Янгиликлар
Кеча Туркманистон Республикасидан 21,6 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди
  • 19.02.2024
  • 55

Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев маълум қилди.

Кеча, 18 февраль куни истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида маълумот берамиз.

 18 февраль куни барча электр станциялар орқали жами 231,4 млн кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 40,3 млн кубометр табиий газ, 26,3 минг тонна кўмир ҳамда 10,7 минг тонна мазут ёқилди.

 Туркманистон Республикасидан 21,6 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

 Шунга қарамай, кеча электр энергияси етказиб бериш бўйича дефицит 6,4 млн кВт·соатни ташкил этиб, мамлакатимиз бўйлаб куннинг тиғиз вақтида 400 МВтгача чекловлар киритилишига мажбур бўлинди.

 Республика истеъмолчиларига 225,6 млн кВт·соат электр энергияси етказиб берилди. Табиий газ истеъмоли 151,6 млн кубометрни ташкил қилди.

 Аввал хабар қилганимиздек, 17 февраль куни Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол туфайли 110 кВ кучланишга эга “Л-Газли-1” ҳамда “Л-Газли-2” электр узатиш тармоқларининг авариявий ўчиши натижасида “Газли” компрессор станциясидаги 8 та ҳамда “Газли” газни қайта ишлаш заводига қарашли “Учқир” компрессор станциясидаги 2 та газ ҳайдаш агрегати фавқулодда тўхтаган.

 Оқибатда табиий газ ҳажми меъёрий схемадагидан қисқариб, магистраль газ қувурларида босим нисбатан пасайган.

 Газ босимининг камайишини инобатга олган ҳолда, биринчи навбатда, аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги барча метан заправкалар фаолияти вақтинчалик тўхтатилди ва бу чеклов бугун ҳам давом этади.

 Магистраль газ қувурларида газ босимининг кескин тушиб кетиши мумкинлигини инобатга олиб, республика истеъмолчилари ҳамда иссиқлик электр станцияларини табиий газ билан бир маромда таъминлашда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатларни бартараф этиш мақсадида яна бошқа зарур чоралар ҳам кўрилмоқда.

 Ҳозирги вақтда 110 кВли “Л-Газли-1” ҳамда “Л-Газли-2” электр узатиш тармоқларида таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Газ ҳайдаш агрегатлари фаолиятини босқичма-босқич йўлга қўйиш устида ишланмоқда.

 Кеча мамлакатимиздаги 133 та метан заправка орқали ижтимоий соҳа – тиббиёт муассасалари ҳамда шу каби бошқа объектларга тегишли автомобилларга 700 минг кубометр табиий газ етказиб берилди.

 Автобензин ва дизель ёнилғиси аҳоли ҳамда иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжини қоплайдиган даражада етказиб берилмоқда. Хусусан, 18 февраль куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти томонидан автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларига 1 минг 126 тонна автобензин етказиб берилди.

 Вазирлик тизимидаги ташкилотлар корхоналарида қазиб чиқариш ва ишлаб чиқариш ишлари ўрнатилган тартибда олиб борилмоқда. Барча корхоналарда тузилган штаблар

24 соатлик навбатчилик режими асосида ишлаяпти.

 Республика ҳудудлари бўйлаб қишнинг совуқ кунларида истеъмолнинг кўпайиши туфайли электр тармоқлари ҳамда трансформатор пунктларида юкламаларнинг ортиши ҳисобига юзага келаётган носозликлар ҳам тезкор бартараф этиб борилмоқда.

 Хусусан, кеча мамлакатимиз бўйлаб қаттиқ шамол ва кучли қор ёғиши туфайли электр қурилмаларида юзага келган 9 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди.

 Жумладан, кеча Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги 700 та истеъмолчи, Бухоро вилоятининг Ромитан, Бухоро, Олот, Когон ҳамда Жондор туманларидаги 15 мингта истеъмолчи, Самарқанд вилоятининг Самарқанд, Пастдарғом, Булунғур, Жомбой, Тайлоқ ва Пайариқ туманларидаги жами 35 мингта истеъмолчи, Сурхондарё вилоятининг Бандихон туманидаги 1 минг 150 та истеъмолчи, Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур, Яшнобод, Сергели ва Янги ҳаёт туманларидаги 1 минг 240 та истеъмолчи, Андижон вилоятининг Андижон туманидаги 980 та истеъмолчи куннинг турли вақтлари давомида электр таъминотидан узилган.

 Таъкидлаш жоизки, қишнинг совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни тезкор бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида тузилган 1 минг 691 та махсус бригада сафида меҳнат қилаётган 7 минг 300 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар туну кун ишлаб, жойларда муаммоларни зудлик билан бартараф этмоқдалар.

 18 февраль куни электр таъминотидаги узилишлар юзасидан Энергетика вазирлиги тизим ташкилотларига истеъмолчилардан 322 та мурожаат келиб тушди ва барчаси махсус бригадалар томонидан бартараф этилди.

 Табиий ҳамда суюлтирилган газ таъминоти бўйича келиб тушган 178 та мурожаат бўйича ҳам тегишли тартибда тезкор чора-тадбирлар кўрилди.

  Ҳурматли истеъмолчилар! Агар Сизда электр энергияси ва газ таъминоти бўйича қандайдир муаммолар пайдо бўлса, электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақамига, шунингдек, 71-207-23-76 телефон рақами ёки “Телеграм”даги @het_admin администраторга, газ таъминоти юзасидан 1104, 104 қисқа рақамларига, шунингдек, 71-202-11-04 телефон рақами ёки “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги махсус гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин.

Манба: https://t.me/Rasmiy_xabarlar_Official/42124

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>