Янгиликлар
“Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди
  • 09.07.2024
  • 43

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизнинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш, шаффоф ва рақобатбардош электр энергияси бозорини ривожлантириш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилишни назарда тутади. Қонун лойиҳаси билан электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сақлаш, электр энергияси билан таъминлаш, марказий харидорнинг функцияларини бажариш, электр энергияси савдоси, импорти ва экспорти лицензия асосида амалга оширилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, энергетика бозори иштирокчиларининг мақоми, ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги назарда тутилмоқда. Хусусан, ҳар бир электр станцияси учун алоҳида лицензия олиб, ўзи ишлаб чиқарган электр энергиясини бозор иштирокчиларига сотиш ҳуқуқига эга ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади.

Бундан ташқари, мазкур қонун лойиҳаси билан электр энергияси бозорини ташкил этишга оид қоидалар ҳам белгиланмоқда. Жумладан, бозор ва унинг иштирокчилари фаолияти, нархлаш механизмлари, тарифларни қўллаш ва электр энергияси бозоридаги ўзгаришлар динамикасини ўз ичига олган йиллик ҳисобот Энергетика бозори регулятори томонидан эълон қилиб борилади.

Қонун лойиҳасида ижтимоий ҳимояга муҳтож истеъмолчиларни қўллаб-қувватлашга оид нормалар акс этмоқда. Ушбу истеъмолчилар учун қулай тўлов шартларини жорий қилиш, олдиндан тўлов ҳисоблагичларини ўрнатиш, таъминотни вақтинча тўхтатиб туришдан озод қилиш ва бошқа кўрсатиладиган тўғридан-тўғри ижтимоий ёки моддий ёрдам кўрсатиш каби чоралар белгиланиши мумкин.

Электр энергетика соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш Энергетика бозори регулятори томонидан амалга ошириш назарда тутилмоқда. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, иқтисодий ўсишни таъминлаш ва аҳоли фаровонлигини юксалтириш, энг муҳими, ишончли, хавфсиз ҳамда барқарор электр таъминоти тизимини яратишга хизмат қилади.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди.

• Электрон ҳукумат

Манба: https://gov.uz/emdra/news/view/15916/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

 

>