Бирлашган Араб Амирликлари Masdar компаниясининг Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 500 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш лойиҳаси PFI Awards томонидан Марказий Осиёда йилнинг энг яхши битими деб топилди.
PFI (Project Finance International) мукофотлари лойиҳаларни молиялаштириш соҳасидаги энг нуфузли мукофотлардан бири бўлиб, ҳар йили Европа, АҚШ, Осиё, Яқин Шарқ ва Африкадаги лойиҳаларни молиялаштириш бўйича энг яхши операциялар учун берилади.
Қайд этиш жоизки, электр станциясини қуриш лойиҳаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ва “Masdar” компанияси ўртасида тузилган Инвестиция шартномаси шартлари асосида амалга оширилмоқда.
Шартнома “Masdar” компаниясига 25 йил давомида электр станциясини молиялаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва ишлатишни кўзда тутади.
Лойиҳани амалга ошириш учун 600 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилиши режалаштирилган. Электр станцияси ишга туширилгач, йилига 545 миллион куб метр табиий газ тежалади ва карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 миллион тоннага камайтириб, йилига 500 минг хонадоннинг истеъмолига тенг бўлган 1,6 млрд кВт.соат электр ишлаб чиқаришни таъминлайди.
Инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан 2026 йилга бориб электр энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида қайта тикланувчи энергия манбаларининг улушини 25 фоизга етказиш бўйича белгиланган вазифаларни ҳал этишга қаратилган.
Ушбу мукофотни олиш инвестиция лойиҳасининг мураккаблиги ва унинг барча иштирокчиларининг макроиқтисодий ўзгарувчан даврда биргаликдаги саъй-ҳаракатларининг умумжаҳон эътирофидир.
Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати
Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2478
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати