Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция” ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2024 йил 1 январдан 15 июнгача ўтказилган 40,8 мингта назорат тадбирлари чоғида жами 38,8 мингта ноқонуний ҳолатлар аниқланди.
Мазкур ноқонуний ҳолатларнинг 13,5 мингтаси табиий газдан, 25,3 мингтаси эса электр энергетикасидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш билан боғлиқдир.
Энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари Навоий, Сирдарё ҳамда Тошкент вилоятларида бошқа ҳудудларга нисбатан кўпроқ аниқланган.
Мамлакатимизда айрим ҳуқуқбузарлар томонидан ҳисобот даврида 255 миллиард 200 миллион сўмлик табиий газ ҳамда 297 миллиард 300 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилиши натижасида давлат манфаатларига жами 552 миллиард 500 миллион сўмлик зарар етказилган.
Уларга нисбатан 220,1 миллиард сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари бўйича 236 та ва 139,5 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолатлари бўйича 479 та жиноят ишлари қўзғатилган.
Мисол учун, Фарғона вилоятининг Риштон туманида фаолият юритувчи МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасида ўрнатилган компрессор агрегатлари тижорат мақсадида электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 3 миллиард 600 миллион сўмлик электр энергияси талон-торож қилинган.
Хоразм вилоятининг Урганч туманидаги фермер хўжалиги эса ўзига қарашли бинода яширин йўллар билан қўшимча тармоқ тортиб, табиий газдан ноқонуний равишда фойдаланиб келган. Унинг бу жиноий қилмиши оқибатида давлат манфаатларига 3 миллиард 374 миллион сўмлик зарар етказилган.
Тошкент вилоятининг Тошкент туманида истиқомат қилувчи фуқаро ўз хонадонининг ертўласида майнинг қурилмаларини ҳисоблагичдан ташқари яширин йўл билан электр тармоғига улаб, ҳисобга олинмаган 3 миллиард сўмлик электр энергиясини исроф қилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 17,2 мингта маъмурий ҳамда 715 та жиноий иш расмийлаштирилиб, айбдорлар тегишли тартибда жазога тортилдилар.
Ҳурматли юртдошлар!
Агар Сиз энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланилиши, табиий газ ва электр энергияси тармоқларига рухсатсиз уланиб олиш ҳолатларига гувоҳ бўлсангиз, Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Ўзэнергоинспекция”нинг 71-200-02-86 рақамли “Ишонч телефони”га, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза этиш органларига мурожаат қилишингиз мумкин. Сизнинг шахсингиз сир қолиши кафолатланади.
Эслатиб ўтамиз, энергия ресурслари тармоқларига ўзбошимчалик билан уланганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарлик бор.
Масалан, ўзбошимчалик билан ҳисоблагичсиз тармоққа уланиш учун амалдаги тариф бўйича етказилган зарарнинг камида 3 баробарига тенг коэффициентда жарима қўлланилади.
Майнинг қурилмаларини тармоққа ноқонуний улаганлик учун эса етказилган зарарнинг 5 баробари миқдорида жарима қўлланилади.
Қолаверса, қонунчиликка кўра, умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик ёки табиий газ тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр энергиясини ва табиий газни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш йўли билан талон-торож қилиш — ўғрилик ҳисобланади.
Мазкур жиноят учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/44679
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати