ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
ОАВ: “Биз электр энергиясини аҳолига таннархидан икки баробар арзон сотаётган давлатмиз” — Алишер Қодиров
  • 27.10.2022
  • 274

“Агар қўполроқ ўхшатиш қилсак, Қозоғистон халқпарвар сиёсат қилмади, иқтисодни бозор қоидалари нуқтайи назаридан жамиятига тез киритиб юборди, лекин биз ҳанузгача электр энергиясини аҳолига таннархидан икки баробар арзон сотаётган давлатмиз. Яъни бу халқпарвар сиёсат”, – деди депутат Қозоғистон ва Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни солиштириб.

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Kun.uz сайти ташкиллаштирган давра суҳбатида Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг ривожланиши ўртасидаги фарқни таҳлил қилди. Унга кўра, Қозоғистон мустақил бўлгач тезда бозор иқтисодиётига ўтиб кетди ва бу унинг ривожланиши учун имконият яратди. Ўзбекистон эса ҳозиргача халқпарвар сиёсат юритмоқда ва бу иқтисодиётда маълум қийинчиликларга сабаб бўляпти.

“Бугун Қозоғистонда ялпи ички маҳсулот киши бошига ҳисобланганда 10 минг доллар бўлса, Ўзбекистонда 1700 доллар атрофида.

Ресурслар нуқтайи назаридан Қозоғистон ва Ўзбекистон орасида катта фарқ йўқ. Лекин аҳоли нуқтайи назаридан Ўзбекистон икки баробар олдинда. Бу – ривожланиш учун Қозоғистонга имконият берди. Агар қўполроқ ўхшатиш қилсак, Қозоғистон халқпарвар сиёсат қилмади, иқтисодни бозор қоидалари нуқтайи назаридан жамиятига тез киритиб юборди, лекин биз ҳанузгача электр энергиясини аҳолига таннархидан икки баробар арзон сотаётган давлатмиз. Яъни бу халқпарвар сиёсат. Хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам. Электр энергия арзон. Бутун иқтисодиётнинг локомотиви бўлган энергия ресурслари масаласида биз ҳамон монополияда юрибмиз.

Аҳоли учун энергетика тарифларини оширолмайсиз. Масалан, бугун электр энергияси 295 сўм. Уни 550 сўм қилоласизми? Йўқ, чунки одамларнинг даромади етмайди. Одамларнинг даромади йўқ бўлишига сабаб нима? Иқтисодиёт ривожланмаган. Иқтисодиёт ривожланмаслигига сабаб нима? Энергия ресурсларимизда аниқ ўйин қоидалари йўқ. Йирик инвесторлар бизга келиб пул тикишдан олдин иқтисодий масалаларни таҳлил қилишда биринчи таҳлилий масала энергия билан боғлиқ бўлади. Инвестор у ердаги ноаниқлик, беқарорликни кўради ва бу ривожланишимизга салбий таъсир кўрсатади.

Биз ахборот эркинлигини таҳлил қилишдан олдин масаланинг бу томонларини ҳам ўйлаб кўришимиз ва тарозига солишимиз лозим. Ундан кейин гапириш керак”, – деди Алишер Қодиров.

Kun.uz Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари фикрлари борасида Энергетика вазирлиги матбуот хизмати билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби Сабина Бекмуродова Қодиров сўзларини тасдиқлаган ҳолда чиндан ҳам, электр энергияси аҳолига таннархидан икки баробар арзон етказиб берилаётганини билдирди.

 

Манба: https://kun.uz/news/2022/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>