Келиб тушган мурожаатлар
Мурожаатчи: “Электр энергетика муҳандислиги бўйича 4-курс сиртқида ўқийман!”
  • 20.06.2022
  • 329

Мурожаат эгаси: Шайманов Ҳасан, Сурхондарё вилояти

Электрон почта: shaymanovxasan969696@gmail.com

Мурожаат мазмуни: «...“Завушни”да ўқийман. 4-курсман. 1 йил қолди ўқишни тугатишимга...»

Мурожаатга жавоб: Ҳурматли фуқаро, Ҳасан Шайманов! Сизнинг uzbekistonmet.uz веб-сайтининг "Мурожаатлар" рукни орқали юборган сўровингиз тегишли тартибда қабул қилинди.

Мурожаатингизга жавоб ўрнида, энг аввало сизга шуни маълум қилишимиз лозимки, ташкилотимизнинг тўлиқ номи «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти бўлиб, ундаги бўш иш ўринларига ишга қабул қилиш жараёнлари меҳнат қонунчилигига асосан (амалдаги қонунларга мувофиқ), белгиланган тартибларга кўра амалга оширилади.

Бугунги кунда «Ўзбекистон МЭТ» АЖ таркибида 14 та ҳудудий магистрал электр тармоқлари, лойиҳалаштирувчи, қурилиш ва бошқа хизматлар кўрсатувчи функционал филиаллар мавжуд. Жамиятга қарашли 85 та подстанция ва 11 400 км дан ортиқ 220–500 кВли магистрал ҳаво электр узатиш линиялари мавжуд. «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти марказий аппарати ва таркибидаги тузилма ҳамда филиалларда жами бўлиб 4300 нафардан зиёд мутахассис-ходимлар меҳнат фаолияти олиб бормоқда.

Бўш иш ўринларига белгиланган талабларга мувофиқ номзодларни танлаб ишга қабул қилиш Филиал раҳбарияти ва ходимлар билан ишлашга масъул мутахассислар зиммасига юклатилган. Фақат раҳбар кадрларнинг бўш иш ўринларига тавсия қилинган номзодлари Акциядорлик жамиятининг маъмурияти орқали тегишли тартибда суҳбатдан ўтказилиб, тегишли бўлим ва бошқармалардан ижобий тавсия олганидан сўнг ишга қабул қилиниши мумкин.

Қўшимча маълумот:

Ҳурматли фуқаро, Ҳасан Шайманов, «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти ишга киришингиз учун, дастлаб, Ходимлар билан ишлаш бошқармасининг kadr_nes@mail.ru электрон почтасига резюме-маълумотномангизни юборишингиз лозим.

Янгилик: «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг расмий веб-сайтида uzbekistonmet.uz «Онлайн резюме» функцияси ишга туширилди: https://www.uzbekistonmet.uz/uz/appeal/resume.

Бу янги қулайлик ишга кириш истагида бўлган мутахассислар билан Ходимлар билан ишлаш бошқармаси мутахассисларини бевосита, онлайн режимда боғлаб, иш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

МАНЗИЛ: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Осиё кўчаси, 42-уй. Мўлжал: Юнусобод тумани ҳокимияти.

Мурожаат учун: 71-236-6851; 71-236-6190.

Веб-сайт: uzbekistonmet.uz

Электрон почта:  kadr_nes@mail.ruinfo@uzbekistonmet.uz

Ходимлар билан ишлаш бошқармасидан мурожаат:

Ташкилотимиз магистрал электр тармоқлари йўналиши бўйича (электр энергетика тармоғида қурилиш-монтаж, модернизация-реконструкция, таъмирлаш-тиклаш ишлари) фаолият олиб боргани боис, номзодлар олий таълим муассасаларининг энергетика йўналишини битирган бўлиши талаб этилади.

Бўш иш ўринларини малакали кадрлар билан тўлдириш жараёни шаффоф бўлишини таъминлаш мақсадида, биз ҳар ойда тўпланган резюме-объективкаларни жамлаб, тегишли хизмат, бўлим ва бошқарма бошлиқларига тақдим этамиз. Тақдим этилган маълумотномалар мутахассислар томонидан ўрганилиб, атрофлича кўриб чиқилади. Таржимаи ҳолдаги маълумот-кўрсаткичлар мутахассисларга маъқул келса, номзод бевосита суҳбатга чақирилади. Шундан сўнг бўш иш ўрни бўйича раҳбариятга ушбу мутахассиснинг номзодини тавсия этилади ва ишга қабул қилинади.

⇒ «Бўш иш ўринлари» рукни https://www.uzbekistonmet.uz/uz/lists/category/25

Ахборот хизматидан қўшимча таклиф: Ҳурматли фуқаро Ҳасан Шайманов, меҳнат фаолиятингизни бошлашдан олдин ўзбек тилида имловий ва услубий хатоларсиз ёзишни ўрганинг. “Eliktir energiya muhandislik”, “Zavushnida o‘qiyman 4 kursman 1 yil qoldi o‘qishni tugatishimga” каби тушунарсиз мурожаат ва унинг имло ҳамда услубий хатоларга тўла матни сизнинг билимингиз даражаси ҳақидаги дастлабки белги-нишон бўлиб хизмат қилади.

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

t.me/uzmetaxborotxizmati

>