Янгиликлар
Кутилаётган аномал совуқ кунлари энерготизимда амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди
  • 05.01.2023
  • 197

Жорий йилнинг 4 январь куни Энергетика вазири бошчилигида тизим корхоналари раҳбарлари ва масул ходимлари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда келгуси ҳафта республикамиз ҳудудида ҳаво ҳароратининг аномал пасайиши даврида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ишларни тўғри ва тизимли ташкил қилиш, истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича зарур чоралар кўриш масалалари муҳокама қилинди ва қатор вазифалар белгилаб берилди.

Жумладан, биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир маҳсулотини барқарор етказиб бериш чоралари кўрилиши таъкидланди. Бунинг учун:

1. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилаётган чекловлар давом эттирилади;

2. Йирик ишлаб чиқариш корхоналарига табиий газ етказиб бериш ҳажми кескин камайтирилади;

3. Энерготизимдаги йирик истеъмолчиларнинг кунлик электр энергияси истеъмоли камайтирилади ва тежалган 11-12 млн кВт соат электр энергияси аҳоли истеъмолига йўналтирилади;

4. Энерготизимда содир бўлиши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш, барча истеъмолчиларни бир маромда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда тасдиқланган графикларга асосан қисқа муддатли чекловлар киритилади;

5. Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялари ва марказларнинг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида кунига ўртача 49 млн куб метр табиий газ етказиб берилади;

6. Бугунги кунда мазкур станциялар учун 90 минг тонна мазут ва 280 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди;

7. Истеъмолчиларга кунлик кўмир етказиб бериш ҳажми 5000 тоннадан 8000 тоннага оширилади.

Йиғилишда совуқ кунларда электр энергиясига бўлган талаб ортиши натижасида электр тармоқлари ва трансформатор пунктларида ҳам юкламалар кескин ошиши таъкидланди.

Бунда, диспетчерлар маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан тасдиқланган чеклов графикларига қатъий амал қилишлари, яъни белгиланган муддатдан ортиқ чекловлар киритмаслиги таъкидланди.

Икки соатдан ошмаган вақт оралиғида ҳудудлар кесимида жорий этилаётган чеклов графиклари барча вилоят ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида эълон қилиб борилиши таъминланади.

Шунингдек, аномал совуқ кунларида тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш учун электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1000 дан ортиқ махсус бригада ташкил этилди. Ушбу бригадалар муаммоларни тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлайдилар.

Истеъмолчилар электр энергияси таъминоти юзасидан 1154 қисқа рақами ёки “Телеграм”даги (@HET_admin) администраторга, табиий ва суюлтирилган газ таъминоти юзасидан 1104, 104 телефон рақамлари ёки (Facebook) ижтимоий тармоқдаги гуруҳга ҳамда кўмир таъминоти юзасидан 78-148-30-03, 71-244-38-28 телефон рақамлари ва @Uzbekcoaluz_bot “Телеграм” ботга мурожаат қилишлари мумкин.

Шу ўринда истеъмолчилардан электр қурилмалари ва иситиш мосламаларига ниҳоятда эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишларини, ушбу қурилмалардан фойдаланилмаётган вақтларда тармоқдан ажратиб қўйишларини, энергия ресурсларидан имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланишларини, шунингдек, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан берилаётган тавсияларга қатъий риоя қилишларини сўраймиз.

Ўзбекистон Республикаси

Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

▶️@minenergy_uz

Манба: https://t.me/minenergy_uz/6891

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>