Янгиликлар
2019 ЙИЛ САРҲИСОБИ: «АЗАМАТ» СПОРТ-СОҒЛОМЛАШТИРИШ МАРКАЗИ СИЗНИНГ ХИЗМАТИНГИЗДА
  • 24.01.2020
  • 1207

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида жойлашган бўлиб, ушбу марказ даволаниш маскани ҳисобланади.

  Шу ўринда спорт-соғломлаштириш марказининг Ўзбекистондаги ички туризм масканларининг бирида жойлашганлигини алоҳида эътироф этиш жоизки, даволаниш масканига ташриф буюрганлар тиббий муолажалардан бўш пайтда турли тарихий обида ва зиёратгоҳларга саёҳат уюштиришлари мумкин бўлади.

  Буюк бобокалонимиз Амир Темур киндик қони тўкилган маскан — Шаҳрисабзнинг географик жойлашуви экотуризмнинг ривожига жуда қулай жой ҳисобланади. Хисор тоғ тизмасида жойлашган Хисор давлат табиат қўриқхонаси, Китоб геологик қўриқхоналари экстремаль экотуризм учун, Лангар ота, Сийпантош, Подаётоқтепа, Узунқир ва Сангиртепа ёдгорликлари эса тарихий қадамжолар саёҳати ҳамда экотуризм учун жуда қулай мжой ҳисобланади.

  Лангар ота ёдгорлиги Шаҳрисабз шаҳридан 65 км узоқликда, тоғ ёнбағрида жойлашган бўлиб, у ерда темурийлар даврида масжид (аввалги ҳолати сақланган) ҳамда ислом динининг Нақшбандия таълимотига мансуб шайхларининг хоки-пойлари қўйилган мақбаралар мавжуд.

Марказда айни пайтда 41 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда

  «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази жойлашган ҳудуднинг иқлими кескин континентал, ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши эса юмшоқ. Марказнинг асосий иш фаолияти энергетиклар ҳамда уларнинг оила аъзолари даволанишлари учун барча қулайликларга эга тиббий хизмат кўрсатишдан иборат бўлиб, яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, марказда ҳозирги кундаги энг муаммоли касалликлардан бири бўлган асаб ҳамда остеохондроз — умуртқа поғонасидаги касалликлар бўйича ихтисослашувга эга. Марказда малакали шифокор ҳамда  ҳамширалар сифатли тиббий хизмат кўрсатишмоқда.

  Спорт-соғломлаштириш марказининг умумий ер майдони 3.84 гектарга тенг бўлиб, 20 ўринли соғломлаштириш маркази йилига 600-650 нафар дам олувчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Марказда 10 та ётоқ бўлими мавжуд бўлиб, уларда барча қулайликлар яратилган. Бино ва иншоотларни иситиш марказ қозонхонаси орқали бажарилади.

 Дам олувчилар кенг, шинам хоналарда дам олиб, шифокорлар тавсиясига кўра махсус физиотерапия хоналарида муолажа жараёнларига қатнайдилар

  Бундан ташкари, марказда соғломлаштириш учун спорт теннис корти, волейбол, футбол мини стадионлари ҳамда спорт машқларини бажариш учун тренажор зали ҳам мавжуд. Марказнинг номланишида ҳам мантиқий асос борки, спорт-соғломлаштириш масканидан дам олувчилар жисмоний чиниққан, бадантарбия машғулотлари ва спорт ўйинлари орқали саломатликларини тиклаган ҳолда меҳнат фаолиятига қайтадилар.

 Дам олувчиларни бадантарбия машғулотлари ва спорт ўйинларига жалб этиш марказ шифокорларининг биринчи галдаги вазифасидир

  Марказда айни пайтда 41 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатмоқда. Улардан маъмурият ходимлари — 3 нафар, 2 нафар шифокор, 13 нафар ҳамшира, 10 нафар кичик тиббий ходимлар, 2 нафар ошхона ходимлари, 11 нафар техник ишчи-ходимлар даволанувчиларга сифатли тиббий-соғломлаштириш хизматини амалга оширади.

 «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази амбулатор шароитда неврология ва терапия, маслаҳат ва консерватив даволаш, спорт орқали даволовчи бадантарбия машқлари ҳамда физиотерапия муолажалари мавжуд бўлиб, даволаш асосан қуйидаги касалликларни даволашга ижобий таъсир этади:

1. Асаб тизими касалликлари;

2. Остеохондроз касаллиги;

3. Умуртқа поғонасидаги бел чурраси касаллиги;

4. Терапевтик касалликлар.

  «Азамат» спорт-соғломлаштириш марказида ҳозирда парафин, уқалаш муолажаси, физиотерапия хоналари, д’арсонвал, электрофорез, УТП, магнитли терапия, «ветержение», умумий ва маҳаллий ультрабинафша нурлари билан даволаш, нафас йўлларини дори моддаларни ингаляция йўли билан дори юбориб даволаш каби муолажалар мавжуд.

  Муолажадан ташқари дам олувчиларга эрталабки гигиеник бадантарбия ва даволаш бадантарбияси, спорт машқлари умумий тартиб ва парҳез буюрилади.

  «Азамат» спорт-соғломлаштириш марказида кейинги йиллар давомида янги даволаш усуллари киритилиши билан даволаш сифатини янада яхшилашга эришилмоқда.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази, энг аввало, Жамият ходимлари ва уларнинг оила аълолари дам олиши, меҳнат фаолияти давомида маълум маънода йўқотилган саломатликларини тиклашлари учун ташкил этилган.

 Марказда дам олувчилар учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган

  Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, санаторияда хордиқ чиқариш «Ўзбекистон МЭТ» АЖ фахрийлари учун бепул, ишчи-ходимларига 40%, уларнинг оила аъзоларига эса 50% ли имтиёзли чегирмалар орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган. Шу билан бирга, соғломлаштириш марказимизда бошқа фуқаролар ҳам дам олиб, даволанишлари мумкин.

  Мурожаат учун телефонлар: +998 75-522-58-24; +998 90-440-74-60.

  Манзил: Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳри, Пиллакашлик кўчаси, 2-уй.

  Мўлжал: Янги Кеш бозори яқинида.

 Марказ жойлашган ҳудуднинг иқлими кескин континентал, ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши эса юмшоқ ҳисобланади

  Ижозатингиз билан «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар билан қисқа сатрларда таништириб ўтсам:

  • Даволанувчилар учун маданий хордиқ чиқариш мақсадида файедаги ўриндиқларда телевизор кўриш учун шароит яратилган;
  • 2019 йилда «Азамат» спорт-соғломлаштириш марказида даволанувчилар учун юмшоқ мебель жиҳозлари янгиланди;
  • Марказда ҳудудига манзарали гуллар ва газон экиш учун жойлар ҳозирланди;
  • Тиббий муассаса ҳудуди видеокузатув билан таъминланди.

  Маълумот учун: 2019 йил мобайнида марказда жами 630 нафар даволанувчилар даволаниб, ўз соғликларини тикладилар.

  «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази жамоаси фаол меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган барча ишчи-ходимларга меҳнат таътилини мазмунли ўтказиб, йил давомида орттирилган касаллик аломатларидан буткул фориғ бўлиш учун санатория-профилактика масканлари ташриф буюришларини тавсия этади.

  «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази Сизларни дам олиш масканига чорлаб қолади!

  Алишер Фазилов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти «Азамат» спорт-соғломлаштириш маркази директори.

>