Жорий йилнинг 14 январь санасидан бошлаб об-ҳавонинг кескин совиши ва мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида қалин қопламали қор ёғиши муносабати билан электр энергиясига бўлган эҳтиёж кескин ошди. Бу, ўз навбатида, энерготизимда мувозанат, яъни тизим хавфсизлигини сақлаш мақсадида маълум даражада чекловлар ўрнатилишига сабаб бўлмоқда.
Батафсил манба: uzbekistonmet.uz
Ушбу ҳолат истеъмолчилар томонидан жиддий норозиликларга сабаб бўлаётгани, бу ҳақда медиа-маконда негатив маълумотлар тарқалаётгани барчамизга маълум. Мазкур масала ҳақида Энергетика вазирлигининг расмий баёноти ҳам эълон қилинди ва электр энергияси ҳамда табиий газ таъминотини яхшилаш учун барча имкониятлар сафарбар этилгани маълум қилинди.
Батафсил манба: https://telegra.ph
Электр энергия таъминотидаги чекловларга газ таъминотидаги танқислик (расмий баёнот эълон қилинди), бундан ташқари, иссиқлик электр станциялардаги айрим фавқулоддаги ҳолатлар (таъмирлаш ишлари) сабаб бўлаётгани ҳақида маълумотлар эълон қилинмоқда.
Батафсил манба: daryo.uz
Яқинда медиа-маконда янги маълумотлар тарқалди: «...Ўзбекистон Турманистон билан импорт шартномасини бир ойга тузган экан, турманистонликлар электр энергия импортини тўхтатишибди...»
Юқоридагиларни ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси энергетика вазирлиги тизимида фаолият юритувчи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти расмий баёнот эълон қилади ва у қуйидагича:
1. «Туркменэнерго» давлат электр энергетика корпорациясидан импорт амалиёти узлуксиз равишда давом этмоқда! Дастлабки келишувга асосан электр энергияси импорти 2019 йил 1 декабрдан 2020 йил 1 апрель санасигача давом этади, бундан ташқари, Туркманистондан электр энергияси етказиб берилиши 2020 йил январь ойининг бошида 14,0 млн кВт•соат атрофида амалга оширилган бўлса, айни кунларда импорт амалиёти суткасига 19,1 млн кВт•соатни ташкил этмоқда (ўртача 35-37 фоизга кўп);
2. Жорий режимларда республика бўйича электр энергия истеъмоли суткасига 216,3 млн. кВт•соатни ташкил этмоқда. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 21,2 млн. кВт•соат кўпроқ (ўртача 9-10 фоиз кўп);
3. Сўнгги кунларда об-ҳавонинг сезиларли даражада совиб кетиши оқибатида электр энергиясига бўлган эҳтиёж кескин даражада кўпайди. Жумладан, январь ойининг бошида республикамиз бўйича электр энергияси истеъмоли суткасига 208,0 млн. кВт•соат атрофида кузатилган бўлса, об-ҳавонинг кескин совиши натижасида айни кунлардаги бу кўрсаткич ўртача 216,0-220,0 млн кВт•соатни ташкил этмоқда (ўртача 5-7 фоиз кўп);
4. 2019 йил 22 декабрь куни республика бўйича электр энергия истеъмоли суткасига 210,4 млн. кВт•соатни ташкил этган бўлса, 2020 йил 20 январь куни 217,1 млн. кВт•соат электр энергияси истеъмол қилинди (ўртача 3 фоиз кўп).
Юқорида мисол тариқасида келтирилган маълумотлар энергетика соҳаси вакиллари электр таъминоти сифатини яхшилаш, чекловларни нисбатан камайтириш учун барча имкониятларни сафарбар этаётганидан далолат беради.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти юқори кучланишли электр энергиясини транспортировка қилиш, электр энергияси импорти ва экспорти масалалари билан шуғулланиб, истеъмолчилар билан бевосита шартномалар имзоламайди, кичик кучланишли симёғоч ва электр тармоқларига, шу билан бирга, электр ҳисоблагич жиҳозларини ўрнатиш каби хизматларни амалга оширмайди.
Истеъмолчилар билан бевосита шартномалар тузиш ҳамда электр энергиясини тақсимлаш, етказиб бериш ва соҳага оид бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш турдош ташкилот — «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг ваколатлари доирасидаги вазифа-мажбуриятлар ҳисобланади.
Қўшимча маълумот: «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ расмий http://www.het.uz/oz веб-сайтида истеъмолчилар учун зарур маълумотлар билан бир қаторда Жамиятнинг ҳудудий бўлимлари ҳақидаги батафсил маълумотлар мавжуд: http://www.het.uz.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Ўзбекистон Республикасининг барча вилоятлари бўйича қисқа 1154 рақами, шунингдек “Call Centre”нинг 71/202-50-55, 71/202-50-01 рақамларига қўнғироқ қилишингиз мумкин.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati