Янгиликлар
2019 йил сарҳисоби: «Маънан ва жисмонан эскирган электр ускуналари юқори қувватли янги ускуналарга алмаштирилмоқда»
  • 03.02.2020
  • 1133

     «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти марказий аппарати таркибидаги Подстанциялардан фойдаланиш бошқармасининг асосий вазифалари Жамият тасарруфидаги 35-500 кВ кучланишли подстанцияларни эксплуатация қилиш, электр ускуналари ва бино-иншоотларда жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилишини ташкиллаштириш ва назоратини олиб бориш, техник хизмат кўрсатиш ишларини режалаштириш, ташкил қилиш ва назорат қилиш, подстанцияларда эксплуатация қилинаётган электр ускуналарини реконструкция қилиш ва техник қайта жиҳозлаш, подстанцияларнинг эстетик ҳолатини талаб даражасида сақлаш, ишончлилигини ошириш ва барқарор ишлашини таъминлаш бўйича амалий ишларни олиб боришдан иборат.

     Шу билан бирга, бошқарма мутахассислари иштирокида аҳоли ва саноат тармоқларининг электр энергиясига талабларини қондириш, мустаҳкам ва ишончли электр энергияси етказиб бериш, подстанция электр ускуналари ва бино-иншоотларида мукаммал таъмир, жорий таъмир, техник хизматлар, шунингдек инвестиция дастурларига асосан янги қурилиш ишлари бажариб келинмоқда.

Подстанцияларнинг эстетик ҳолатини талаб даражасида сақланишига катта эътибор берилмоқда

      Подстанцияларга хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан 2019 йилда умумий қуввати 719 МВА бўлган 6 дона куч трансформаторлари, 89 дона 110-500 кВли ўчиргичлар, 14 дона ҳаво компрессорлари мукаммал таъмирланди. Шу билан бир қаторда 188 дона куч трансформаторлари, 122 дона ўчиргичлар, 47 дона ҳаво компрессорлари жорий таъмирланди.

Автотрансформаторнинг олдинги ва кейинги ҳолати

      Бундан ташқари, бошқарма ва ҳудудий филиаллар томонидан 2019 йилда амалга оширилган қуйидаги амалиётларни санаб ўтишимиз мумкин:

     - Барча подстанцияларда ободонлаштириш, эстетик ҳолатини янада яхшилаш бўйича амалий ишлар амалга оширилди;

     - Ходимлар билим ва малакасини ошириш, техник ўқув семинарлар ўтказиш мақсадида «Тошкент МЭТ» филиалига қарашли 220/110/10 кВли «Келес» подстанциясида «Техник ўқув хонаси» ва «Техник кутубхона» ташкил қилинди. Ҳозирда мунтазам равишда ходимлар билим ва малакаси ошириб борилмоқда;

     - Республикамизда ижтимоий соҳанинг жадал суръатларда ўсиб бориши, аҳоли сонининг ортиши сабабли электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб боришини ҳисобга олган ҳолда мавжуд қувватларни ошириш бўйича таклифлар киритилди;

     - Подстанцияларда техник аудит ишлари олиб борилиб, маънан ва жисмонан эскирган электр ускуналар аниқланиб, уларни алмаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Подстанцияларда электр ускуналарида жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари мунтазам равишда олиб борилади

     Подстанция электр ускуналарида олиб борилаётган жорий ва мукаммал таъмирлаш ишлари, шунингдек инвестиция лойиҳаларига асосан олиб борилаётган эскирган ускуналарни янгисига алмаштириш ва постанциялар қувватини ошириш мақсадида мавжуд трансформаторларни катта қувватлисига алмаштириш орқали энерго тизимнинг мустаҳкамлиги янада оширилиб, хизмат кўрсатиш қуввати ошишига олиб келади.

Компрессор қурилмалари

     Электр энергиясига ортиб бораётган талабни тўлиқ қондириш мақсадида «Жануби-ғарбий магистрал электр тармоқлари подстанцияларини модернизациялаш ва реконструкция қилиш» лойиҳасига асосан 12 та подстанцияда эскирган электр жиҳозлари ва трансформаторлар катта қувватлисига алмаштирилди.

     Хусусан, Қашқадарё вилояти подстанцияларида қуввати 125 МВА бўлган 2 дона трансформатор («Қарши», «Ғузор» подстанцияларида) 200 МВА трансформаторларга алмаштирилди ёки умумий қувват 150 МВА га оширилди.

Ўчиргичлар

     Шунингдек, Жиззах вилоятида қуввати 125 МВА бўлган 2 дона трансформаторлар 200 МВА трансформаторларга алмаштирилди ёки қувват 150 МВА оширилди. Андижон вилоятида қуввати 125 МВА бўлган трансформатор қуввати 200 МВА трансформаторга алмаштирилди ёки қуввати 75 МВАга, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида қуввати 63 МВА бўлган трансформаторни қуввати 125 МВАга алмаштирилди ёки қуввати 62 МВАга оширилди.

     Бундан ташқари, ўтган 2019 йилда модернизация лойиҳаси доирасида маънан ва жисмонан эскирган ўчиргичлар ўрнига жами 108 дона замонавий элегаз ўчиргичлар ўрнатилди. Хусусан, Бухоро вилоятида жами 28 дона, Навоий вилоятида 9 дона, Самарқанда вилоятида 11 дона, Қашқадарё вилоятида 21 дона ва Тошкент вилоятида 39 дона ўчиргичлар алмаштирилди.

     Шу билан бир қаторда, электр энергия таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида Хоразм вилоятининг «Хоразм» подстанциясига қўшимча қуввати 200 МВА бўлган учинчи трансформатор ўрнатилди.

Подстанцияларнинг эстетик ҳолати ишчи-ходимларнинг меҳнат фаолиятига ижобий таъсир кўрсатадиган омил ҳисобланади

     Амалга оширилган ишлар натижасида:

     1. Подстанцияларнинг электр энергияни узатиш қуввати кескин оширилди ва қўшимча ишлаб чиқариш корхоналарини тармоқга уланишига имконият яратилди;

     2. Замонавий элегазли ўчиргичлар ўрнатилиши эвазига подстанцияларда фавқулотда ўчишлар олди олинди;

     3. Жисмонан ва маънан эскирган, катта энергия йўқотишларга олиб келувчи, эксплуатация харажатлари кўп сарфланадиган ускуналар ўрнига замонавий ҳамда ишончли қурилмалар ўрнатилишида 122 млн. кВт•соат электр энергияси тежалишига эришилди.

Подстанцияларда ишчиларга яратилаётган шароитлар йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда

     2020 йилда Тошкент вилоятида қуввати 200 МВА бўлган трансформаторни 250 МВА бўлган трансформаторга, Андижон вилоятида қуввати 125 МВА бўлган иккинчи трансформаторни қуввати 200 МВА трансформаторга, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида қуввати 63 МВА бўлган бўлган иккинчи трансформаторни қуввати 125 МВА бўлган трансформаторга алмаштириш ишлари давом эттирилмоқда.

     Бунинг натижасида Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида қўшимча 50 МВА, Андижон вилоятида қўшимча 75 МВА, Жиззах вилоятида қўшимча 62 МВА қувват ўтказиш имкони яратилади.

     2020 йилда қуввати 881 МВА бўлган 10 та куч трансформаторлари, 89 та 110-500 кВли ҳаволи ва мойли ўчиргичлар, 18 та ҳаво компрессорлари мукаммал таъмирланади.

Жамият тасарруфида жами 77 подстанция бўлиб, уларнинг иш фаолиятида рақамли технологияларни жорий этиш, янги, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган рақамли подстанцияларни қуриш бўйича бирмунча ишлар олиб борилмоқда

     Шу билан бир қаторда жорий таъмирлаш режасига асосан 110-500 кВли электр ускуналарида 228 дона куч трансформаторлари ва автотрансформаторлар, 1370 дона ўчиргичлар, 41 дона ҳаво компрессорларида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

        

Шамсиддин Кулибоев,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

Подстанциялардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

>