ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
daryo.uz — “Қўқон печ олиб келдик, эшикни мато билан ёпдик, ижарага уй олиб, совуқдан жон сақладик”. Ўзбекистонлик журналист ва блогерлар аномал совуқда қандай жон сақлагани ҳақида
  • 24.01.2023
  • 218

Хабарингиз бор, Ўзбекистонда январь ойи бошида аномал совуқ ҳаво оқими кириб келди ва кунлар -20—25 даражагача совиди. Бу эса қиш мавсумига тайёр бўлмаган Ўзбекистонни, хусусан Тошкент шаҳри масъулларини ҳам довдиратиб қўйди. Хўш, аномал совуқ пайтида электр энергиядаги узилишлар ва табиий газ етишмовчилиги билан юзлашган ўзбекистонликлар совуқда қандай исинди? “Дарё” Тошкент шаҳри ҳамда вилоятларда яшовчи жамоатчилик фаоллари — журналист ва блогерлар билан суҳбатлашиб, аномал совуқ пайтида хонадонида қандай исингани билан қизиқди.

“Уйга совуқ кирмаслиги учун эшиклар устидан қалин пардасифат мато тортдик” — Давлетов

Уй совиб кетди, марказий иситиш тизими қарийб илимади ҳам. Декабрдаги совуқдан фарқли ўлароқ бу гал “свет” негадир унақа кўп ўчмади, ҳаммамиз бир хонани яхшироқ иситиб, ўша хонада овқатландик, ётиб турдик. Иссиқ чиқмаслиги, совуқ кирмаслиги учун эшиклар устидан қалин пардасифат мато тортдик, электр мойли печка ишлатишга мажбур бўлдик. Газ босими паст бўлгани учун овқатларни кўчадан буюртма қилдик ёки олиб келдик. Декабрда қарийб 600 КВт/с ток ишлатибмиз, январда яна ошган бўлса керак. Одатда бир ойда 120-200 КВт/с ишлатаётган эдик. Ким билан суҳбатлашсак, қўнғироқлашсак, гапимиз газ-светдан бошланиб қолди. Аммо бошқаларда биздан ҳам оғирроқ вазиятлигини ўқиб, кузатиб тургандик, — дейди Telegramъдаги Davletov.uz канали муаллифи Қобил Хидиров.

“Қўқондан кўмир печка буюртма қилдик” — Азиза Қурбонова

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшайман. Ҳовлида турамиз, газ ёъқ, электр кунда бир маҳал, асосан 19:00—20:30 оралиғида 1-2 соатга ўчди. Бу бошқаларга қараганда энг катта бахтимиз эди. Уч нафар фарзандим бор, кичкинамиз энди 27 кунлик бўлганди. Шунинг учун ҳам аномал совуқ хавфи айтилгандаёқ ташвишга тушгандим. Ва ҳар эҳтимолга қарши уйга 2 та электр иситгич сотиб олдик. Унда ҳаммада газ бор эди. Пойтахт газ занжирининг сўнгги ҳалқаси — Учтепа тумани “ўз апокалипсиси”ни бошқа туманлардан эртароқ бошлади. Газ кескин пасайиб кетди. Бошланишига кўчадан овқат буюртма бера бошладик, кейин Ўрикзордан 300 минг сўмга сотиб олган электр плитам кунимга яради. Ўчоқ ва плитада овқат қилишга ўтдим. Энерготежамкор, замонавий иситиш тизими дейилгани учун уйимизга иккиконтурли котёл ўрнатгандик. Бу ҳам уйни иситади, ҳам иссиқ сув билан таъминлайди. Аксига олиб, бу тизимга газ, электр ва сув бирдек керак. Биттаси бўлмаса ҳам ишламайди. Газ пасайганда ҳам амаллаб ишлаб турди, уйларимиз анча иссиқ эди. Аммо ваъда қилинган аномал совуқ кириб келгач, газ бизни бутунлай тарк этди. Уйни иситиш ва жон сақлаш учун бор умидимиз электр қурилмаларимизга ўтди. Аввал уйни фақат иккита электр иситгичлар билан иситдик, кейин ҳаммамиз битта хонага кўчдик. Лекин икки кундан сўнг электр босими ҳам тушиб кетди ва иситгичлар бор қувватида ишламай қўйди, кондиционер, электр плита ҳам номига ёниб турадиган бўлиб қолди. “Движок” — генератор сотиб олмоқчи ҳам бўлдик, лекин унинг қуввати иситгичларга етиши амримаҳоллиги, катта қувватлилари жуда қиммат эканини билдик. Шундан кейин турмуш ўртоғим “свет ўчди-ёнди” деб таваккал қилиб ўтиролмаймиз, агар кўпроқ соатга ўчадиган бўлса, яхлаб қоламиз деб Қўқондан кўмир печка буюртма қилдилар. Ўша куниёқ жўнатишди. Уйга ўзлари ўрнатди. Дамба-дам ўтин ва кўмир ёқиб каттароқ хонани иситяпмиз. Танамиз энди исияпти. Чақалоғимни ҳам чўмилтира оляпман. Бу ҳақда тармоқда ёзганимда жуда кўпчилик қизиқиш билдирди ва печкани суриштирди, уйига ўрнатишга қарор қилди. Яна аксарият киши “биз 20 йиллардан бери қишлоқда шундай яшаяпмиз, кўникиб кетасизлар” деган мазмунда изоҳ қолдирди. Хулоса шундай бўлдики, бундай вазият кейинги йиллар ҳам такрорланиш эҳтимоли катта. Ҳовлининг этагига янги иморат қуришимиз керак. Режа қилдикки, энди тўртта сценарий бўйича уй қурамиз. Ҳар эҳтимолга қарши, танча-печкали, балки каминли бир хона қурамиз, қуёш батареяларини ўрнатамиз, анъанавий иситиладиган хона ва бошқа хоналарга энерготежамкор икки контурли иситиш тизимини ҳам ўтказамиз. XXI асрнинг 23 йилида шунақа гаплар, — дейди журналист Азиза Қурбонова.

“Газ пасайди-ю, свет кўп ўчмади” — Шаҳноза Соатова

Менда бошқаларчалик жиддий муаммо бўлмади. Тошкент шаҳрининг янги қурилаётган кварталларидан бирида яшайман. Атрофимиз тўла қурилиш, ҳамма ёқ шовқин, ёзда чангнинг энг кўпини биз ютамиз шекилли. Лекин шу кунларда бошқаларда кузатилаётганчалик муаммо бўлмади: газ пасайди-ю, бироқ свет кўп ўчмади (графикка кўра ҳаммаси). Ўтган ҳафта эски шаҳардаги танишимникига жанозага борганда аҳвол нақадар чатоқлигини кўрдим: бир кун аввал чироқ ўчган, газ деярли ёъқ. Уйлар музлаган. Ташқарида келди-кетдига қараб турган бечора ҳассакашлар кириб исинадиган жой ҳам ёъқ. Уй кўчадан баттар эди. Кузатишларимга кўра, асосан шаҳар марказида аҳоли зич мавзеларда ва ҳовлилардан иборат маҳаллаларда газ ва свет муаммоси ўткир сезилди. Лекин мен хавотирдаман: агар аҳвол ўзгармаса ва бизнинг бир-бирига пешонасини тираб уйлар қурилаётган кварталимизга аҳоли тўлиқ кўчиб келса, нима бўлишини ўйлаяпман, — дейди блогер Шаҳноза Соатова.

“Ортиқхўжаев бўшаган куни газ кўтарилиб, аввалги ҳолига қайтди” — Нурбек Алимов

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида тураман. Бизда газ муаммоси юзага келди ва бу ҳолат тўрт кун давом этди. Ортиқхўжаев бўшаган куни бирдан газ кўтарилиб, аввалги ҳолига қайтди. Светда умуман узилиш бўлгани ёъқ. Марказий иситиш тизимлари жуда паст ишлади шу сабабли электр радиатор ва кондиционерлардан фойдаландик. Машина ҳайдашни йиғиштирдим. Нонга чиқиб келишни айтмасак кўчага чиққаним ҳам ёъқ. Бу худди пандемия пайтларидаги ҳолатни ёдга солди. Свет муаммоси бўлмагани учун менимча унча қийналмадик, лекин газ пастлигидан эрталаб қозонга солинган шўрвани кечки пайт ичганимиз ҳам бор гап. Бунақа ҳолатларда оила билан бирга бўлиш керак, газ свет ёнғин хавфсизлиги деган масалаларга ўзим қарамасам кўнглим жойига тушмайди. Шунинг учун шу кунларда Андижондаги опа-сингилларимни ҳам Тошкентдаги уйимга олиб келдим. Барчамиз бир ерда бўлиб ўтказиб олдик, — дейди блогер Нурбек Алимов.

“Қашқадарё ҳам аномал совуққа тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйди” — Капитан Каримов

Совуқда қандай яшаётганимизни ўзимиз биламиз. 7-8 соатлаб светни ўчириб қўйишди. Ишонч рақамига қўнғироқ қилсанг, бирортаси жавоб бермайди. Бу ҳақда бир неча марта Telegram каналимда хабар берганман. Свет ёъқлигидан кўра, ишонч рақамига жавоб бермай туришлари оғир ботди. Булар бирор кун халқ олдида жавоб беради. Бир гап билан айтганда Янги Қашқадарё аномал совуққа тайёр эмаслигини амалда кўрсатиб берди, — дейди Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида яшовчи блогер Капитан Каримов.

“Уйимизни ташлаб, газ ва свет бор жойлардан уй ижарага олдик” — Автоблогер Мақсуд Музаффаров

Мен кўп қаватли уйда яшайман. Уйимизда газ ёъқ. Имкони борича газ баллон ва электр билан қизитишга ҳаракат қилдик. Шунда ҳам ёш болалар қийналди. Кейин вақтинча газ бор жойдан ижарага уй олиб, кўчишга мажбур бўлдик. Ҳозирда икки нафар фарзандим ва хотиним билан шундай шароитда яшаяпмиз, — дейди автоблогер Мақсуд Музаффаров.

 

 Манба: https://daryo.uz/k/2023/01/24/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>