Компания томонидан бугунги кунга қадар 333 та ижтимоий соҳа объекти ва давлат идораларида умумий қуввати 18,8 МВтга тенг бўлган қуёш фотоэлектр станциялари фойдаланишга топширилди.
Мазкур ўрнатилган қуёш панеллари орқали ҳозирги кунгача 4 млн 531 минг кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг натижасида тармоқдан олинадиган шу миқдордаги электр энергияси тежалишига эришилди.
Фойдаланишга топширилган қуёш фотоэлектр станцияларининг иш режимларини доимий назорат қилиш, юзага келган носозликларни ўз вақтида аниқлаш ҳамда бартараф этиш, кунлик (соатлик) ишлаб чиқарилган электр энергияси бўйича таҳлилларни олиб бориш мақсадида Хитойнинг “Huawei” компанияси билан биргаликда “Диспетчерлик маркази” ташкил этилди.
Бунда асосий вазифалардан бири – компания томонидан объектларда ишга туширилган диспетчерлик назорати тизимидаги қуёш фотоэлектр станцияларининг ишлаш принципини мувофиқлаштириш, улар орқали ишлаб чиқарилган электр энергиясининг ҳисобини юритиш ва ҳар бир объект кесимида маълумотларни шакллантириш ҳамда электр энергиясининг узилиши билан боғлиқ бўлган фавқулодда вазиятларни тезда бартараф этишдан иборатдир.
Марказда замонавий дастурлар орқали компанияга тегишли бўлган республиканинг исталган нуқтасидаги объектда ўрнатилган қуёш фотоэлектр станциясининг йиллик, чораклик, ойлик, кунлик, ҳаттоки соатлик ишлаб чиқарган электр энергияси миқдорини ҳамда шу фотоэлектр станциясида ўрнатилган барча қурилмаларнинг параметрларини кўриб бориш мумкин. Бирон-бир қурилмада юзага келган носозлик шу ердан туриб дастур орқали аниқланади ва компаниянинг тегишли ходимига юзага келган ҳолат бўйича аниқ маълумот берилади.
Манба: https://t.me/minenergy_uz/9493
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати