Зиё нуридан баҳраманд оиланинг фарзандлари — Ватанимиз келажаги, халқимиз ишончи ва таянчи. Бу таърифни ҳеч иккиланмасдан давлат корхоналарига нисбатан ҳам ишлатиш мумкин. Негаки ташкилот ҳам катта бир оила, унинг ҳам ўз урф-одатлари, анъаналари мавжуд. Қолаверса, ўз устида ишлаб, ўқиб-ўрганган касб эгалари борки, улар меҳнат қилаётган ташкилотнинг келажаги бор.
Бугун юртимизда китобхонликка, китоб мутолаасига жуда катта эътибор берилаётгани рост. Бекорга эмас... Охирги йилларда электрон қурилмалар бизни бироз мутолаадан четроққа суриб қўйгандай... Оддий ҳисобни калькуляторда ҳисоблаб, кичик бир далилни интернетдан топиб-текшириб фойдаланамиз.
Бир сўз билан айтганда, китобхонлик маданиятини юксалтириш бугунги кун талабига айланди. Мамлакатимизда фаолият юритаётган турли йўналишдаги корхона ва ташкилотлари қатори бу жиҳатга энергетика соҳасида ҳам, техник-муҳандис мутахассислари ўртасида ҳам катта эътибор бериш лозим.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятида Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020–2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги 781-сонли қарори, шунингдек, “Ўзбекистон МЭТ” АЖнинг 2021 йил 9 июль кунидаги 01-05-27/137-сонли топшириқномасининг ижросини таъминлаш мақсадида “Тошкент магистрал электр тармоқлари” филиалида “Китобхонлик ҳафталиги” ўтказилди.
Ҳафталик давомида “Тошкент МЭТ” филиали касаба уюшмаси раиси Севара Юлдашева ҳамда Ёшлар Иттифоқи етакчиси Сакен Токтаров биргаликда “Тошкент МЭТ” филиали ёшларига бир нечта бадиий китобларни мутолаа қилиш учун совға қилдилар.
Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/7724
Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, улар орасида юксак интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган қизиқишни уйғотиш мақсадида “Тошкент магистрал электр тармоқлари” филиалида “Ўзбекистон МЭТ” АЖ бошқаруви раисининг давлат тилида иш юритиш, маънавий-маърифий масалалар бўйича маслахатчи Ориф Тўхташев ҳамда Бошқарув раисининг матбуот котиби — ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Улуғбек Уруновлар иштирокида “Ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш” мавзусида семинар учрашуви ташкил этилди.
Семинарда маслаҳатчи Ориф Тўхташев сўзга чиқиб, жорий йилнинг 12 январида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилингани, келажак авлоднинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни борлиги, яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ва эзгуликка ундаши ҳақида маъруза қилди.
Шундан сўнг матбуот котиби Улуғбек Урунов сўзга чиқиб, семинарни ташкил этишдан асосий мақсад — ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни турли салбий иллатлардан асраб, маънавий дунёқарашини кенгайтириш, китобга бўлган муҳаббатини уйғотишдан иборатлигини, Мустақиллик йилларида мамлакатимизда таълим муассасалари учун ўқув адабиётлари яратиш ва ўқувчиларга етказишнинг мустаҳкам тизими яратилганлиги, бунда Ўзбекистонда таълим берилаётган еттита тилда дарслик ва ўқув қўлланмалари нашр этилаётганлигини, ахборот-ресурс ва ахборот-кутубхона марказларининг моддий-техника базаси янгиланиб, замонавий электрон кутубхоналар тизимлари фаолият кўрсатаётганлиги ҳақида айтиб ўтди.
Батафсил: https://t.me/uzmetaxborotxizmati/7602
Учрашув давомида китоблар мавзусида кўплаб қизиқарли воқеалар эслаб ўтилиб, ёшларни қизиқтирган саволларга маслаҳатчилар О.Тўхташев ҳамда У.Уруновлардан жавоблар олинди.
Семинар сўнггида “Тошкент МЭТ” филиалида мавжуд китоблар таҳлил қилиниб, бу хусусида бахс-мунозаралар ўтказилди. Семинарнинг давра суҳбати қисмида фаол иштирок этган ёшларга О.Тўхташев томонидан машҳур ўзбек адабиётининг улкан намояндалари асарлари эсдалик учун тақдим этилди.
“Тошкент магистрал электр тармоқлари” филиали Ёшлар Иттифоқи бошланғич ташкилоти аъзолари
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати