Янгиликлар
Ғузор туманида қуёш фотоэлектр станциясини қуриш учун тендер шартларидан 8 та халқаро компания ва консорциум ўтди
  • 06.07.2022
  • 289

Ўзбекистонда янги энергия қувватларини барпо этиш, хусусан бу борада қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр станцияларининг қурилиши жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

2020 йилда қабул қилинган “2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси”га асосан юртимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватларини 30 ГВтга ошириш ва бунда қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25%га етказиш белгиланган.

Концепцияда белгиланган мақсадларга эришиш учун қилинаётган ишлардан бири – Қашқадарё вилоятининг Ғузор туманида 300 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси ва 63 МВт/125 МВт.с (2 соат давомида соатига 63 МВт қувват берадиган) энергия сақлаш батарея станциясини бунёд этиш.

Станция қурилишини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида хусусий инвестор томонидан амалга оширишилиши учун, Осиё тараққиёт банкининг техник кўмагида инвестор танлови бошланган. Танловнинг биринчи босқичида инвесторлар тажриба ва пул ресурслари мавжудлиги шартларидан ўтиши керак.

Танловнинг биринчи босқичига келиб тушган 12 та аризадан 8 таси Тендер комиссияси томонидан минимал шартларга жавоб берди, деб топилди.

Маълумот учун: Тендер коммиссияси Энергетика вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ, Молия вазирлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги раҳбарлари ва ходимларидан ташкил топган.

Қуйидаги компаниялар ва компаниялар консорциумлари танловнинг кейинги босқичига ўтди (алифбо тартибида):

1. Abu Dhabi Future Energy Company PJSC – Masdar (Бирлашган Араб Амирликлари)

2. ACWA Power Company (Саудия Арабистони)

3. China Huadian Engineering Co. Ltd. (Хитой) ва Universal Energy Co. Ltd. (Хитой) компаниялари корсорциуми

4. Concord New Energy Group Limited (Хитой)

5. GD Power Development Co. Ltd. (Хитой) ва PowerChina International Group Limited (Хитой) компаниялари корсорциуми

6. Jinko Power (HK) Company Limited (Хитой)

7. ReNew Solar Power Private Limited (Ҳиндистон) ва Ajlan & Bros Energy Company (Саудия Арабистони) компаниялари корсорциуми

8. VPE Fund I LP (Бирлашган Араб Амирликлари), Helios Mech Pte. Ltd. (Сингапур) ва LLC Solar System (Россия).

 

Ўзбекистон Республикаси
Энергетика вазирлиги Матбуот хизмати

Манба: https://minenergy.uz/uz/news/view/2040

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>