Янгиликлар
«ЖИЗЗАХ МАГИСТРАЛ ЭЛЕКТР ТАРМОҚЛАРИ» ФИЛИАЛИ: ЭЛЕКТР УСКУНАЛАРНИ 2020–2021 ЙИЛ КУЗ-ҚИШ МАВСУМИГА ТАЙЁРЛАШ ИШЛАРИ
  • 20.06.2020
  • 790

   Барчамизга маълумки, халқ хўжалиги объектлари электр таъминоти сифатли ва узлуксиз бўлиши учун электр ускуналарини олдиндан белгиланган режалар асосида таъмирлаш мақсадга мувофиқ. Айниқса, куз-қиш мавсуми олдидан мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини сифатли қилиб, ўз муддатларида бажарилиши электр таъминотининг ишончлилик даражасини оширади.

Қуввати 40000 кВА ЛТ-1-10 кВ ВДТ трансформаторининг мукаммал таъмирга чиқаришдан олдинги ва кейинги ҳолати

 

   Шуларни инобатга олган ҳолда, «Жиззах МЭТ» филиалига қарашли 220/110/10 кВ «Жиззах» подстанциясида 2020 йил 22 майдан 10 июнгача қуввати 40000 кВА ЛТ-1-10 кВ ВДТ трансформатори мукаммал таъмирга чиқарилиб, «Туронэлектромонтаж» МЧЖ ташкилотига қарашли махсус бригада мутахассислари иштирокида таъмирлаш ишлари бажарди.

   ЛТ-1-10кВ мукаммал таъмирлаш жараёнида трансформатор мойи тўлиқ тўкиб олиниб, 7 циклда қайта дегазация аппаратидан ўтказилиб, тозаланди. Трансформатор қопқоғи очилиб, трансформатор актив қисми ҳолати кўриб чиқилиб, носоз жойлар таъмирланди. Термосифон фильтлари селикагеллари алмаштирилди, совутиш тизими ускуналари ечилиб, таъмирланди. Трансформатор қопқоғи жойига ўрнатилгандан сўнг, трансформатор корпуси мойли бўёқ билан тўлиқ бўяб чиқилди.

 

   ЛТ-1-10кВ ВДТ трансформаторини мукаммал таъмирлаш ишлари учун жами 63,9 млн сўм маблағ сарфланди.

   Мазкур трансформаторнинг техник параметрлари тўлиқ текширилиб, мой анализлари олиниб, барча кўрсатгичлар меъёрдалиги аниқланиб, трансформатор соз ҳолга келтирилганлиги қайд этилди. Электр ускунаси жорий йил 10 июнь куни ишга туширилди.

 

   Демак, хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, қуввати 40000 кВА ли трансформатор куз-қиш мавсумида, умуман бошқа пайтларда ҳам халқ хўжалиги объектлари ва аҳолини электр энергияси билан узликсиз ва сифатли таъминлаш учун ишчан ҳолатда.

   Филиал тасарруфидаги подстанциялар ва юқори кучланишли ҳаво линияларида «Ўзбекистон МЭТ» АЖ раҳбарияти томонидан белгилаб берилган иш режасига мувофиқ жорий таъмир ишлари давом эттирилмоқда.

 

   Ғайрат Аҳмедов, «Ўзбекистон МЭТ» АЖ «Жиззах магистрал электр тармоқлари» филиали директори

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>