ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: «Президент Тошкентда рухсатсиз қурилган объектлар сони ошиб кетганини танқид қилди»
  • 16.01.2023
  • 205

Шавкат Мирзиёев 16 январь куни қиш мавсумида аҳолини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда Тошкентда рухсатсиз қурилган объектлар сони ошиб кетганини танқид қилди.


Президент матбуот котибининг хабар қилишича, мажлисда пойтахтнинг бош режаси ҳалигача тасдиқланмагани қайд этилиб, бунинг оқибатида рухсатсиз қурилган объектлар сони 250 дан ошиб кетганини танқид қилди.
 

Давлар раҳбари, шунингдек, қурилишга рухсат берилганда, мавжуд инфратузилмага юклама бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилинмаётгани юзасидан пойтахт мутасаддиларига қатъий эътироз билдирди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 19 ноябрдаги «2021−2024 йилларда Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кўчирилаётган аҳоли пунктларини комплекс ривожлантириш ва аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Тошкент ҳокимлигига Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 2023 йилгача пойтахт бош режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш учун киритиш вазифаси топширилганди.

Президентнинг 2018 йилнинг августидаги фармонидаёқ Тошкентнинг тасдиқланган бош режаси мавжуд эмаслиги тартибсиз қурилишларга олиб келаётгани, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада кенгайтиришга имкон бермаётгани, шунингдек, пойтахтни фаол ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсқинлик қилаётгани қайд этилган эди.

Манба: https://zamin.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>