Хабарингиз бўлса керак, жорий йил бошида Ўзбекистон халқаро Болалар ва ўсмирлар адабиёти кенгаши — IBBYга аъзо бўлган эди. Шу муносабат билан юртимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Маънавият ва маърифат маркази, Миллий ҳамда республика болалар кутубхоналари, Ўзбекистон ноширлари ва китоб савдоси миллий ассоциацияси иштирокида Миллий шўъба ташкил қилинди. Эндиликда ўзбек ёзувчилари ва ижодкорлари ҳам ушбу кенгаш томонидан таъсис этилган танловларда қатнашиш ва халқаро миқёсда китобхонлар эътирофига сазовор бўлиш имкониятига эга бўлганлиги мутлоқ қувонарли ҳолдир.
«Янги Ўзбекистон» газетасининг 2022 йил 19 сентябрь кунги 192-сонидан
(https://t.me/gazetalar_sharhi)
Маълумки, Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши (International Board on Books for Young People — IBBY) 1953 йилда Цюрихда (Швейцария) ЮНЕСКОнинг Болалар ва ўсмирлар адабиёти бўйича халқаро кенгаши томонидан ташкил этилган. Кенгашнинг асосий мақсади дунёвий болалар ва ёшлар адабиётини ривожлантириш баробарида мамлакатлар миллий адабиётини халқаро миқёсга кўтариш ва оммалаштиришга кўмаклашишдан иборатдир. IBBY айнан шундай мақсадга кўра ижодий ва ижтимоий кучларни бирлаштиришади.
Кенгашнинг уч асосий мақсади қуйидагилардан иборат:
1) Болалар адабиёти ёрдамида халқаро алоқаларнинг ривожланишига ҳисса қўшиш;
2) Юқори адабий-бадиий талабларга жавоб берадиган болалар адабиётини кенг тарғиб қилиш;
3) Болалар адабиёти ва китобхонлик соҳасидаги илмий-педагогик ишларни рағбатлантириш.
Бу каби эзгу мақсадларни ўз олдига қўйган Кенгашга Ўзбекистоннинг аъзо бўлиб кирганлиги барчамиз учун ажойиб янгилик, аслида. Натижада ўзбек болалар шоир-ёзувчилари, рассомлар ва ноширлик соҳасида меҳнат қилувчи бошқа вакиллар халқаро конгресс тадбирларида бевосита иштирок этиш имкониятини қўлга киритишди.
Шунингдек, ўзбек тилидаги болалар адабиётини ҳам жаҳон миқёсида тақдим этиш, ижодкорларимизни турли хил совринларга, хусусан, Ҳанс Кристиан Андерсен номидаги соврин учун номзодини илгари суриш имконияти пайдо бўлди.
IBBY, шунингдек, ҳар икки йилда бир маротаба миллий шўъбаларнинг ҳар биридан кўзга кўринган ёзувчилар, иллюстратор-рассомлар ва таржимонларни эътироф қилиш мақсадида уларнинг энг яхши ишларини IBBY Honour List рўйхатига киритади. Бундан ташқари, ҳар икки йилда бир марта IBBY имконияти чекланган болалар ва ўсмирлар учун энг яхши китобларни танлайди (IBBY Collection of Books for Young People with Disabilities). IBBYнинг бошқа йирик лойиҳалари қаторига болалар адабиётига бағишланган “Bookbird” журнали ва Братиславадаги расмлар биенналесини (BIB – Biennial of Illustrations in Bratislava) қўшиш мумкин.
IBBYнинг барча аъзолари учун алоҳида аҳамиятга эга воқеа бу ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Халқаро болалар адабиёти кенгашининг Бутунжаҳон конгрессидир. Миллий шўъбага эга ҳар бир давлат Халқаро конгресс мезбони бўлиш имконига эга ва мамлакат мезбонликка ариза бергач, кенгаш ижроия қўмитаси аъзолари томонидан овоз бериш йўли билан аниқланади. Демак, бундай имконият Ўзбекистон Республикаси Миллий шўъбасида ҳам мавжуд эканлиги кўнглимизни равшан қилади.
Ушбу халқаро ташкилотга аъзолик Ўзбекистонда болалар адабиётининг ривожланиши учун катта манфаат келтириши табиий. Бу юртимизда китобхонликни ривожлантириш, рағбатлантириш ва тарғиб қилиш борасидаги катта ва муҳим қадамдир. Эндиликда IBBY орқали адабиёт борасида ҳам ўзаро ҳамкорликлар олиб борилиши, жумладан ўзбек болалар адабиётининг хорижий тилларга ва хорижий тиллардаги энг машҳур болалар китобларининг ўзбек тилига таржима қилиниши кўзда тутилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан қўйилган ушбу қадам мамлакатда китобхонликни ривожлантириш борасидаги келгуси муҳим вазифаларга йўл очади. Чунки бу каби халқаро ташкилотлар турли соҳа эгалари, ҳозирги вазиятда ёзувчилар ва рассомлар ўртасидаги ўзаро алоқалар учун кўприк вазифасини ўтайди. Бу орқали Ўзбекистоннинг адабиёт соҳасидаги бошқа ташкилотларга ҳам аъзо бўлиш имконияти ошиб боради.
ЮНЕСКО томонидан ҳар йили турли хил мамлакатларда китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида олиб борилган ишлар ва уларнинг самарасига қараб турли шаҳарларга “Китоблар пойтахти” мақоми бериб борилади. Айнан мана шундай мақомни 2020 йилда Куала-Лумпур, 2021 йилда эса Тбилиси шаҳри қўлга киритган эди. Жорий йилда бу мақом Гуадалахара (Мексика) шаҳрига насиб этди. Қувонарли томони шундаки, агар бизда ҳам китобхонликни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш борасида ишлар жадал суръатда давом эттириладиган бўлса, Ўзбекистоннинг маълум ва машҳур шаҳарлари ҳам бундай мақомга эга бўлиш имкониятига эга.
Шундай қилиб, жорий йил 5-8 сентябрь кунлари Малайзиянинг Путражая шаҳрида IBBY Бош Ассамблеясининг 38-Халқаро адабий ҳафталиги ва Халқаро болалар адабиёти танловлари бўйича тақдирлаш маросимлари бўлиб ўтди ва унда Ўзбекистон вакиллари ҳам муносиб иштирок этишди.
Бизни мана шундай сўзлар билан қаршилаган малайзиялик мезбонларимиз сафаримиз якуний паллаларига қадар қўлларини кўксидан туширишмади. Бу сўз малай тилида “хуш келибсиз” деган маънода қўлланилар экан.
Путражая шаҳрининг қоқ марказида жойлашган “Пербаданан Путражая” деб номланувчи юксак анжуманлар мажмуаси ер юзининг турли нуқталаридан келган меҳмонлар учун ажратиб берилди. Тадбирларимиз бўлиб ўтадиган манзилга ёндош қад кўтарган шинам “Дорсетт” меҳмонхонасининг юқори қаватларидан бирига жойлашдик. Хонамиз деразаларидан Путражая шаҳридаги машҳур кўл бутун бўй-басти билан намоён эди.
Сафаримиз мобайнида бизни ҳайратлантирган жиҳатлар анчагина бўлди, десак янглишмаймиз. Шаҳарнинг тоза ва озодалигига биз сингари ҳавас қилганлар кўпчиликни ташкил этарди. Кўчаларда турнақатор тирбандликка дуч келмайсиз, ҳуда-беҳудага машиналарнинг сигнал овозлари чалинмайди. Аҳолининг кўп қисми митти мотоциклларда ҳаракатланаркан. Хуллас, белгиланган меъёрларга қатъий амал қилинган ҳолда биров бировнинг ишига асло халал бермайди...
Тўрт кун мобайнида давом этган халқаро конгресс тадбирлари ҳам бир-биридан фарқли ўлароқ маданий-бадиий безаклар — малайзияликларнинг миллий рақслари, қуй-қўшиқлари билан уйғун тарзда ташкил қилинди.
Тадбирлар асосан инглиз тилида олиб борилди. Сўзга чиққан меҳмонлар ҳам имкон даражасида инглиз тилида маърузалар ўқишди.
“Тил билган — эл билади” деганларича бор экан. Рости, мен ва мен каби бошқа юртлардан келган меҳмонларнинг аксарияти бу борада бироз қийналишгани бор гап. Хайриятки, сафимизда дунёвий тилга айланиб улгурган инглиз тилини керагича ўзлаштириб олганлар бор эди. Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, АОКА ҳамда Халқ таълими вазирлигидан бириктирилган вакиллар ва уларнинг кўмагида конгресс тафсилотлари, шунингдек, воқеалар ривожини кузатиб боришга тўғри келди.
Бугун биз Ватанимизни барча соҳа ва йўналишларда илғор бўлишини юрак-юракдан истаяпмиз, бирор бир ёш авлод дунёвий ареналарда туриб, байроғимизни ҳилпиратса беихтиёр тўлқинланиб, тасаннолар айтаяпмиз. Бироқ қўлга киритилажак бу каби катта эътирофлар йўлидаги заҳматлар сафида жаҳоний тилларни мукаммал ўрганиш ва керак бўлса у орқали исталган рақиб билан бемалол баҳс бойлай олиш мажбурияти турганлигини ҳис қилмоғимиз лозим.
Конгресс мобайнида бир нарсага амин бўлдим-ки, ҳар бир халқ вакили минбарга кўтарилганда дастлаб ўз она тилида саломлашиб, унга ўзининг муносиб эҳтиромини ифтихор ила баён қилар ва айнан мана шу жиҳат иштирокчилар томонидан жуда юксак баҳоланар эди. Демак, биз бугунги ёш авлод юрагида аввало юксак ватанпарварлик туйғусини бунёд қилишимиз, уларни эл ва тил жонкуяри этиб камол топтиришимиз ва шунинг баробарида дунёвий тилларни ҳам мукаммал эгаллашлари йўлида барча шароитларни яратиб бермоғимиз лозим. Зеро, бугунги кун — тил билганники!
Бу пурмаъно сўзлар буюк муҳаддис бобомиз Имом Бухорий битикларида намоён. Дарҳақиқат, аждодларимиз қадим-қадимдан илм-маърифат ва фарзанд таълим-тарбиясига устувор аҳамият қаратиб келишган. Ва қолаверса, биз ҳозир таъриф-таснифини келтириб турган халқаро тадбир ҳам моҳиятан шу фикрларни қўллаб-қувватлайди. Зеро болалар адабиёти дунёга келган ҳар бир гўдакнинг келажакдаги тақдирини белгилаб берувчи восита, аслида. Бир сўз билан айтганда, мазкур халқаро тадбирлар замирида ҳам эндигина дунёни таний бошлаган болажонлар орасида бир-бировга яхшилик қилиш каби эзгу фазилатларни улуғлаш, жаҳолат ва илмсизлик ғояларига берилишнинг олдини олиш ҳамда уларни илм-фан ва касб-ҳунарга қизиқтириш каби хайрли мақсадлар ётибди. Конгресс иштирокчиларининг қўлларидаги кўркам китобчалар ҳам фикримизни далиллайди, албатта.
Буюк ёзувчи Лев Толстой битикларида мана шундай сўзлар учрайди: “Беш яшар боладан менга қадар оралиқ бир қадамни ташкил этса, янги туғилган чақалоқдан эса менгача даҳшатли тарзда масофа мавжуд”. Яъниким, мактабгача бўлган давр инсон ривожланишида ўта муҳим ва кескин палла ҳисобланиб, айни шу давр келажакни ҳал қилувчи куч сифатида намоён бўлади. Демак, китобхон жамият тузмоқ режасида эканмиз, фарзандларимизнинг мактаб ёшигача бўлган даврига алоҳида эътибор қаратишимиз лозим экан. Бу каби фикрлар халқаро конгресс залларида ҳам баралла янграб тургани бежиз эмас.
Дарвоқе, сафаримиз мобайнидаги ўзаро танишувлар жараёнида юртимиз номидан кўра Имом Бухорий номи машҳурроқ эканлигига шоҳид бўлдик. Аҳолисининг кўпчилик қисмини мусулмонлар ташкил этувчи Малайзияда, буни қарангки, Имом Бухорий номидаги масжид барпо этилган экан. Таъбир жоиз бўлса, муҳаддис аждодимиз Ислом оламидаги ушбу мақомини ҳам албатта илм орқали қўлга киритган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ростдан ҳам, тадбир мобайнидаги китоблар кўргазмасини кузатиб, ҳайратланасиз: митти болажонлар учун китоблар шунчаки чоп қилинмаган, уларнинг аксариятини чин маънодаги яратиқ дейиш тўғрироқ бўлади. Бу йўлда эса болажон кайфиятдаги шоир-ёзувчи, моҳир рассом ва албатта ношир ҳамкорлиги керак бўлади. Бўлиб ўтган ҳафталик доирасида ҳам ушбу фикрлар бот-бот эътироф қилинди ва шу йўлдаги энг муносиб асарлар муаллифлари мукофотланди. Шундай қилиб, Ханс Кристиан Андерсен номидаги халқаро мукофотга жорий йилда франциялик болалар адибаси Мария Мурейл ва Жанубий Кореялик рассом Сьюзи Ли муносиб деб топилди.
Рости, бу сўзларни комил ишонч билан айтиб турибман! Чунки, жуда юксак салоҳият билан битилган болалар адабиёти намуналаримиз сероб. Устоз ижодкорларимизнинг бир ўқишдаёқ ёд бўлиб қолувчи қувноқ шеърлари ва саргузаштларга бой насрий асарларини ҳеч иккиланмай дунёга тақдим қила оламиз! Қолаверса, ҳозирда ижоднинг ушбу йўналишида моҳирона қалам тебратиб келаётган шоир ва ёзувчиларимиз ҳам етарли. Шукурки, кўзимизни қувонтирадиган дадил қадамли ёшлар карвони ҳам етишиб келмоқда!
Хулоса
Хуллас, IBBY Бош Ассамблеясининг янги аъзоси бўлган мамлакатимиз номидан халқаро тадбирларда муносиб иштирок этган ҳолда сафардошлар билан яна юрт сари ошиқдик. Бунга сабаб — бир сафардошим айтганидек, овқатлари кўп аччиқ экан. Иссиқ ҳароратли ҳавосида намлик юқори, тезда толиқиб қолади одам. Аммо Малайзия ўзининг ҳусну таровати билан барчамизни ҳайратларга солгани чин! Маълум ва машҳур эгизак бинолари, бир-бирига ўхшамас архитектура намуналари, одамларининг эъзоз ва такаллуфи, яшилликка бурканган боғ-роғлари, океанариум манзилларида биз билан суратга тушишни “хуш кўрган” акула-ю делфинлари, соя-салқин сайргоҳларга ярашиб турган китоб токчалари атрофидаги китобхон ёшлар... барча-барчаси бизда улкан таассуротлар қолдиргани рост. Шу зумда кўнглимдан бир орзусифат кечинма ўтди, уни айтмасам бўлмас: Энди биз нафақат малайзияликларни, балки бутун башар аҳлини ўз адабиётимиз билан ҳайратга солайлик, илоҳим!
✍️ Ориф ТЎХТАШ, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Болалар ва ўсмирлар адабиёти Кенгаши раиси
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
http://t.me/uzmetaxborotxizmati