Халқимизда «Иш қуролинг бўлса соз, машаққатинг бўлар оз» деган нақл бор. Ҳақ гап...
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятида ҳам барча амалга ошириладиган ишларимиз, авваламбор, махсус техникаларимизнинг созлиги ва самарали ишига боғлиқдир. Оғиримизни енгил қиладиган, узоғимизни яқин қиладиган техникаларимизнинг кеча-ю кундуз, доимий шай ҳолатда туриши, ёйинки жазирама ёзнинг иссиқ кунлари, ё бўлмаса қаҳратон қишнинг изғиринларида чўл ёки тоғли ҳудудларда бехатар ҳамда ишончли ишлашида Жамиятимиз таркибидаги Автотранспорт ва механизмлар хизмати ишчи-ходимларининг меҳнатини алоҳида эътироф этиш лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 22 декабрдаги ПҚ–2692-сон «Саноат тармоқлари корхоналарининг жисмоний ишдан чиққан ва маънавий эскирган машина-ускуналарини жадал янгилаш, шунингдек ишлаб чиқариш харажатларини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва «Ўзбекистон МЭТ» АЖ олдига юқори ташкилотлар томонидан қўйилган вазифаларни бажариш, шу билан бирга, инвестицион дастурлар ижросини ўз вақтида таъминлаш мақсадида Жамият таркибидаги корхоналарнинг автотранспорт воситалари паркини янгилаш, эски ва маънан эскирган техникалар рўйхатдан чиқариш бўйича ўтган 2019 йилда бир қанча ишлар амалга оширилди.
“Магистралтармоққурилиш”нинг 100 тоннали автокрани Хоразмда иш жараёнида
2020 йил 1 январь ҳолатига «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ таркибидаги корхоналарда жами 437 дона автотранспорт ва механизмлар мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда автотранспорт воситаларининг ишга чиқиш кўрсаткичи 92.5%ни ташкил қилмоқда.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида жамият миқёсида иш унумдорлигини ошириш, нефть маҳсулотларини тежаш, махсус техникалардан рационал фойдаланиш ва, энг муҳими, техника ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, яъни хавфсиз йўловчи ва юк ташиш, хавфсиз юк кўтариш ишларини ташкил этиш, шунингдек махсус техникаларимиз орқали транспорт хизмати кўрсатиш бўйича самарали натижаларга эришилди.
“Тахиаташ ИЭС”-Хоразм ПС – Саримой ПС” юқори кучланишли электр тармоғи қуриш инвестицион дастури бўйича ишлаётган махсус техникалар
Мисол тариқасида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 июндаги ПҚ-2541-сонли қарорига асосан амалга оширилаётган 220 кВли «Тахиатош» иссиқлик электр станциясидан «Хоразм» подстанцияси орқали Саримой аҳоли яшаш пунктигача электр узатиш линиясини қуриш инвестицион лойиҳаси доирасида республиканинг барча ҳудудларидан ўз автомашиналаримизда 500 тоннадан ортиқ битум, 200 тоннадан ортиқ бўз мато, 1000 километрдан ортиқ узунликдаги электр симлари, 100 минг тонна темир-бетон маҳсулотлари, металлопрокатлар ва бошқа зарур ускуналар ташилди.
Махсус техникалар таъмир жараёни (олдинги ҳолати)
Бундан ташқари, барча филиалларимизда олиб борилаётган модернизация ишлари, жорий ва капитал таъмир ишлари учун моддий-товар бойликларини ўз вақтида, беталофат етказиб берилишида ушбу хизматнинг муносиб меҳнати борлигини алоҳида эътироф этишим мумкин.
Ўтган йил давомида мавжуд автотранспорт воситаларини ўз вақтида жорий таъмирлашдан чиқарилганлиги ва бунинг учун молиялаштириш амалиёти етарли даражада таъминланганлиги сабабли техникаларнинг ишга чиқиш кўрсаткичи 85% дан 92,5% га ошишига эришилди.
Таъмирдан чиққан махсус техникалар (кейинги ҳолат)
Автопаркларимиз таркибини янгилаш мақсадида 2019 йил давомида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибидаги корхоналарга жами 68 дона, шундан 29 дона енгил автомашина ва 39 дона юк ва махсус техникалар сотиб олинди.
2019 йил мобайнида нефть маҳсулотларини иқтисод қилиш режаси ҳамда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ учун маҳсулот таннархини камайтириш бўйича тузилган чора-тадбирларга асосан жами 25 дона автотранспорт воситалари экологик тоза ва иқтисодий самара берадиган табиий газ ёқилғисига қайта жиҳозланди.
Тўғри, мазкур хизматда ўзига яраша муаммо ва камчиликлар мавжуд. Турли назарда тутилмаган техник ҳолатлар юзага келиб, иш графигига маълум маънода таъсир кўрсатиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ хизмат мутахассислари ҳар қандай эҳтимолий ҳолатлар олдини олиш учун зарур чораларни кўриб, Жамият иш фаолияти ўз вақтида ва сифатли бажарилиши учун барча тадбирларни амалга ошириб келмоқдалар.
Автопаркни янгилаш мақсадида сотиб олинган юқори ўтувчанликка эга, юк кўтариш қобилияти 25 тонна бўлган автокран
Келгусида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Автотранспорт ва механизмлар хизмати иш фаолиятини янада самарали этиш мақсадида, хавфсиз ва ишончли транспорт хизматларини ташкил этиш, барча автохўжаликлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, нефть маҳсулотлари ҳаракатини мониторинг ва таҳлил қилиш, барча автотранспорт воситалардан унумли фойдаланиш, юк кўтариш механизмларидан хавфсиз фойдаланиш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш бўйича ҳам чора-тадбирлар тузиб олинган.
“Бухоро МЭТ” филиалига янги сотиб олинган ISUZU маркали автобуси газ ёқилғисига қайта жиҳозланди
Шу билан бир қаторда, жамиятимиздаги мавжуд оғир юк кўтариш механизмлари, юк ташувчи автомашиналаримиздан янада самарали фойдаланиш, шунингдек, республика иқтисодиёт объектларида Ҳукуматимиз томонидан қўйилган вазифаларни ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Жамиятимизда мавжуд оғир юк кўтариш механизмлар ҳамда юк ташиш бўйича транспорт хизматлари кўрсатиш бўйича таклифларимизни бериб келмоқдамиз.
Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, Автотранспорт ва механизмлар хизмати нафақат Жамият фаолияти учун зарур амалиётларни бажариш, балки шартнома асосида бошқа ташкилотларга хизмат кўрсатиш орқали иқтисодий фойда олиб келиш қувватига эга.
Нодир Азимов,
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти
Автотранспорт ва механизмлар хизмати бошлиғи
Каналга аъзо бўлинг! t.me/uzmetaxborotxizmati