Янгиликлар
Пресс-тур: ОАВ вакиллари Пекин шаҳрида Хитой энергетика компаниялари фаолияти билан танишишмоқда
  • 02.02.2024
  • 67

Хитой Халқ Республикаси энергетика тизими, унда қўлланилаётган илғор технологиялар ҳамда рақамлаштириш жараёни билан танишиш мақсадида юртимиздаги қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ва блогерларнинг мазкур мамлакат энергетика компанияларига пресс-тури ташкил қилинди.

Бугун, 1 февраль куни пресс-тур қатнашчилари “China Energy Engineering Corporation” компаниясининг Пекин шаҳридаги бош офисида бўлишиб, ушбу халқаро компания фаолияти билан яқиндан танишишди.

Мазкур компания 2011 йили ташкил этилган бўлиб, унда 120 минг нафар ишчи-ходимлар фаолият юритади. Унинг умумий активлари 154 млрд АҚШ долларига тенг бўлиб, электр энергетикаси бўйича дунёнинг барча қитъасидаги 140 дан ортиқ давлатларда лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Айтиш жоизки, ҳозиргача компания томонидан ушбу йўналишда умумий 1060 ГВт қувватга эга 300 дан зиёд лойиҳалар ишга туширилган.

Пресс-тур чоғида иштирокчилар компаниянинг электр станцияларини лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда уларга сервис хизмати кўрсатиш сингари йўналишлардаги тажрибалари билан танишдилар. Иссиқлик электр станциялари ва гидроэлектростанция сингари анъанавий электр станциялари билан бир қаторда, қуёш фотоэлектр станцияси, шамол фотоэлектр станцияси ва атом электр станцияси сингари «яшил» энергетика манбаларини қуриш ҳамда сақлаб туриш борасидаги имкониятлари тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлдилар. Шунингдек, компаниянинг юртимизга инвестиция киритиш борасидаги фаолияти тўғрисида ҳам ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Мазкур компания юртимизда қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида умумий қиймати 2 млрд 450 млн долларга тенг лойиҳаларини амалга оширмоқда.

Хусусан, Сирдарё вилоятида барпо этилаётган замонавий иссиқлик электр станцияси қурилишида пудратчи сифатида иштирок этаётган бўлса, Каттақўрғон туманида тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига қўмир ёқилғисида ишлайдиган (табиий газни тежаш учун) замонавий, энергия самарадор цемент заводини барпо этди.

Компания Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та қуёш фотоэлектр станциясини барпо қилмоқда.

2023 йил 27 декабрь куни ушбу электр станцияларнинг дастлабки қувватлари умумий тармоққа уланди ва ҳозирги кунда Ўзбекистон энергетика тармоғига экологик тоза “яшил” энергия етказиб беряпти.

Бундан ташқари, Навоий вилоятида қуввати 600 МВт бўлган гибрид электр станциясини (қуёш, шамол ва электр энергиясини сақлаш тизими) қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Шу билан бирга, Тошкент, Фарғона, Андижон ҳамда Наманган вилоятлари ҳудудида 8 та электр энергиясини сақлаш тизимларини қуриш лойиҳаси рўёбга чиқариляпти.

Telegram | Facebook  | Instagram  | YouTube

Манба: https://t.me/minenergy_uz/10418

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>