Янгиликлар
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ЎҚИТУВЧИ ВА МУРАББИЙЛАР КУНИГА БАҒИШЛАНГАН ТАНТАНАЛИ МАРОСИМДАГИ НУТҚИ
  • 01.10.2020
  • 833

   Ўқитувчи ва мураббийлар – янги Ўзбекистонни барпо этишда катта куч, таянч ва суянчимиздир

   Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

   Қадрли муаллимлар!

   Муҳтарам устозлар!

   Бугун сиз, азизлар билан 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами арафасида учрашиб турганимдан бахтиёрман.

   Фурсатдан фойдаланиб, сизларни, жойлардаги студияларда ўтирган фидойи устозларимизни, “ойнаи жаҳон” орқали бугунги тантанали маросимни кўриб турган барча юртдошларимни ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этаман.

   Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз. Шу боис, мана шундай қувончли кунда барча шогирдларингиз, бутун халқимиз номидан сизларга юксак ҳурмат-эҳтиромимиз, эзгу тилакларимизни билдириб, чин дилдан таъзим қиламиз.

   Улуғ шоиримиз мавлоно Фурқат илм-маърифатни кўнгилларнинг сурури, кўрар кўзларнинг нури, деб таърифлаганини ҳаммамиз яхши биламиз.

   Дарҳақиқат, миллионлаб фарзандларимиз қалбига илм-фан зиёсини сингдириб, уларни эл-юртга муносиб инсонлар этиб тарбиялаётган заҳматкаш ва олижаноб устозларимизга ҳар қанча таҳсинлар айтсак, арзийди.

   Мен бугун билдирадиган фикрларни, аввало, ҳурматли муаллим ва ўқитувчиларга, қадрли тарбиячиларга, барча жонкуяр зиёлиларимизга йўлланган мурожаат сифатида қабул қилишингизни истардим.

 

   Азиз дўстлар!

   Хабарингиз бор, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқимда мен бошқа кўпгина муҳим масалалар қаторида Ёшлар ҳуқуқлари бўйича халқаро конвенцияни қабул қилишга оид Ўзбекистон ташаббусига яна бир бор жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини қаратдим.

   Ёшлар ҳуқуқи деганда, биз, биринчи навбатда, уларнинг тинч ва соғлом яшаш ҳамда таълим олишга бўлган тўлақонли ҳуқуқини тушунамиз. Шу боис, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг баркамол бўлиб вояга етиши, сифатли ва мукаммал таълим олишини таъминлаш биз учун ҳамиша устувор вазифа ҳисобланади.

   Бутун дунё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам коронавирус пандемиясини бошидан кечираётган ҳозирги мураккаб даврда мамлакатимиз таълим тизими ҳам жиддий синовга дуч келди. Бугунги қийин шароитга қарамасдан, давлатимиз томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар ва сизларнинг фидокорона меҳнатингиз билан бу борадаги ишларимиз изчил давом эттирилмоқда. Жумладан, қисқа муддат ичида юртимизда “онлайн мактаб” лойиҳаси ва масофавий таълим жорий этилди.

   Яқинда республикамизнинг аксарият мактабларида, карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, янги ўқув йили бошланди. Эзгу анъанамизга мувофиқ, қарийб 650 минг нафар 1-синф ўқувчисига Президент совғалари сифатида 72 миллиард сўмлик ўқув қуроллари топширилди. Шунингдек, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож, боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари ва ногиронлиги бўлган болаларга қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуролларидан иборат 426 миллиард сўмлик моддий кўмак берилгани ҳам ана шундай эзгу ишларимиз қаторига киради.

   Айни вақтда, бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, ўқувчи ва педагогларнинг саломатлигини асраш масаласи барчамизнинг алоҳида эътиборимиз марказида турибди. Шу мақсадда мактабларни зарур тиббий ва антисептик воситалар билан таъминлаш учун Инқирозга қарши кураш жамғармасидан 17 миллиард сўм маблағ ажратилди.

   Хабарингиз бор, бу йил 1,5 миллионга яқин ёшларимиз олий ўқув юртларига кириш учун ҳужжат топширди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 40 фоизга кўп демакдир. Биз мана шундай оғир вазиятда тест синовларини очиқ стадионларда, эпидемиологик хавфсизлик талабларига қатъий амал қилган ҳолда, муваффақиятли ўтказишга эришдик.

   Буюк давлат арбоби Индира Гандининг “Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз”, деган сўзларида катта ҳаётий ҳақиқат борлигини албатта ҳаммамиз яхши тушунамиз. Шунинг учун жорий йилда қишлоқ жойларда яшаётган, кам таъминланган оилаларга мансуб қизларимиз олий ўқув юртларининг кундузги бўлимида давлат гранти асосида ўқишлари учун 940 та ўрин ажратдик.

   Ўйлайманки, қизларимиз учун яратилган бундай қўшимча имконият яна юзлаб оилаларга билим ва маърифат нурини олиб киради. Бу, ўз навбатида, ёш қизларимизнинг келажакда жамият учун муносиб касб эгалари бўлиб камол топишига  пухта замин яратади. Биз бу борадаги ишларимиз кўламини бундан кейин ҳам янада кўпайтириб борамиз.

 

   Ҳурматли ватандошлар!

   Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

   Буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзлари бор.

   Қаранг, бу фикрлар милоддан аввал айтилган. Демак, инсоният онгли ҳаёт кечира бошлаган даврдан буён таълим ва тарбия масаласи, доимо долзарб аҳамият касб этиб келмоқда.

   Бир ўйлаб кўрайлик, дунёдаги ривожланган давлатлар қандай қилиб юксак тараққиёт ва турмуш фаровонлигига эришмоқда? Энг аввало, илм-фан ва таълимга қаратилган улкан эътибор туфайли эмасми?

   Шунинг учун ҳам кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда.

   Бу борада ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилингани сизларга яхши маълум. Мана, куни кеча тасдиқланган “Таълим тўғрисида”ги қонун ушбу соҳа тараққиётида, ҳеч шубҳасиз, янги уфқларни очиб беради. Қонунга мувофиқ, таълим олишнинг масофавий, инклюзив шакллари жорий қилинди, таълим ташкилотларига хорижий муассасалар билан қўшма факультет ва ўқув марказлари ташкил қилишга рухсат этилди. Шунингдек, ўқитувчиларга муаллифлик дастури ва ўқитиш услубларини жорий этиш, замонавий педагогик шакллар, ўқитиш ва тарбия усулларини эркин танлаш ҳуқуқи берилди.

   Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур англаб олиши керак.

   Тарихга назар солсак, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради.

   Мен юқорида Аристотелнинг фикрларини бежиз эсламадим. Ҳаммангизга яхши маълум, антик даврда Юнонистонда ёнган илм машъаласи тўққизинчи – ўн иккинчи асрларда Марказий Осиё ҳудудида қайта порлади. Бу даврда юртимиз ҳудудида биринчи Ренессанс юзага келди ва у бутун дунё тан оладиган машҳур даҳоларни етиштириб берди. Хусусан, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Маҳмуд Замаҳшарий сингари ўнлаб буюк алломаларимизнинг жаҳоншумул илмий-ижодий кашфиётлари умумбашарият тараққиёти ривожига беқиёс таъсир кўрсатди.

   “Ислом маданиятининг олтин асри” деб эътироф этиладиган бу даврда она заминимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Абул Муъин Насафий каби улуғ уламолар бутун мусулмон оламининг фахру ифтихори ва чексиз ғурури ҳисобланади.

   Ўн бешинчи асрда Соҳибқирон Амир Темур бобомиз асос солган ва унинг муносиб авлодлари давом эттирган муҳташам салтанат, юртимизда иккинчи Уйғониш, яъни иккинчи Ренессанс даврини бошлаб берди. Бу даврда Қозизода Румий, Мирзо Улуғбек, Ғиёсиддин Коший, Али Қушчи сингари беназир олимлар, Лутфий, Саккокий, Ҳофиз Хоразмий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби мумтоз шоир ва мутафаккирлар майдонга чиқди. Шарафиддин Али Яздий, Мирхонд, Хондамир каби тарихчилар, Маҳмуд Музаҳҳиб, Камолиддин Беҳзод сингари мусаввирлар, кўплаб хаттот ва созандалар, мусиқашунос ва меъморларнинг шуҳрати дунёга ёйилди.

   Донишманд халқимиз ҳар икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди.

   Бир ўйлаб кўрайлик, аждодларимиз бундай юксак чўққиларга қандай эришганлар? Улар, энг аввало, жаҳолатга қарши маърифат байроғини баланд кўтариб, ўз ақл-заковати ва салоҳиятини башарият яратган илм-фан ютуқларини чуқур ўрганиш ва бойитишга бағишлаганлар.

   Тан олиш керакки, биз ана шундай бебаҳо меросга кўпинча фақат тарихий ёдгорликка қарагандай муносабатда бўлиб келмоқдамиз. Бундай тенгсиз бойликни амалий ҳаётимизга татбиқ этишда бепарволик ва эътиборсизликка йўл қўймоқдамиз. Ваҳоланки, бундай ноёб мерос камдан-кам халқларга насиб этган. Биргина Фанлар академиясининг Шарқшунослик институти фондларида сақланаётган 100 мингдан ортиқ нодир қўлёзмаларга дунё аҳли ҳавас қилади. Биз бу ҳақиқатни ҳар томонлама теран англашимиз зарур.

   Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак. Бунинг учун олим ва мутахассисларимиз, ҳурматли уламоларимиз бу маънавий хазинани бугунги авлодларга содда ва тушунарли, жозибали шаклларда етказиб беришлари зарур.

   Шу муносабат билан Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Маданият вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Мусулмонлар идораси, Халқаро ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази буюк мутафаккирларимизнинг илмий-маърифий ва маданий меросини фундаментал асосда нашрга тайёрлаш, чоп этиш ва кенг оммага етказиш, шунингдек, уни ўрганиш методикасини ишлаб чиқиб, амалда қўллаш чора-тадбирларини кўрсин. Бу масалага Бош вазир ўринбосари Б.Мусаев масъул этиб белгиланади.

   Яна бир масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман: минг афсуски, ўн олтинчи асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Марказий Осиё заминида ички уруш ва низолар, ҳокимият учун кураш авж олди. Айирмачилик ва маҳаллийчилик кучайди, маърифат ўрнига жаҳолат илдиз отди. Натижада бир пайтлар гуллаб-яшнаган ўлкамизда ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий инқироз юзага келди. Илм-фан ва тафаккур машъали сўна бошлади. Юртимизнинг ўн тўққизинчи асрга келиб қарамликка тушиб қолишида айни шундай салбий ҳолатлар асосий сабаб бўлгани ҳаммамизга яхши аён.

   Кўпчилик зиёлилар қаторида мен ҳам бир фикрни ҳамиша катта армон билан ўйлайман: мамлакатимизда Учинчи Ренессансни йигирманчи асрда маърифатпарвар жадид боболаримиз амалга оширишлари мумкин эди. Нега деганда, бу фидойи ва жонкуяр зотлар бутун умрларини миллий уйғониш ғоясига бағишлаб, ўлкани жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, миллатимизни ғафлат ботқоғидан қутқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар. Шу йўлда улар ўзларининг азиз жонларини ҳам қурбон қилдилар. Улар “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас” деган ҳадиси шарифни ҳаётий эътиқод деб билдилар. Миллий истиқлол, тараққиёт ва фаровонликка, аввало, маърифат орқали, дунёвий ва диний билим, замонавий илм-ҳунарларни чуқур эгаллаш орқали эришиш мумкин, деб ҳисобладилар.

   Бу даврда Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунавварқори Абдурашидхонов, Убайдулла Хўжаев, Абдурауф Фитрат, Ибрат домла, Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Ашурали Зоҳирий, Ҳожи Муин ва бошқа яна юзлаб улуғ инсонлар миллий уйғониш ва миллатпарварлик ҳаракатининг олдинги сафларида турдилар. Улар янги усул мактаблари билан бир қаторда, одамларнинг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартиришга қаратилган газета-журналлар, нашриёт ва кутубхоналар, театрлар ташкил этдилар.

   Минг афсуски, жадид боболаримиз ўз олдига қўйган эзгу мақсадларни амалга оширишга мавжуд вазият, ижтимоий тузум йўл бермади. Маърифат фидойилари ўша даврнинг турли жоҳил кимсаларининг туҳмат-маломатларига дучор бўлдилар. Аввал чор ҳукумати, кейинчалик совет ҳукумати уларни аёвсиз қувғин ва қатағон қилди. Шу тариқа миллий уйғониш ва тараққиёт ҳаракати эл-юртимиз учун армон бўлиб қолди.

   Ватанимиз озодлиги ва халқимиз бахт-саодати йўлида жонини фидо қилган жадидларнинг илмий-маърифий, адабий-бадиий мероси биз учун бугун ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

   Биргина мисолга эътиборингизни қаратмоқчиман.

   Бу йил таваллудининг 145 йиллиги нишонланаётган улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ўз вақтида биз учун икки эмас, тўрт тилни билиш зарур, деб бонг урган эди. Беҳбудий бобомизнинг ушбу даъвати ҳозир ҳам ғоят долзарб бўлиб турибди.

   Қадрли муаллимлар, мен бугун Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан бир гуруҳ ватандошларимизни мукофотлаш тўғрисидаги Фармонни имзоладим. Ана шундай юртдошларимиз орасида Ватанимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, обод ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланганини сизларга ва бутун элимизга мамнуният билан айтмоқчиман.

   Ҳозирги вақтда мустабид тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ота-боболаримизнинг ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, жадидлар меросини янада чуқур ўрганиш ва уларнинг хотирасини абадийлаштириш бўйича қарор лойиҳаси тайёрланмоқда.

   Батафсил: https://president.uz/uz/

 

Манба: https://president.uz/uz/

 

 

 

МАЪРИФАТПАРВАР ЖАДИДЧИЛИК ҲАРАКАТИ НАМОЯНДАЛАРИНИ  МУКОФОТЛАШ ТЎҒРИСИДА

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

 

   Ватанимиз тарихининг ғоят мураккаб даврида – ХХ аср бошларида ўзининг маърифатпарварлик фаолияти ва фидокорона хизматлари билан миллий таълим-тарбия тизимини яратиш ҳамда юртимиз истиқлоли, халқимизнинг озодлиги ва эркинлиги, келажак авлодларнинг обод ва фаровон ҳаётини таъминлашга қўшган беқиёс ҳиссасини инобатга олиб, қуйидагилар «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотлансин:

   Абдулла Авлоний (марҳум)    -    маърифатпарвар адиб, педагог, жамоат арбоби

   Маҳмудхўжа Беҳбудий  (марҳум)    -    Туркистондаги жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан бири, адиб, педагог ва олим

   Мунаввар қори Абдурашидхонов (марҳум)    -    атоқли маърифатпарвар мураббий, адиб, муҳаррир ва жамоат арбоби

 

 

                                          Ўзбекистон Республикаси  Президенти                                                Ш.Мирзиёев

 

Манба: https://president.uz/uz/

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

 t.me/uzmetaxborotxizmati

>