Янгиликлар
Қўшимча қувватлар электр энергия таъминотини яхшиламоқда
  • 31.03.2021
  • 646

  Бугун аҳоли ва истеъмолчиларни электр энергияси билан таъминлашга ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда. Бунга биринчидан эҳтиёжнинг ортаётгани бўлса, иккинчидан халқимизнинг фаровон ҳаётини яхшилаш давлат сиёсатининг устувор вазифасига айланмоқда.

  Бу жараёнда Энергетика вазирлиги ва унинг тизимдаги ташкилотлари тизимли ишларни амалга оширмоқда. Аҳоли ва истеъмолчиларга узлуксиз электр энергия таъминлаб бериш ва бунда қўшимча қувватлар яратишда «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг алоҳида ўрни бор.

  Бугунги кунда жамият томонидан подстанциялардаги трансформаторларни алмаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишлар Жиззах вилояти мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, вилоятнинг Зомин, Зарбдор, Янгиобод ва Шароф Рашидов туманларида электр энергияси таъминоти яхшилаш зарурияти туғилмоқда.

  Шу боис, вилоятда бир қатор янги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти йўлга қўйилмоқда.

  Масалан,“Зомин цемент”, “Зомин текстил”, ва “Жиззах контекс” МЧЖлари, “Зомин фарм”, Темир-бетон маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси, Зарбдор тумани ҳудудида 2 та текстиль корхонаси, иссиқхоналар, Янгиобод тумани ҳудудида янги ташкил этилаётган фермерларнинг тик қудуқлари, Шароф Рашидов тумани ҳудудида “Жиззах ЭИЗ” филиали, каби янги ишлаб чиқариш корхоналарининг барпо этилиши электр энергияга бўлган талабни янада оширмоқда.

  Шу талаблардан келиб чиқиб, Жиззах вилояти Зафаробод тумани ҳудудида барпо этилаётган йирик қувватга эга бўлган электр энергия истеъмолчиларини ташқи электр таъминоти билан таъминлаш мақсадида 220/110/10 кВли «Сарибозор» подстанциясида мавжуд 63 мегаватт АТ-1 ҳамда АТ-2 трансформаторлар 125 мегаваттли қувватга эга автотрансформаторларга алмаштирилди.

  Натижада юқори кучланишли подстанция иш фаолиятига 124 мегаваттли қўшимча қувват қўшилди. Айни пайтда унинг ўтказувчанлик қуввати қарийб икки баробарга ортиб, 250 МВА эга бўлди. Ўрнатилган автотрансформаторлар жорий йилнинг март ойида кучланиш остига қўйилиб, синов муддати тугаганидан сўнг тўлиқ ишга туширилди. Шу билан бирга, 220/110/10 кВли «Сарибозор» подстанциясида 2 дона 110 кВли тармоқ ячейкалари ўрнатиш ишлари якунланди.

  Юқорида санаб ўтилган қўшимча қувватлар эвазига Жиззах вилоятининг Бахмал ва Ғаллаорол туманидаги барча электр энергия истеъмолчилари ҳамда Зафаробод ва Фориш туманида жойлашган айрим йирик ишлаб чиқариш корхоналарини сифатли электр энергияси билан таъминлашнинг ишончлилиги бирмунча ошишига эришилди. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, подстанцияда олиб борилган модернизация-реконструкция ишларининг умумий қиймати 11 миллиард сўмни ташкил этади.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти томонидан мамлакатимизнинг барча вилоятларида электр таъминоти ишончлилигини ошириш мақсадида қурилиш-монтаж ишлари, модернизация-реконструкция дастури асосида амалиётлар олиб борилмоқда.

  Қорақалпоғистон Республикасида бу борадаги амалга оширилаётган ишлар ҳам эътирофга лойиқ. Бу ерда 220 кВли «Беруний» подстанциясига 125 мегаваттли қўшимча қувват қўшилгани таъминотни яхшилашга хизмат қилмоқда.

  Ҳозирги кунгача «Беруний» подстанциясида қуввати 125 МВА бўлган 1 дона автотрансформатор ишлаб турган эди ва ушбу подстанция орқали Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа ва Амударё тумани аҳолиси, шунингдек, Қораўзак туманида жойлашган саноат корхоналари электр энергия билан таъминланади. Модернизация лойиҳаси доирасида «Беруний» подстанциясининг ҳозирги кундаги электр схемаси ўзгартирилиб, 220 кВ, 110 кВ ва 10 кВ тақсимлаш қурилмалари кенгайтирилиб, ўтказувчанлик қуввати икки баробарга оширилди.

  «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ахборот хизмати маълум қилишича, лойиҳанинг иккинчи босқичида «Беруний» подстанциясида АТ-1 ва АТ-2 автотрансформаторларининг реле ҳимояси ва автоматикаси қурилмаларини замонавий микропроцессор терминалли шкафларга ўзгартириши кўзда тутилган бўлиб, мазкур амалиётлар ҳам ниҳоясига етказилмоқда. 2021 йил 15 февраль куни «Беруний» подстанциясида 125 МВА қувватга эга бўлган АТ-2 автотрансформаторига кучланиш берилди, синов муддати белгиланган тартибда муваффақиятли ўтказилди ва автотрансформатор ишга туширилди.

  Ушбу лойиҳанинг амалга оширилиши Қорақалпоғистон Республикасининг жанубида жойлашган Беруний, Тўрткўл, Элликқалъа ва Амударё тумани аҳолисини узлуксиз электр энергия билан таъминлаш ишончлилигини оширади. Шу билан бирга, қуввати оширилган юқори кучланишли подстанция ўзининг барқарор фаолияти билан юқорида номлари санаб ўтилган туманлар ҳудудида жойлашган саноат корхоналарининг янада ривожланишига замин яратади.

  Айни пайтда объектнинг эстетик ҳолатини яхшилаш мақсадида подстанция бино ва иншоотларини мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

  Бир сўз билан айтганда, мамлакатимиз бўйлаб бу каби бир қатор қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилиб, аҳоли ва истеъмолчиларга узлуксиз электр энергия таъминлаб бериш ва бунда қўшимча қувватлар яратишда соҳа ходимлари жонбозлик кўрсатмоқда.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА

https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
Телеграм каналига аъзо бўлиш учун   t.me/uzmetaxborotxizmati

>