Янгиликлар
Кеча режадагига нисбатан 12 фоиз кўп (149,4 млн кубометр) газ истеъмол қилинди
  • 06.03.2024
  • 63

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 5 март куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берамиз.

 5 март куни электр станциялар орқали 240,3 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 2 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 42,3 млн кубометр табиий газ, 20,3 минг тонна кўмир ҳамда 10,4 минг тонна мазут ёқилди.

 Туркманистон Республикасидан 19,2 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

 Республика истеъмолчиларига 229,1 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 6 фоиз кўп электр энергияси етказиб берилди.

 Қишнинг совуқ кунларида магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетганлиги ҳамда аҳоли истеъмолчиларида электр энергиясига нисбатан талабнинг ошиб бориши туфайли 5 март куни мамлакатимиз бўйлаб асосан куннинг тиғиз вақтларида 850 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.

 Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, бугун ҳам куннинг тиғиз пайтларида маълум миқдорда чекловлар киритилиши кутилмоқда.

 Газ босимининг паст эканига қарамай, 5 март куни унинг истеъмоли аввалги кунларга нисбатан юқорилигича қолди. Кеча мазкур миқдор 149,4 млн кубометрни, режадагига нисбатан 12 фоиз кўпни ташкил қилди.

 Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини биринчи навбатда табиий газ билан таъминлаш ҳамда қувурлардаги босимни бир меъёрда тутиб туриш мақсадида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари иш фаолияти маҳаллий ҳокимликлар томонидан тасдиқланган режа-график асосида тизимли равишда йўлга қўйилган.

 Кеча мамлакатимиздаги 848 та ана шундай шохобча орқали аҳолига ва ижтимоий соҳалар объектларига тегишли автомобиллар, шунингдек, жамоат транспортларининг барча турларига 9 миллион 13 минг кубометр табиий газ сотилди. Шунингдек, автомобилларга газ қуйиш станциялари орқали жами 940 минг тонна суюлтирилган газ етказилди.

 Аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари автобензин ҳамда дизель ёнилғиси билан мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қоплайдиган даражада таъминланмоқда. Хусусан, 5 март куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан юртимиздаги барча автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 6 минг 214 тонна автобензин етказиб берилди.

 Шунингдек, биржа савдоларига автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида сотиш учун 13 минг 310 тонна автобензин, 1 минг 296 тонна дизель ёнилғиси қўйилган бўлиб, ундан 8 минг 70 тонна автобензин ҳамда 817 тонна дизель ёнилғиси сотилди.

 Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар 24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.

 Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

 Кеча мамлакатимиз бўйлаб электр қурилмаларида юзага келган 5 та, газ таъминотида юзага келган 1 та носозлик бартараф қилинди.

 Қайд этиш жоизки, қиш кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф қилиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган махсус бригадаларнинг 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлари туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқдалар.

 5 март куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 496 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

 Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 229 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

 Шу ўринда истеъмолчилардан яна бир марта иситиш мосламаларига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, газ ускуналаридан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя этишларини илтимос қилиб қоламиз.

 Энергоресурслардан ҳам тежамкорлик билан фойдаланиш, ишлатилмаётган электр ускуналарини тармоқдан узиб қўйиш, беҳуда ёнаётган чироқлар, реклама ёриткичлари ҳамда бошқа манбаларни ўчириб юриш орқали электр тармоқларига тушадиган кучланишни камайтиришимиз мумкинлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.

Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сиз электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммога дуч келсангиз, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/42561

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>