Янгиликлар
ФАРҒОНАЛИК ЭНЕРГЕТИКЛАР ЖАМИЯТ ТАСАРРУФИДАГИ ТИББИЁТ МУАССАСАЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА МАШҒУЛОТЛАР ЎТКАЗИШДИ
  • 13.02.2020
  • 18

     «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Холиқ Элмуродов томонидан берилган топшириқ асосида ишлаб чиқилган иш режасига мувофиқ «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиалида «Жароҳатланишларнинг олдини олиш ва жароҳатланганда биринчи ёрдам кўрсатиш» мавзуси бўйича бир нечта объектларда ўқув семинарлари, амалий машғулотлар бўлиб ўтди. Тадбирларда «Нурафшон» сиҳатгоҳи ҳамда «Наманган тиббий санитария қисми» шифокорлари фаол иштирок этишди.

     Мисол учун, ўқув семинарида «Нурафшон» сиҳатгоҳи кардиолог шифокори Бахтиёржон Ҳасанов томонидан гипертония касаллиги ва унинг олдини олиш, шунингдек, касаллик хуруж қилган ҳолатларда беморга тезкор ва малакали ёрдам кўрсатиш бўйича амалий машғулот дарси ўтказиб берилди.

     Шунингдек, ўқув семинари давомида «Фарғона» подстанцияси ходимлар иштирокида «Наманган тиббий санитария қисми» бош шифокори Равшан Маматхўжаев, невролог Зокиржон Азизов ва терапевт Азимжон Маматовлар томонидан ишлаб чиқариш жараёнида рўй бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисалар, уларнинг олдини олиш ва жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш каби мавзуларда маҳорат дарслари ўтказилди. Шу билан бирга, подстанция ходимларининг артериал қон босимларини ўлчаш амалиёти ўтказилиб, қўйилган дастлабки ташхис натижаларига кўра тиббий маслаҳатлар берилди.

     Машғулотлар жадвалига кўра ҳамкорликдаги тиббий ўқув машғулотлари «Ўзбекистон» подстанциясида ҳам ўтказилди. Навбатдаги амалий машғулот «Нурафшон» сиҳатгоҳи Физотерапия бўлими бошлиғи Абдукарим Эшонжонов иштирокида давом эттирилди. Подстанция ходимларига термик куйиш билан боғлиқ жароҳатланиш турлари тўғрисида маълумотлар берилди. Ўзаро давра суҳбати мулоқотларида термик куйиш ҳолатларида жароҳатланган шахсларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши, унинг тартиблари ҳамда аҳамиятли жиҳатлари техник ва муҳандис ходимларга ҳаётий мисоллар орқали тушунтириб берилди.

     Шу ўринда машғулотлар «Фарғона магистрал электр тармоқлари» филиали ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиш баробарида меҳнат фаолиятида содир бўлиши мумкин бўлган турли ҳолатларда тезкор ёрдам кўрсатиш кўникмаларини шаклланишига асос бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Жамият таркибидаги тиббий муассасалар билан ҳамкорликда машғулотлар ўтказиш ана шундай кўп томонлама фойдали тадбирлардан бири ҳисобланади.  

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

Диққат! Веб-сайт тест ҳолатида ишламоқда.