Янгиликлар
Бош прокуратура: Жиноий гуруҳ томонидан жами 1,1 млрд. сўмлик 568,5 тонна газ конденсати ёқилғиси талон-торож қилинганлиги аниқланди
  • 29.01.2024
  • 78

Жорий йил 25 январь куни ўтказилган тезкор тадбирда 5 нафар фуқаролар ўзаро жиноий гуруҳ ташкил қилишиб, Нишон тумани “Ширинобод” маҳалласи ҳудудидан кесиб ўтувчи “Epsilon Development company” МЧЖ шаклидаги хорижий корхонага тегишли газ конденсати қувурини тешиб, жўмрак ўрнатиш орқали қиймати 17,4 млн. сўмлик 8,9 тонна конденсат ёқилғисини ўғирлаб чиққан вақтда далилий ашёлар билан ушланган.

Олиб борилган текширув ҳаракатлари давомида мазкур жиноий гуруҳ томонидан жами 1,1 млрд. сўмлик 568,5 тонна газ конденсати ёқилғиси талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Қарши ихтисослаштирилган прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, 5 нафар шахс процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳурматли фуқаролар!

Энергия ресурсларидан қонуний тартибда ва оқилона фойдаланинг.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини фош этишга қаратилган кучайтирилган рейд тадбирлари давом этмоқда.

Шуни унутмангки, энергоресурслардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари фош этилади ва жазо муқаррарлиги таъминланади.

Бош прокуратуранинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига аъзо бўлинг!

Telegram | Instagram | YouTube | Veb-sayt

Манба: https://t.me/uzbprokuratura/36231

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>