айтаман...
Касалликни аниқлаб, унга ташхис қўйиш орқали даволаш билан чекланиш бугунги глобаллашув замонида бироз самарасиздек бўлиб қолди, назаримда. Жамиятдаги муаммоларни худди санитар-ветеринар шифокорлар каби уларнинг ўчоғига, манбасига зарба бериш билан олдини олиш пайти келди. Давлатимиз раҳбарининг маънавий-маърифий масалаларга, соғлом турмуш тарзи оммалашувига алоҳида урғу беришига ҳам худди шу нарсалар сабабчи бўлса ажабмас.
Ёзганларимда кимнингдир шаън-манфаатига нисбатан ҳурматсизлик қилган бўлсам, муштарийлардан узр сўрайман.
Ҳурмат билан,
Улуғбек Урунов,
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти
бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati