Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2022 йилнинг январь-сентябрь ойларида хориждан қиймати 51,3 млн. AҚШ долларига тенг бўлган 1 629 дона электромобиль импорт қилган. Таққослаш учун, бутун 2021 йил давомида юртимизга қиймати 16,9 млн. долларга тенг бўлган 809 та электромобиль хориждан олиб келинган эди.
Кўплаб ривожланган мамлакатлар потенциал экологик муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ички ёнув двигателларида ишлайдиган машиналардан аста-секин воз кечиб, электр токи билан қувватланадиган автомобиллардан фойдаланишга урғу беришмоқда. Бу борада Ўзбекистондаги вазият қандай?
Электромобиль олиб кириш қанчага тушади?
Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, ҳозирда Ўзбекистонга электромобиль импорт қилишда ҚҚС, утилизация йиғими ва божхона йиғими ундирилади.
Бунда ҚҚС — автомобилнинг божхона қийматидан 15 фоиз, утилизация йиғими — агар электромобилнинг ишлаб чикарилган муддати 3 йилдан ошмаган бўлса, БҲМнинг 30 баробари (9 млн. сўм), 3 йилдан ошган бўлса, БҲМнинг 90 баробари (27 млн. сўм) миқдорида, божхона расмийлаштируви бўйича йиғим — электомобилнинг қийматига қараб БҲМнинг 1 баробаридан 3,5 баробаригача (300 минг – 1 млн. 50 минг сўм оралиғида) миқдорда бўлади.
Юқоридагиларга асосан, ишлаб чиқарилганига уч йил тўлмаган электромобилни Ўзбекистонга олиб кириш харажатлари қуйидагича бўлади:
МАЪЛУМОТ УЧУН: 2019 йил 1 январдан Ўзбекистонга электромобиль импорти учун бож тўлови бекор қилинган, ўша йил июль ойига бориб акциз солиғи ҳам олиб ташланган. Эндиликда божхона йиғимини бекор қилиш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳалар фақат қоғозда қолган...
Хўш, юртимизга бундай автомобилларни олиш киришда маълум йиғимлар бор экан, электробилни ўзимизда ишлаб чиқариш имконияти йўқми? Бор, албатта. Ҳукумат томонидан бу борада бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилган.
Хусусан, 2018 йилдаги қарорда 2020 йилгача Бухорода, 2019 йилдаги яна бир қарорда 2022 йилдан Қўқонда шундай автомобилларни ишлаб чиқариш, уларнинг нархи 3 минг доллардан бошланиши айтилганди. “UzAuto Motors” эса 2021 йилдан “Labо” электромобилини ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи эди, унинг нархи 10 минг доллар атрофида бўлиши маълум қилинган. Бироқ, афсуски, уларнинг ҳеч бири амалга ошмади. “Ўзавтосаноат” АЖ матбуот хизмати Қўқон ва Бухородаги лойиҳаларнинг ушбу ташкилотга алоқаси йўқлиги, уларнинг амалга ошмагани “инвестициявий” омиллар билан боғлиқ бўлганини билдирган.
Жорий йилнинг 14 февралида Президент Шавкат Мирзиёев машинасозлик саноати бўйича ўтказилган йиғилишда соҳа мутасаддиларига 3 ой муддатда электромобиль тармоғини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича топшириқ берганди. Ўз навбатида “Ўзавтосаноат” АЖ матбуот хизмати Президент топшириғига биноан ишлаб чиқилиши керак бўлган стратегия тайёрлангани, бироқ ҳали тасдиқланмаганини билдирди.
Куни кеча давлатимиз раҳбарига айни стратегия доирасида “Ўзавтосаноат” АЖ раҳбарлари хорижий компаниялар билан эришилган келишувлар, ўзлаштирилиши кутилаётган моделлар ҳақида ахборот берди.
— Электромобиллар кундалик ҳаётимизга жадал кириб келяпти. Импорт ошяпти. Нима учун? Чунки талаб бор. Бундай машиналарнинг харажати кам. Энг муҳими, одамларимиз шуни маъқул кўряпти. Шундай экан, халқимизга замонавий электромобиллар етказиб беришимиз керак, — деди Шавкат Мирзиёев.
Кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади
Маълумотларга кўра, электромобилларнинг юриш харажати оддий автомобилганисбатан 10 баравар, табиатга зарари эса 3 баравар кам. Албатта, бунинг учун катта инфратузилма керак. Масалан, дунёда ҳар 20 та электромобилга битта қувватлаш станцияси тўғри келади. Юртимизда эса бундай жойлар атиги 50 та бўлиб, асосан, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида жойлашган. Электромобилларга хизмат кўрсатиш марказлари йўқ. Шунингдек, барқарор электр энергиясининг мавжуд эмаслиги қувватлаш билан боғлиқ муаммоларни юзага келтиради.
Тақдимотда Президент соҳада тажрибага эга хорижий компания билан қўшма корхона ташкил қилиб, оммабоп электромобиллар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, бунда уларнинг нархи арзон бўлиши кераклиги, боиси электромобиль таннархининг 30 фоизини аккумулятор, 10 фоизини электр ўтказгичлар ташкил қилишини ҳисобга олганда, юртимиз заминидаги литий, мис, графит каби хомашё захираларидан фойдаланиб, бундай қисмларни бемалол ўзимизда ишлаб чиқариш мумкинлигини кўрсатиб ўтди.
МАЪЛУМОТ УЧУН: маҳаллий электромобиль хариди учун олинган кредит фоизининг бир қисми қоплаб берилади, 2023 йилда пойтахтимизга 200 та, Самарқандга 100 та электробус олиб келинади. Келгуси икки йилда жойларда икки мингта қувватлаш станциялари ташкил этилиб, уларга ер, мулк ва фойда солиғидан имтиёз қўлланилади. Тадбиркорларга қувватлаш станциялари орқали электрни эркин нархда сотиш ҳуқуқи берилади.
Хуллас, яна бир тармоқ ривожига Президент даражасида эътибор қаратилди. Умид қиламизки, бу гал қулай нархлардаги электромобиль ишлаб чиқариш режалари саробга айланмайди, соҳа ривожи “UzAuto Motors”нинг монопол ҳуқуқларига маълум маънода чек қўяди, одамлар ўзи хоҳлаган автомобилини қулай нархларда сотиб олиш имконига эга бўлади.
Санжар ИСМАТОВ.
Манба: http://xolisnazar.uz/blog/6357c2fd773794ef5fffb510
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати