Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотларида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбуриятларга риоя этилиши ҳолати мониторинг тартибида ўрганилиб, йўл қўйилаётган тизимли камчиликлар таҳлил қилинди.
Мониторингда 93 та вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 2023 йил 3-чорагидаги фаолияти мобайнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6247-сон фармонида белгиланган ижтимоий аҳамиятга молик 35 та тоифадаги маълумотларни эълон қилиш даражаси ўрганилди.
Маълумот учун: мониторингда 21 та вазирлик, 7 та қўмита, 11 та агентлик, 7 та марказий муассаса, 13 та ҳокимлик ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, 23 та давлат улуши мавжуд ташкилот ва 10 та банк томонидан маълумотларни белгиланган ахборот ресурсларида эълон қилиниши таҳлил қилинди.
Мониторинг қилинган 93 та вазирлик, идора ва ҳокимликлар томонидан умумий 52 % самарадорлик кўрсаткичи (эълон қилиниши лозим бўлган 1103 та маълумотлардан 577 таси эълон қилинган) қайд этилди.
Ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни эълон қилиш даражаси 8 та давлат органи фаолиятида 100%, 11 тасида 80 %дан юқори, 23 тасида 50 %дан юқори ва 51 тасида 50 %дан паст самарадорлик кўрсаткичларида ижро этилган.
Шунингдек, идоралар кесимида ижро самарадорлиги вазирликлар фаолиятида 66 %ни, қўмиталарда 56 %ни, агентликларда 54 %ни, ҳокимликларда 56 %ни, давлат улуши мавжуд ташкилотларда 43 %ни, банкларда 32 %ни ва марказий муассасаларда 31 %ни ташкил этган.
Таҳлилларга кўра, ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни очиқ эълон қилиш даражаси бўйича энг қониқарсиз кўрсаткич марказий муассасалар, давлат улуши мавжуд ташкилотлар ва банклар ҳиссасига тўғри келади.
Мониторинг жараёнида аниқланишича, давлат органлари томонидан аксарият ҳолларда бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларнинг харажатларига оид маълумотларни очиқ эълон қилишда жиддий камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Жумладан, давлат органлари фаолиятидаги давлат харидлари тўғрисидаги маълумотлар 47 %, мансабдор шахсларнинг хизмат сафарлари ва хориждан ташриф буюрган меҳмонларни кутиб олиш харажатлари 44 %, хизмат автомототранспорт воситалари, хизмат уйлари ва бошқа кўчмас мулклар тўғрисидаги маълумотлар 59 %, харажатлар сметаси тўғрисидаги маълумотлар 42% кўрсаткичларда эълон қилинган.
Ўрганиш якунига кўра, Агентлик томонидан 23 та давлат органлари ва ташкилотларига очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўйган масъул ходимларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисида тақдимнома киритилди.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги
Ахборот хизмати
Манба: https://aca.uz/oz/article/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати