ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
xolisnazar.uz - Муаммонинг ечими, аввало, инсонни тинглаш, инсонни тушунишдир
  • 28.06.2022
  • 237

Президентимиз топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Қарши шаҳридан бошланган оммавий қабуллари ҳам инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу буюк мақсаднинг бош мазмуни, манбаи ва энг олий қадрият бўлиши лозимлигини яна бир бор исботлаб бермоқда. Мурожаатчига масаласи бўйича имкон қадар шу ернинг ўзида аниқ ечим ва амалий жавоб топишга ҳаракат қилинмоқда.

Президентимиз топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Қарши шаҳридан бошланган оммавий қабуллари ҳам инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу буюк мақсаднинг бош мазмуни, манбаи ва энг олий қадрият бўлиши лозимлигини яна бир бор исботлаб бермоқда. Мурожаатчига масаласи бўйича имкон қадар шу ернинг ўзида аниқ ечим ва амалий жавоб топишга ҳаракат қилинмоқда.

Халқ қабулхоналари, суд-ҳуқуқ, иқтисодий ва ижтимоий йўналишлардаги ўттизга яқин идоралар, вазирликлар ва қўмиталар раҳбарлари кўтарилган масалаларни ҳудудий масъуллар ва мурожаатчи иштирокида синчиклаб кўриб чиқар экан, муаммонинг энг мақбул ечими, аввало, инсонни тинглаш, инсонни тушунишдан бошланишига амин бўляпмиз.

Қабуллар жараёнида тадбиркорлик, кредит ажратиш, меҳнат ва бандлик йўналишидаги ҳар бир масалани ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сабаби бир инсоннинг ишли бўлиши – бир оиланинг даромадли бўлиши дегани. Косонлик тадбиркор Сардор Мўминов ҳам давлатимизнинг айни шундай эътибори боис кредит олиб, Косоннинг Этак маҳалласида 90 ўринли мактабгача таълим ташкилоти фаолиятини йўлга қўйди. Бу галги мулоқотларда эса унинг қандолатчилик цехи ва иккита суъний қопламали уйингоҳ қуриш учун кредит ажратиш билан боғлиқ масаласи ҳал қилиб берилди.

Ёки Ғузор туманидаги “Жонбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Фахриддин Худойбердиев маҳалласида давлат-хусусий шерикчилик асосида “Жонбулоқ паҳлавонлари” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти барпо қилаётган тадбиркорга амалий ёрдам беришни сўрамоқда. Айтилишича, жонбулоқлик болалар ҳам, ота-оналар ҳам шу муассаса битишини сабрсизлик билан кутмоқда, бироқ тадбиркорга вақтида имтиёзли кредит ажратилмагани боис қурилиш тўхтаб қолган. 

Мурожаатдан сўнг мазкур нодавлат болалар боғчаси барпо қилиш учун тадбиркорга 7 йилга икки йиллик имтиёзли давр билан 2 миллиард сўмдан зиёд 5 фоизли кредит ажратиладиган бўлди. Бу билан 17 та янги иш ўрни яратилади, жонбулоқлик 100 нафар бола мактабгача таълимга қамраб олинади.

Бу йил Қарши давлат университетини битираётган Фахриддин Долиевнинг эса паррандачилик йўналишидаги бизнес-режаси қўллаб-қувватланди. Бу йигит энди 16 млн. сўм кредит олиб, ўзи яшаётган Қарши тумани Дашт маҳалласида оилавий тадбиркорликни йўлга қўяди.

Мактабгача таълим тизимида 27 йил ишлаган қамашилик Райҳон Холмуродова эса ўзининг ноҳақ ишдан бўшатилганини айтаркан, бу масалани  адолатли-қонуний ҳал қилишни сўради. Ўрганишлар мурожаатчи қонунан ҳақ эканлигини кўрсатди ва шу боис Райҳон опа ишга тикланадиган бўлди.

Анча йиллар аввал Қарши давлат университетини битириб, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ишлаган қаршилик Наргиза Элиева, мурожаатидан сўнг Қарши туманидаги 9-мактабгача таълим ташкилотига психолог вазифасига ишга қабул қилинди.

Кўп йиллар ҳарбий соҳада ишлаб нафақага чиққан Фарҳод Алиқуловнинг эса таълим тизимида ишлаш истаги-ю педагогик билим-малакаси етарли экани инобатга олиниб, у Қарши туманидаги мактаблардан бирида чақириққача ҳарбий таълим ўқитувчиси сифатида иш бошлайдиган бўлди.

Ғузорлик Гулбаҳор Ражабованинг Қарши давлат университети сиртқи бўлимининг 4-босқич талабаси бўлган қизи Дурдона Йўлдошевани иш билан таъминлашга оид масаласига ҳам шу ерда ечим топилди. Дурдона қўшни Деҳқонобод туманидаги 28-мактабда биология фанидан дарс берадиган бўлди.

Автомобиль йўллари қўмитаси масъулларига мурожаатдан сўнг қаршилик Баҳодир Абдуллаев ва ғузорлик Баҳодир Нормуродов Ғузор йўллардан мунтазам фойдаланиш унитар корхонасига ишга қабул қилинди.

Худди шундай мурожаатлар асосида деҳқонободлик Шоҳсанам Ражабова ва Матлуба Маҳмадалиева туман бандликка кўмаклашиш тизимига ишга жойлаштирилди, ғузорлик 6 нафар ишсиз хотин-қиз касб-ҳунар ўрганишга йўналтирилди. Иш масаласида мурожаат қилган яна ўнлаб ёшларни эса куни кеча Қарши шаҳрида иш бошлаган ёшлар кичик саноат ва тадбиркорлик зонасига шогирд сифатида бириктириб, уларга касб-ҳунар ўргатиш ва ишли қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.

Мулоқотларда сув, йўл, газ, коммунал соҳалар бўйича ҳам қатор масалаларга ечим топилмоқда. Дейлик, қаршилик Саодат Тўраеванинг Сув хўжалиги вазирлиги масъулларига мурожаати жойига чиқиб ўрганилгач, туманнинг Арабхона 2 массивидан ўтган йили Аёллар ва Ёшлар дафтарларидаги 13 нафар кишига деҳқончилик қилиши учун ажратилган жами 10 гектар ерни суғориш масаласи ҳал қилиб берилди. Ҳудуддаги Қўнғиртоғ насос станциясидан мазкур 10 гектар ерни суғориш учун алоҳида лимит ва назоратчи бириктирилди. Бу билан 13 та оиланинг экинларига, ниҳолларига оби ҳаёт етиб борди.

Қарши шаҳридаги “Гунгон” маҳалласида яшовчи Дилмурод Мирзаев эса Автомобиль йўллари қўмитаси масъулларидан маҳалласидаги Хўжапана кўчасини таъмирлашда амалий ёрдам сўради. Мурожаат жойига чиқиб ўрганилгач, зарур техникалар жалб қилиниб. Хўжапана кўчасига қум-шағал  тўшаб берилди. Қишгача бу кўча бир қор-у ёмғирни кўргач, мустаҳкам тош қопламали йўлга айланади. Келгусида эса бу ерга асфальт қопламаси ҳам тўшалади.

Ғузор тумани “Хўжагузар” маҳалласида яшовчи Омон Убайдуллаев “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти масъулларидан маҳалладаги электр таъминотини барқарорлаштириш масаласида амалий ёрдам сўради. Мазкур мурожаат жойига чиқиб ўрганилгач, Хўжагузар маҳалласи Обод кўчасидаги эскирган симёғочларни бетон устунларга алмаштириш, янги тармоқ тортиш ишларига киришилди.

 “Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти масъуллари эса Ғузор туманининг Янгикент, Тошгузар, Гулистон маҳаллалари аҳолисининг суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатларини жойига чиқиб ўргангач, мазкур икки маҳалладаги хонадонларга газ баллонлари етказиб берилди. 

Шунингдек, мурожаатлар таҳлили асосида вилоятдаги ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларнинг кўмирга бўлган талаби, бу борада белгиланган вазифалар ижроси ҳам ўрганилиб, мазкур масалани ҳал қилиш учун зарур чора-тадбирлар ҳам кўрилмоқда.

Қаршилик Ориф Шарипов мурожаати жойига чиқиб ўрганилгач, шаҳарнинг Араловул маҳалласига оптик толали алоқа тармоғи тортилиб, ҳудуддаги 128 та хонадонни юқори тезликдаги интернет тармоғига улаш ишлари бошлаб юборилди.

Қарши шаҳридаги “Шўртангаз” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруза Иралиеванинг Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги масъулларидан ҳудуддаги кўп қаватли 36 та уй орасидаги таъмирталаб болалар ўйингоҳларини янгилаш масаласида амалий ёрдам сўради. Мурожаатдан сўнг бу масала тегишли маҳаллий дастурга киритилиб, тез орада ҳал қилиб бериладиган бўлди.

Олий суд ва Судьялар олий кенгаши масъулларига мурожаатлардан сўнг жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ташкил қилинган суд мажлисларида қилмишига пушаймон бўлиб, айбидан тўғри хулоса чиқарган, ўзини ҳар томонлама тузатган бир қатор шахсларга ҳаётини ўнглаб олиши учун катта имконият берилди. Хусусан, жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар ва Нишон туман судларининг шаҳардаги жазони ижро этиш муассасаларида ўтказган сайёр суд мажлисларида маҳкумларнинг 9 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган бўлса, 16 нафарининг жазоси енгилроғига алмаштирилиб, жами 25 нафар маҳкум оиласи бағрига қайтарилди. 60 нафар маҳкум эса умумий тартибли калониядан манзил калонияларига ўтказилди. Тошкентлик 29 ёшли Абдулла Аъзамов ҳам мамлакатимиздаги инсонпарварлик сиёсати боис бугун озод, эркин ҳаётга қайтди.

 “Инсон қадри” ва “ижтимоий давлат” тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқлиги мазкур оммавий қабулларда ҳам яна бир бор ўз исботини топмоқда. Мамлакатимиздаги кучли ижтимоий ҳимоя сиёсати боис эҳтиёжманд, якка-ёлғиз, бемор ва ногиронлиги бор инсонларга доимий амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Мазкур мулоқотларда ҳам “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”дан ўрин олган 8 нафар кўмакка муҳтож инсонларга даволаниши, талаба фарзандларининг контракт тўловларини тўлаши учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси ҳисобидан 3-8 миллион сўмдан маблағлар ажратилди.

Ёки мурожаатидан сўнг касбилик Дилрабо Гелдиеванинг 3 нафар эгизак  фарзандлари мактабгача таълим ташкилотига жойлаштирилиб, ўзига  соғлигини тиклаши учун вилоят кўп тармоқли шифохонасига йўлланма берилди.

Суякларида емирилиш пайдо бўлган Дилором Жалиловага эса  бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Қарши шаҳри ва Ғузор туманидаги оммавий қабулларида 1 минг 359 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 304 таси жойида ҳал қилинди, 495 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, 560 та масала бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, Президент Администрацияси ҳамда Халқ қабулхоналари назоратига олинди.

Бу каби очиқ-жонли мулоқотлар Шаҳрисабз шаҳрининг Намозгоҳ маҳалласида, Чироқчи ва Касби туманларида ҳам ўтказилди. 

Манба: http://xolisnazar.uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>