ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
uza.uz — Энергетика вазирлиги диққатига: Узоқ қишлоқ аҳолиси муаммосини ким ҳал этади?
  • 29.06.2022
  • 243

Шундай бир замонда яшаяпмизки, кундалик турмушимизни электр энергиясисиз тасаввур эта олмаймиз.

Ва кейинги йилларда юз берган очиқлик, сўз эркинлиги бизга яна бир имконият бердики, маҳалламизда электр энергияси билан боғлиқ қисқа носозлик юз берса ҳам дарҳол сабр-косамиз тўлиб, ижтимоий тармоқларда бонг уришга, PR қилишга интиламиз. Лекин, айрим олис тоғли қишлоқларда одамлар бир умр электр энергиясидан фойдаланишни орзу қилиб яшаётгани ёки бошқа бир қишлоқ аҳли чириган симёғочлар, паст кучланишли бўлсада, хонадонларга энергия узатиб, дарахтлар шохларига тегай, деб турган омонатгина электр симлари ёнидан фарзандлари ўтаётганида юрак ҳовучлаб туришини кўз олдимизга келтиролмаймиз.

Афсуски, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги Вочах қишлоғи аҳолиси Энергетика вазирлиги ва унинг қуйи тизимларидан қарийб ўн йилдан буён хонадонларини электрлаштиришни, Қумқўрғон туманидаги Қоракулча ҳудудида яшаётган аҳоли чириган симёғочларни алмаштиришни сўраб, саргардон бўлмоқда.

Албатта, бу сўзлар айрим мутасаддилар қулоғига ёмон эшитилиши ҳам, бўлмаган гап, дейдиган шоввозлар топилиши ҳам мумкин. Бироқ, иккала ҳудуд аҳолисининг мурожаатлари асосида олиб борган журналистик суриштирувда юртимизда электр энергиясидан мосуво қишлоқда бўлиб, уларнинг турмушини кузатдик. Чириб, букилиб қолган симёғочларнинг алмаштирилишига кўнгли совиб қолган қишлоқ одамлари билан суҳбатлашдик. Мутахассислар фикри билан қизиқдик.

Вочах – олис тоғлар қўйнида жойлашган марказдан узоқ қишлоқ. Бу ҳудудга бориш учун Тўпаланг сув омборида моторли қайиқ билан чамаси 25-30 километр йўл босилади. Кейин 4-5 чақирим баланд тоғлар бўйлаб пиёда, от ёки эшакда юрилади. Ёз ойларида тоғли Маланд, Карш қишлоқлари орқали фақат “УаЗ”, “Нива” каби енгил машиналарда борса бўлади. Бунинг учун Карш қишлоғидан Вочахгача 11 чақирим тоғ йўлини босиб ўтиш керак.

Шу ерлик аҳолининг айтишича, бир пайтлар қишлоқда уч юздан ортиқ аҳоли яшаган. Маиший шароитлар ўнгланавермагач, даврлар ўтиши билан аҳолининг асосий қисми бошқа ҳудудларга кўчиб кетган.

– Электр энергияси келишидан умидини узган одамлар бошқа ҳудудларга кўчиб кетмоқда, – дейди ўқитувчи Мирзаумар Мерганов. – Чунки, эндиликда ҳеч ким турмушини электр энергиясиз тасаввур қилолмай қолди. Бизнинг ҳам телевизор кўриб, янгиликлардан тезкор хабардор бўлгимиз, меҳмон келса ёруғ хоналарда кутгимиз келади. Болаларимиз Сариосиё тарафларга бориб келгудек бўлса, уйга келгач, телевизор кўришга шароит қилингизлар, деб жанжал ҳам кўтарадиган бўлиб қолган. Қарийб ўн йил бўлдики, нурчиларимизга шу масалада мурожаат қиламиз. Халқ қабулхоналарига ҳам дардимизни кўндаланг қўймоқдамиз. Биз давлатдан иш ёки пул сўрамаяпмиз. 

Фақат электр энергияси билан таъминлашларини илтимос қилмоқдамиз, холос. Шу йилларда ўзим 70 дан ортиқ мурожаат йўлладим. Афсуски, мутасаддилар келиб кўришади-ю, шу билан ғойиб бўлишади. Нима қишлоғимизга электр симларини тортиш шунчалик мушкул ишми? Мана, ёнимиздаги Карш қишлоғига электр энергияси келган. Шундай ривожланган замонда электр нурларисиз яшаётганимиздан ачиниб ҳам кетамиз. Филиалимизда 30 га яқин ўқувчи таълим олмоқда. Электр токи йўқлигидан улар компьютер технологияларидан сабоқ олиш имкониятига эга эмас. Мактабни тугатган ёшларимиз қишлоқдан чиқиб кетаётгани бизда яна бир ташвиш уйғотмоқда.

Айни пайтда қишлоқдаги 27 та оилада юзга яқин киши истиқомат қилади. Улар боғдорчилик, чорвачилик билан шуғулланади. Қишлоқда тумандаги 46-мактабнинг филиали мавжуд бўлиб, таълим муассасасига замонавий компьютерлар ҳам берилган. Аммо, электр энергияси йўқлигидан бу жиҳозлар мактаб қоровулининг уйида сақланмоқда.

Вочахликлар электр энергияси билан боғлиқ муаммоларини кўндаланг қўявергач, икки йилча аввал ҳар бир хонадонга ихчам қуёш батареялари ўрнатиб берилган. Афсуски, унинг ҳам аккумуляторлари ишдан чиқиб, ишламай қолган.

– Қуёш батареялари бизда иш бермас экан, – дейди вочахликлар. – Сабаби кеч куздан баҳоргача тоғ қўйнидаги қишлоғимизда ёғингарчилик бўлади. Қуёш кўринмай қолади. Бундай батареяларни ўзимиз ҳам олиб келиб ишлатиб кўрганмиз. Бефойда. Каршдан қишлоғимизгача 6-7 километр масофага электр симёғоч тортилса, олам гулистон. Симёғочни олиб келиб, қаерларга ўрнатиш кераклигини белгилаб беришса, ўзимиз ковлаб, ўрнатиб чиқамиз.

Хўш, бу масалани қандай ҳал этиш мумкин?

– Вочахга симёғочларни олиб бориш учун автомобил йўлини кенгайтириш керак, – дейди Сариосиё тумани электр тармоқлари корхонаси бош муҳандиси И. Чориев. – Бусиз электр симларини тортишнинг иложи йўқ. Ўзим бориб масофани ўлчаб чиққанман. Каршдан Вочахгача 7 километр тоғли ҳудудга симёғоч ўрнатиш лозим. Йўли талабга жавоб бермайди.

 

Фоторепортаж:Энергетика вазирлиги диққатига: Узоқ қишлоқ аҳолиси муаммосини ким ҳал этади?

 

Шу қишлоқлик Мирсаид Беков тадбиркорлик билан шуғулланади. Боғдорчилик, асаларичиликни йўлга қўйган. Қишлоққа ёғочни кесиб, қайта ишлайдиган ускуна олиб келиб, ўрнатган. Унинг таъкидлашича, Каршдан Вочахгача 11 километр масофада оғир юк машиналари ҳам ҳаракатланадиган йўл қурилган. Бу ерга фақат махсус тажрибага эга ҳайдовчилар юк олиб келади. Агар қишлоқ учун симёғочлар ажратилса, уларнинг ўзи ана шу юк машиналарида олиб келади. Мутахассислар фақат симёғочлар ўрнатиладиган жойларни белгилаб берса, ўзлари ерни ковлаб, ҳашар йўли билан ўрнатиб чиқишади.

–Томорқамда ёнғоқ, дўлана каби дарахтлар сероб, –дейди М.Беков. – Мана шу ускунани қишлоққача “Камаз” юк машинасида олиб келганман. Унга “Тико”нинг мотори жойлаштирилган. Бензинда ишлайди. Ёғочни мен истаган ўлчамда кесиб беради. Бу ёғочлардан ясалган эшик, дераза ромлари ва мебель жиҳозлари жуда мустаҳкам, хушруй, хушбичим бўлади. Агар қишлоғимизга электр келса, мебелсозлик цехини очиб, қўшимча дастгоҳлар олиб келишим ва ўнга яқин ёшни иш билан таъминлашим мумкин. Бундан ташқари, Тўпаланг сув омбори бўйида экотуризмни йўлга қўйсак бўлади. Ғаройиб шаршара ҳам бор. Бунинг учун ҳам электр токи керак, ахир.

Электр энергияси билан боғлиқ яна бир муаммо – Қумқўрғон туманидаги Тайфанг маҳалласи Қоракулча қишлоғидан келган шикоят тафсилотларини очиқлашдан олдин жорий йилнинг ўтган даврида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва Халқ қабулхоналарига тушган мурожаатлар сони билан ҳам қизиқдик.

Шу кунгача воҳада электр тармоғидаги кучланишнинг талаб даражасида эмаслиги, сим устун, трансформаторни таъмирлаш ва ўрнатиш, тармоққа уланиш, таъминотдаги узилиш каби муҳим масалалар билан боғлиқ 3 минг 776 та мурожаат тушган. Уларнинг 212 таси Сариосиё, 314 таси Қумқўрғон туманига тўғри келмоқда.

Тайфанг маҳалласи Қумқўрғон туманининг чекка ҳудудида жойлашган. Маҳалланинг Қоракулча қишлоғидаги 40 га яқин хонадон учун ўтган асрнинг 90 йилларида ҳашар йўли билан қўлбола электр ёғоч устунлари ўрнатилиб, икки-уч толали электр симлари тортилган. Эндиликда қўлбола ёғоч устун ва электр симлари яроқсиз ҳолга келиб қолган. Хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Қоракулчаликлар кўп йиллардан буён шу масалада маҳаллий ва марказдаги энергетика идораларига мурожаат этиб келмоқда.

– Мутахассислар мурожаатимизга панжа орасидан қараётир, – дейди қоракулчалик Эркин Сувонов.–Ёғингарчилик ёки кучлироқ шамол бўлганда юрак ҳовучлаб турамиз. Чунки, ёғоч устун қулаши ёки электр симлари узилиб ерга тушиши мумкин. Тасаввур қилаяпсизми, бу жуда хавфли ҳолат. Иккинчидан, ўша йили ёғоч устунларни дуч келган жой яъни, кўча бўйи ва томорқаларимиздаги дарахтлар ичидан пала-партиш ўрнатиб кетган. Ўшанда бу масалани айтганимизда келгуси йилларда мустаҳкам сим устунлар ўрнатиб, тўғрилаб берамиз, дейишган эди. Бироқ, ўттиз йилдан ошдики, ҳеч ким бу масала билан қизиқмаяпти. Кучланиши ҳам жуда паст. Тунлари телевизор кўролмаймиз. Энергетика вазирлигигача мурожаат этдик. Натижа йўқ. Нима қилишга ҳайронмиз.

Қишлоқ одамлари бизга кўча бўйидаги қийшайиб қолган ёғоч устунлар, томорқалардаги ёнғоқ, тол каби дарахтлар шохига илакишиб турган электр симларни кўрсатар экан, масъулиятсизлик билан амалга оширилган бу иш бир кун келиб, кимнингдир ҳаётдан эрта кўз юмишига сабаб бўлишидан хавотирда эканини ташвиш билан айтади.

– Бу муаммонинг ечимини топиш учун кўп эмас, 20-25 та мустаҳкам сим устун ўрнатиб, кучланиши баландроқ трансформатор қўйиб беришса, биз ҳаётдан рози бўламиз,–дейди Нурбой Маматқулов.– Ёки нурчиларимиз ўттиз йил илгари йўл қўйган хатоларини бирон кўнгилсиз воқеа юз бергач тузатишни кўнгилларига тугиб олганми? Қаерга мурожаат этмайлик, вилоят ё туман электр тармоқлари корхонасидан келиб, яқинда алмаштириб берамиз, дея ваъдани қуюқ қилади. Бир энлик қоғозга нималарнидир ёзиб, шоша-пиша имзо қўйдириб олишади-да, шу билан ғойиб бўлади. Биз эса кута-кута юрагимизни ҳовучлаб яшайверамиз. Яхшиямки, 130-140 киловатт атрофида ток бор. Мана, қаранг, баъзи жойларга телефон симларини ҳам улаб кетган. Бу электр хавфсизлигига тўғри келармикан?

Мазкур масалада Қумқўрғон тумани электр тармоқлари корхонаси раҳбари Юсуф Холмўминов билан суҳбатлашдик.

– Туманимизда 1 минг 800 километр атрофида электр линияси бор. Бу йил Тайфанг маҳалласидан 1,5 километр масофадаги электр линиясини таъмирлаш, битта трансформатор ўрнатиш дастурга тушган, – дейди Ю.Холмўминов. – Албатта, йил охиригача бажарамиз. Одамларнинг азият чекаётганидан хабаримиз бор.

Хуллас, вочахликларнинг ҳам, тайфангликларнинг ҳам айтишича, кўп йиллардан буён маҳаллий мулозимлар қуюқ ваъда беришдан нарига ўтолмаётгани учун эндиликда улар фақат Энергетика вазирлигидан нажот кутиб, яшамоқда. Икки қишлоқ муаммосига бу вазирликда ечим топадиган мутасадди бормикан, ўзи?

 

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,

ЎзА мухбири

Манба: https://uza.uz/uz/posts/energetika-vazirligi-diqqatiga-uzoq-qishloq-aholisi-muammosini-kim-hal-etadi_385784

 

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

  t.me/uzmetaxborotxizmati

>