Янгиликлар
2019 ЙИЛ САРҲИСОБИ: «Барча қулайликларга эга «Нурафшон» санаторияси энергетиклар дам олиши учун хизмат қилмоқда»
  • 20.01.2020
  • 1943

  «Нурафшон» санаторияси юртимизнинг энг гўзал ва сўлим масканларидан бирида жойлашган

     «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Нурафшон» санаторияси юртимизнинг энг гўзал ва сўлим масканларидан бири бўлган Фарғона водийсида жойлашган бўлиб, бальнеологик курорт маскани ҳисобланади. У Фарғона шаҳридан 32 км масофадаги Қатрон тоғ тизимида, денгиз сатҳидан 450 метр баландликда, Олтиариқсой ҳудудида жойлашган.

     Санатория жойлашган ҳудуд иқлими кескин континентал, ёзи иссиқ ва қуруқ, қиши эса юмшоқ бўлади. Дам олиш масканининг асосий шифобахш омиллари — бу минераллашуви турлича бўлган (таркиби 5 дан 95 г/л гача) олтингугуртли минерал сувлар ҳисобланади. Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, санаторияга Жиззах вилоятидаги Балиқли кўлининг балчиғи келтирилиб даволаш ишларида кенг фойдаланилади.

     «Нурафшон» санаториясининг умумий ер майдони 12,3 гектарга тенг бўлиб, 114 ўринли соғломлаштириш муассасаси йилига 2000-2500 нафар дам олувчига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Санаторияда 2 та ётоқ бўлими мавжуд бўлиб, барча қулайликларга эга. Бино ва иншоотларни иситиш санатория қозонхонаси орқали бажарилади. Бундан ташкари, санаторияда сув таъминоти, тозалаш иншооти бўлимлари ҳам мавжуд.

     «Нурафшон» санаториясида айни пайтда 98 нафар ишчи-ходим фаолият кўрсатмокда. Улардан 3 нафари шифокор, 23 нафар ҳамшира, 19 нафар кичик тиббий ходимлар, 12 нафар ошхона ходимлари, 41 нафар техник ишчи-ходимлар дам олувчиларга сифатли тиббий-соғломлаштириш хизматини амалга оширади.

«Нурафшон» санаториясида айни пайтда 98 нафар ишчи-ходимлар тиббий-соғломлаштириш хизматини амалга оширади

     «Нурафшон» санаториясида даволашнинг асосини олтингугуртли минерал сувлар билан ванна қабул қилиш ташкил этади. Олтингугуртли минерал суви инсон танасидаги қуйидаги касалликларни даволашга ижобий таъсир этади:

1.   Юрак қон-томир тизими касалликлари;
2.   Ҳаракат-таянч органлари касалликлари;
3.   Асаб тизими касалликлари;
4.   Тери касалликлари;
5.   Аёллар жинсий аъзолари касалликлари;
6.   Урологик касалликлар.

     «Нурафшон» санаториясида ҳозирда олтингугуртли сув ваннасидан ташқари иссиқлик билан даволаш, парафин, балчиқ (махсус), уқалаш муолажаси, физиотерапия хоналари, д’арсонвал, электрофорез, амплипульс, лазертерапия, ультратовуш билан даволаш, умумий ва маҳаллий ультрабинафша нурлари билан даволаш, нафас йўлларини дори моддаларни ингаляция йўли билан дори юбориб даволаш, ультрабинафша нурларини йўналтирилган равишда даволаш фитобочка, циркуляр душ, сувости массажи каби муолажалар мавжуд.

     Муолажадан ташқари дам олувчиларга эрталабки гигиеник бадантарбия ва даволаш бадантарбияси, терренкур, умумий тартиб ва парҳез буюрилади.

     «Нурафшон» санаториясида кейинги йиллар давомида янги даволаш усуллари киритилиши билан даволаш сифатини янада яхшилашга эришилмокда.

     «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти тасарруфидаги «Нурафшон» санаторияси, энг аввало, Жамият ходимлари ва уларнинг оила аълолари дам олиши, меҳнат фаолияти давомида маълум маънода йўқотилган саломатликларини тиклашлари учун ташкил этилган.

     Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, санаторияда хордиқ чиқариш «Ўзбекистон МЭТ» АЖ фахрийлари учун бепул, ишчи-ходимларига 40%, уларнинг оила аъзоларига эса 50% ли имтиёзга эга йўлланмалар орқали амалга оширилиши йўлга қўйилган. Шу билан бирга, дам олиш масканида бошқа фуқаролар ҳам дам олиб, даволанишлари мумкин.

 Мурожаат учун телефонлар: +998 73 352-3557; +998 95 400-2570. Манзил: Фарғона вилояти, Фарғона тумани, Чимён қишлоғи, Ором кўчаси, 1-уй. Мўлжал: Чимён марказий бозори яқинида.

     Энди, ижозатингиз билан «Ўзбекистон МЭТ» АЖ тасарруфидаги «Нурафшон» санаторияси томонидан 2019 йилда амалга оширилган ишлар билан қисқа сатрларда таништириб ўтсак:

Дам олувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида янги автотураргоҳ қурилди

     1.   Санатория асосий биносининг олд ва орқа томонидаги пешайвон (козерок) қисми тунукафон билан қопланди;

     2.   Санатория ҳудудида дам олувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида янги автотураргоҳ қурилди; 

Учинчи қават ётоқхоналари ва сантехникалари ҳозирги замон талабида таъмирланди ва қайта жиҳозланди

     3.   Санаториянинг иккинчи бўлими атрофи манзарали темир панжара билан ўралди;

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ томонидан янги «ISUZU» автобуси тақдим этилди

     4.  Санатория ҳудудига қўшимча замонавий ўриндиқлар жойлаштирилди;

     5.  Санатория ҳудудига манзарали гуллар ва газон экиш учун жойлар тайёрланди;

     6.  Санаторияни тоза ичимлик суви билан таъминлайдиган «Тик қудуқ» атрофи симли панжаралар билан ўралди.

     7.  Санатория ҳудудига видеокузатув назорати ўрнатилди;

     8.  Учинчи қават ётоқхоналари ва сантехникалари ҳозирги замон талабида таъмирланди ва қайта жиҳозланди;

     9.  Санаторияга келган дам олувчиларни саёҳатга олиб бориш ва ишчи-ходимларни ишга олиб келиш ҳамда олиб бориб қўйиш мақсадида «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан янги «ISUZU» автобуси сотиб олинди.

Санатория ҳудудига манзарали гуллар ва газон экиш учун жойлар ҳозирланди

     Маълумот учун: 2019 йил мобайнида санаторияда жами 1811 нафар дам олувчилар хордиқ чиқариб, ўз соғликларини тикладилар.

    «Нурафшон» санаторияси жамоаси фаол меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган барча ишчи-ходимларга меҳнат таътилини мазмунли ўтказиб, йил давомида орттирилган касаллик аломатларидан буткул фориғ бўлиш учун санатория-профилактика масканлари ташриф буюришларини тавсия этади.

     Халқимизнинг «яхши дам, меҳнатга ҳамдам» иборасида соғлом турмуш тарзи ва ўз вақтида дам олишнинг аҳамияти ҳақида аниқ хулоса айтилган. Шундай экан, «Нурафшон» санаторияси Сизларни дам олиш масканига чорлаб қолади!  

 

 Олимжон Ҳасанов,

«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти

«Нурафшон» санаторияси бош ҳакими

 

 «Ўзбекистон МЭТ» AЖ Ахборот хизмати

 Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>