Янгиликлар
Энергетикада дунё лидери: Хитой бунга қандай эришди?
  • 11.02.2024
  • 75

Аграр давлатдан катта тезликда саноатлашувга эришган, электр қуввати бўйича АҚШни ортда қолдириб дунё етакчисига айланган Хитойнинг муваффақият тарихи – бу ўлканинг бир нечта шаҳарларида бўлиб қайтган Kun.uz мухбири нигоҳида. Хитойда электр энергияси нархи қанча, у ерда ҳам свет ўчадими? Репортажда шу каби саволларга ҳам жавоб топасиз.

 

 
Қишлоқ хўжалигидан саноатга...

 Ўзининг узоқ тарихи давомида анъанавий равишда қишлоқ хўжалиги мамлакати бўлган Хитой 1950 йилдан бошлаб оғир саноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор бера бошлади. Мамлакатда ижтимоий тажрибалар бир қатор муваффақиятсизликларни юзага келтирган бўлса-да, шунга яраша ривожланиш ҳам юқори суръатда ўсиб борди.

1976 йилдан бошлаб мамлакатда фаол иқтисодий ўсиш бошланди. Савдо-сотиқ, борди-келди авж олаётган денгизга туташ порт ҳудудлар, кескин ошиб бораётган аҳоли сони, шаҳарларнинг саноатлашиши, қишлоқ жойларини жадал электрлаштириш ва ўрта синф ҳаётининг фаровонлашуви ҳам янада кўпроқ электр энергияси истеъмоли, дегани эди.

Кейинги 20-25 йилларда Хитойда нисбатан паст энергия истеъмоли мавжуд бўлиб, у асосан ички ресурслар ҳисобидан, яъни кўмир билан ёқиладиган иссиқлик электр станциялари ҳисобига қондириларди.

 

 

Ривожланиш йўлини мақсад қилган Хитой уни келажакда кутаётган электр эҳтиёжларига тайёр туриши керак эди. 1995-2005 йиллар орасида энергия қуввати 66 GWдан 622 GW, яъни 10 бараварга ошди.

Бу орада бошқа муқобил энергия манбалари сифатида кўмирга қўшимча гидроэнергетика ва атом энергиясидан фойдаланиш ортидан мамлакатда ишлаб чиқарилган қувват 2008 йилда 797 GWни, 2010 йил охириг а келиб эса 950 GWни ташкил этди.

 

 

Айтиш жоизки, Хитой ядро дастури ўтган асрнинг 50-йилларида ҳарбий мақсадларда ишга туширилган. 1964 йилда биринчи ядровий қурол синовлари бўлиб ўтгач, 1970 йилда Шанхайда Ядро муҳандислиги илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти ташкил этилди. Ушбу воқеа Хитойда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланишнинг бошланғич нуқтаси бўлди ва биринчи атом электр станцияси 1985-1991 йилларда Циншанда қурилди.

 

 

Кўмир ҳар доим Хитойнинг энергия балансида муҳим ўрин эгаллаб, барча истеъмол қилинадиган ресурсларнинг 70 фоиздан ортиғини ташкил қилган.

1992 йилдан бошлаб давлат аста-секин кўмир нархлари устидан назоратни пасайтира бошлади, аммо бу либераллашувга олиб келмади. Балки нархлар охир-оқибат йирик давлат ишлаб чиқариш корхоналари ва якуний маҳсулотнинг йирик харидорлари ўртасидаги келишув асосида белгилана бошлади. Натижада, юқори сифатли тошкўмирнинг ички нархлари халқаро нархлардан бир тонна учун 5-7 долларгача қимматлашиб кетди.

 

 

Маҳаллий кўмир нархининг юқорилиги ва транспортдаги муаммолар, кўмир истеъмолининг ўсиши билан бирга Хитой 2007 йилнинг биринчи чорагида илк марта кўмирнинг соф импортчисига айланди.

2009 йилда Хитой қайта тикланадиган энергия манбалари бўлмиш умумий қуввати 226 GW бўлган гидро, шамол, биогаз ва фото электр станцияларини ишга туширди. 2016 йил апрел ҳолатига кўра, умумий қуввати 28,8 GWли 17 та атом электр станцияси мамлакат умумий электр энергиясининг 3 фоиздан кўпроғини ташкил этарди.

 

 

2009 йил охирида Хитойнинг 90 га яқин компанияси шамол турбиналари, 50 дан ортиқ компания парраклар ва 100 га яқин компания турли компонентлар ишлаб чиқарди. 2010 йилда Хитой 40 GW чегарадан ошиб, ўрнатилган шамол турбинаси қуввати бўйича АҚШни ортда қолдириб, жаҳон етакчисига айланди ва бугун Хитой энергетика қувватининг ҳар қандай йўналиши бўйича дунё гегемонига айланди.

 

 

Бугунги Хитой энергетикаси

Бошқа давлатлардаги энерготизим ҳақида гап кетганда, энг аввало, электр энергияси нархлари ва “у ерда ҳам электр узилишлари бўладими?” деган энг содда, аммо асосли саволлар ҳам хаёлдан ўтади. Бу саволларни ҳам жавобсиз қолдирмаймиз. Ҳозир эса Хитой энергетикасининг бугунги ҳолати ҳақида қисқача гапирмасак бўлмайди.

The New York Times газетасига кўра, 2011 йилгача ҳам Хитойда электр узилишлари бўларди. Хитой бугун қайта тикланувчи энергия қурилмаларини ишлаб чиқариш ва эксплуатацияси бўйича ҳам етакчи бўлишига қарамасдан, мамлакатнинг умумий энергия истеъмолида кўмир устунлик қилади. 2020 йилга келиб, кўмир билан ишлайдиган заводларнинг 40 фоизидан ортиғи соф зарар билан ишлаётгани тахмин қилинган ва улар янги қайта тикланадиган энергия манбаларидан қимматроқ эди. Бу зарар 2025 йилга келиб 94 фоиз бўлиши ҳам мумкин.

Шунга қарамасдан, бу турдаги анъанавий электр қувватидан воз кечиш кечиктирилаверади. Чунки сув ҳам, шамол ва қуёш ҳам доимий бўлмаслиги мумкин. Иқтисодий ривожланган давлат учун эса доимий, ишончли электр манбаси керак. Бунга эса кўмирда ишлайдиган электр станциялар ечим сифатида кўрилади. Аммо 2040 йилга бориб, Хитой электрда кўмир қувватидан воз кечиши ҳам мумкин. Маълумот учун, 2022 йилда умумий электр қувватининг ярмидан кўпроғи кўмирни ёқиш орқали олинган.

 

 

Аммо ундан фойдаланиш зарарли газларнинг энг ёмон эмиссиясидир. Бу Хитойни энг катта карбонат ангидрид эмитентига айлантиради, яъни дунёнинг кўмир билан заҳарланишида Хитойнинг улуши 37 фоиздан кўпроқ.

Шу ўринда Хитой қайта тикланадиган энергиянинг муҳим ишлаб чиқарувчиси бўлган мамлакат. Қисқача айтганда, давлат ҳам табиатни зарарлайди, ҳам уни ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшади.

Гидроэнергетика тизими ҳозирда Хитойнинг энг йирик қайта тикланадиган энергия манбаи бўлиб, кўмирдан кейин иккинчи ўринда туради. 2021 йилда гидроэнергетика 1300 тераватт-соат энергия ишлаб чиқарди, бу Хитой умумий электр энергиясининг 15 фоизини ташкил этди. Хитойнинг қазиб олинадиган ёқилғи захиралари етарли эмаслиги ва ҳукуматнинг энергия мустақиллигини афзал кўриши сабабли гидроэнергетика мамлакатнинг энергетика сиёсатида катта рол ўйнайди.

2023 йил феврал ҳолатига кўра, Хитойда 57 GW қувватга эга 55 та, 24 GW қувватга эга 22 та қурилаётган жами 70 дан ортиқ атом станциялари мавжуд. Бу миқдор мамлакат электр энергиясининг 5 фоизга яқинини ташкил қилади.

 

 

Хитой энергетикасини ривожлантириш бўйича миллий стратегияда 2030 йилгача ядровий реакторлар сонини 110 тага етказиш режалаштирилган. 2020 йилда Хитой халқ республикаси раҳбари Си Жинпинг Париж иқлим келишувига мувофиқ Хитой 2060 йилга келиб углеродни нейтраллаштиришни мақсад қилганини эълон қилди.

 

 

Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлиги

Хитой ва Ўзбекистонинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари, айниқса, сўнгги йилларда жадаллашиб кетди. Аҳоли сони ва иқтисодиёти ўсиб бораётгани ортидан электр энергиясига бўлган талаб тобора ортаётган Ўзбекистон Хитой учун яхши бозор, Хитойнинг логистик жиҳатдан яқин ва қулай географик жойлашуви, узоқ йиллик синовлардан ўтган тажрибаси ҳамда дунёда соҳадаги етакчилиги Ўзбекистон учун ҳам айни муддао.

 

 

Ўзбекистон ҳудудларида барпо этилаётган шамол ва қуёш электр станциялари қурилишида у ёки бу кўринишда Хитой компанияларининг иштироки бор. Ва уларнинг барчаси Хитойнинг етакчи компаниялари. Биз мазкур компанияларнинг ишлаб чиқариш қуввати, ишлаш усуллари, янги технологиялардан қандай фойдаланишаётгани ҳамда бугунги муваффақиятлари билан танишиш мақсадида Энергетика вазирлиги билан Хитойнинг Пекин, Сиан ва Ченгду шаҳарларида бўлдик.

 

 

Шу кунгача 140 дан ортиқ давлатда 300 дан зиёд лойиҳаларни ишга туширган “China Energy Engineering Corporation” компаниясининг бош офисидамиз. Компания ўз хизматлари билан дунё яшил энергетикасига ҳисса қўшиб келмоқда.

 

 

Пекиндан кейинги манзилимиз Сиан шаҳри бўлди. Мақсадимиз Ўзбекистон билан яна бир йўналишда ҳамкорлик қилаётган “China XD” компаниясидаги ишлаб чиқариш жараёнларини кўриш эди.

1955 йилда ташкил топган компания энг кичигидан бошлаб энг қувватлисигача бўлган электр қурилмалар, яъни подстанциялар, куч трансформаторлари, изоляторлар, ўчиргичлар ишлаб чиқаради. Жуда юқори кучланишларга бардошли бўлган йирик ҳажмдаги қурилмалар тайёрланадиган бу корхона дунёда уникал дея баҳоланади.

“China XD” компанияси Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб 100 та подстанция қуриш ва модернизация қилиш ҳамда турли кучланишдаги электр узатиш тармоқларини бунёд этиш лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Қуёш панеллари бозорида энг кучли брендлар қаторига кирувчи “Longi” компанияси кетма-кет уч йил давомида қуёш модулларини катта ҳажмда етказиб бериш бўйича етакчилик қилиб келади. Ченгду шаҳрида 2000 йилда ташкил этилган компания бугун дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатида фаолият юритиб келади. Ўзбекистоннинг Нишон ва Қоровулбозор туманларида барпо этилаётган, ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган йирик қувватли қуёш фотоэлектр станциялари учун қуёш панеллари ҳам мазкур корхона маҳсулоти ҳисобланади.

 

 

Хитойга қилган сермаҳсул сафаримиз давомида Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон ва Жиззах вилоятидаги Ғаллаорол туманларида ҳар бирининг қуввати 220 МВтдан бўлган иккита қуёш фотоэлектр станцияси қурилишида бош пудратчи сифатида қатнашаётган Ченгдудаги “Donfang electric corporation” электр машинасозлик заводи ҳамда Пекинда жойлашган, бугун Хитойдаги 1 миллиарддан ортиқ аҳолини электр энергияси билан таъминлаётган дунёдаги энг йирик электр таъминот компанияси ҳисобланмиш “State Grid” корпорацияси тажрибалари билан ҳам танишдик.

Электр энергияси учун нархлар

“Global petrol prices”га кўра, 2023 йилнинг июн ойида Хитойда уй хўжаликлари учун электр энергияси нархи бир кВт-соат учун 0,077 АҚШ доллари ёки ўзбек сўмида деярли 900 сўмни ташкил этади. Таққослаш учун, дунё бўйича ўша даврда электр энергиясининг ўртача нархи уй хўжаликлари учун 0,154 АҚШ доллари (1900 сўм) бўлган. Бу рўйхатда Ўзбекистон 300 сўм билан энг арзон 14 таликдан ўрин олган.

 

 

Бундан ташқари? Хитойда электр учун тўловлар табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади. Яъни, тарифлар қуйидагича:

   ♦  240 киловатт-соатгача 900 сўм атрофида (0,5 юан);

   ♦   240-400 киловатт-соат орасида 1110 сўм атрофида (0,64 юан);

   ♦   400 киловатт-соатдан ортиқ истеъмол учун тахминан 1543 сўм (0,89 юан).

 

 

Хитойда свет ўчадими?

2021 йилнинг кеч кузи. Хитойда энергетика инқирози кучайиб, заводлар ишида узилишлар бошланди. Шаҳарларда ҳам электр қувватидан маҳрум бўлиб, бир нечта провинциялардаги аҳоли ижтимоий тармоқларда уйлари иситишдан тўхтагани, кўчалардаги светофорлар ишламаётгани ҳақида ёзишни бошлади. Баъзи шаҳарларда аҳолидан электр энергиясига талаб энг юқори бўлган вақтларда электр қозон ва микротўлқинли печлардан фойдаланмаслик сўралади. Савдо марказлари кутилганидан эртароқ ёпилади.

Хитой оммавий ахборот воситаларида Шеняндаги қоп-қоронғи автомагистралда ҳаракатланаётган машиналар акс этган видео ҳам кўрсатилади.

Шу билан бирга, Хитойнинг яна ўнта вилояти, жумладан, саноат марказлари аллақачон электр энергияси истеъмолига чекловлар жорий этади.

Бундай электр узилишлари мамлакатдаги 100 миллион одамларнинг ҳаётига таъсир қилиб, “Goldman Sachs” инвестиция банки Хитойнинг иқтисодий ўсиши бўйича прогнозини ўша пайтдаёқ 8,2 дан 7,2 фоизга пасайтирди. Мазкур банк ҳисоботларига кўра, электр танқислиги Хитой саноат фаолиятининг 44 фоизига таъсир қилган.

Хитой ўзини ўзи электр билан таъминлай олмайдими?

Электр энергетика саноатида бугун дунё гигантига айланган Хитой учун электр узилиши парадокс ҳолат эди. Наҳотки, мамлакат ўзини ўзи электр билан таъминлай олмаса, деган ҳақли савол ўртага чиқади.

 

 

Хитойнинг энергия истеъмоли йилига қарийб 7 триллион киловатт-соатга етади. Электр энергияси ишлаб чиқарувчи барча объектларнинг умумий ишлаб чиқариш ҳажми эса йиллик 7,2 триллион киловатт-соатни ташкил этиб, бу республика истеъмолининг 105 фоизи демакдир. Хитой ўзини ўзи ишлаб чиқарган энергия билан таъминлаши мумкин. Шунга қарамай, Хитой хорижий давлатлар билан энергия савдосини ҳам амалга оширади. Соф истеъмол билан бир қаторда ишлаб чиқариш, импорт ва экспорт муҳим рол ўйнайди.

Унда нега электр узилиши кузатилди?

2021 йилда эндигина пандемия чекловлари ечилаётган шароитда оммавий электр танқислигига:

   ♦  электр энергиясига талабнинг динамик ортиши;

   ♦  кўмир ва газ нархининг тез ўсиши;

   ♦  ҳукуматнинг кўмирдан чиқадиган газ чиқиндиларини камайтириш бўйича экологияга оид қарори сабаб бўлади.

Натижада заводлар ўз ишларини давом эттириш учун қимматбаҳо электр генераторларини ижарага олишга мажбур бўлишди. Компаниялар раҳбарларидан бирининг сўзларига кўра, бундай генераторни ижарага олиш ва дизел ёқилғиси сотиб олиш харажатлари аввал етказиб берилган электр энергиясидан икки баравар юқори. Бу ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига ва шу ўринда товарларнинг умумий нархига ҳам таъсир қилмасдан қолмади.

 

Хитой бундан тегишли хулоса чиқариб, иқтисодиёт ўсиши, нархларнинг барқарорлиги ва мамлакатнинг жаҳон бозоридаги нуфузини сақлашда электр энергетикасининг ўрни қанчалик муҳим эканлигини англаган ҳолда ҳудудларни бир-бирига уланган узлуксиз энергия билан таъминлаш масаласини жиддий кўриб чиқади ва бу хато бошқа такрорланмаслигини таъминлаб келмоқда.

Сардорбек Усмоний,
Пекин – Сиан – Ченгду.

 

Манба: https://kun.uz/34476076

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>