Халқаро меҳнат ташкилотининг ташаббуси билан 2003 йил 28 апрелдан бери “Бутун жаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни” ҳар йили дунёнинг 100 дан ортиқ давлатларида нишонланиб келинмоқда. Шу муносабат билан бугун, 2024 йил 25 апрель, соат 11:00 да «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитаси, Мустаҳкамлик ва хавфсизлик техникаси хизмати мутахассислари, Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари Республика кенгаши мутахассилари бошчилигида “Хавфсизлик, саломатлик ва муносиб меҳнат” шиори остида видео-семинар ташкил этилди.
Видео-семинарда Ўзбекистон энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари Республика кенгаши Меҳнат инспекцияси бош техник инспектори Саидносир Саидмаҳмудов ҳамда Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими бош мутахассиси Шахзодбек Раҳмонов мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўтказилаётган тадбирлар, иш берувчи ва ходимлар учун меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини ошириш, ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳолатлари бўйича ўз вақтида ўрганиш ва текширишлар ўтказиш, келгусида бу каби ҳодисалар такрорланмаслиги учун йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни молиявий таъминлаш, барча корхоналарда хавфсизлик ва санитария-гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароити яратилишини таъминлаш, филиалларда сайланган “Меҳнатни муҳофаза қилиш вакиллари”нинг ҳуқуқ ва вазифалари ҳақида маъруза қилишди.
Мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган барча тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат Кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ҳамда бошқа қонуности ҳужжатлар билан тартибга солиниши ҳақида батафсил айтиб ўтишди.
«Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ Бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Н.Ж.Хидирова Акциядорлик жамиятининг 2022–2024 йиллар учун тузилган Жамоа шартномасидаги “Меҳнат муҳофазаси” бобига 25 та банд киритилгани ва 2023 йил якуни бўйича мазкур бобнинг барча бандлари бажарилгани ҳақида ҳисобот берди. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига оғишмай амал қилиниши, ходимларнинг соғ-саломат, муносиб меҳнат шароитларида ишлаши иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасининг биринчи галдаги вазифаси экани тўғрисида ўз мулоҳазаларини баён қилди. Семинар иштирокчилари томонидан келгусида янада кўпроқ шу каби тадбирларни ўтказиш таклифлари билдирилди.
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати