ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
qalampir.uz — «Таппида қолаётган қўллар, қимматлаётган “свет”, уйида чироқсиз ўтирадиган “замминистр”»
  • 28.05.2022
  • 307

Йил давомида қишлоқларда газ йўқлиги, "свет" тез-тез ўчиши, Ҳукумат аёлларнинг қўлини ҳалигача таппидан тозалай олмаётгани танқид қилинади. Тан олиш керакки бугунгача ҳар йили қиш фасли келишини фожиадек қабул қиладиган одамлар кўпчиликни ташкил қилади, афсуски.

Чироқ сурункали узилиб, одамлар телевизор кўролмайдиган даврлар ўтмишда қолганига беш йил тўлганда Янги Ўзбекистонда “свет” ўчиши уятми? Бир неча йилдан бери барқарор ушлаб турилган электр энергия нархи ошадими? Энергетика соҳаси жар ёқасига келиб қолган-у, ҳатто вазирлар ҳам уйида чироқсиз ўтирадими? QALAMPIR.UZ'нинг шу ва бошқа саволларига Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев жавоб берди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Феруза Нажмиддинова, журналист: — Истеъмолчи сифатида бу соҳадан қанчалик розисиз?

Шерзод Хўжаев, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари: — Энергетика соҳасида 24 йилдан буён ишлашимни четга суриб қўйсак, соҳадан норозиман. Оилам норози, ота-онам, қўни-қўшним маҳалладошларим норози. Норозиликни тушунарсиз деб баҳоламайман. Кўрсатаётган хизматларимизни сифати шундай-ки, рози бўлиш қийин. 

Ф.Н.: — Ва сиз буни тан оласиз?

Ш.Х.: — Тан оламан

Ф.Н.: — 2016-2017 йилларда энергетика соҳасидаги муаммолар танқид қилинди. 25 йил ГЭСлар қурилмагани, борларига ҳам инвестиция киритилмагани, совет давридан қолган техника билан ишланиши кўп гапирилди. Ўтган 25 йилни танқид қилишга ўрганиб ҳам қолдик. 5 йилда-чи аниқ нима иш қилинди? Бу бир давлатни бўлмаса-да бир соҳани ўзгартириш учун етарли давр.

Ш.Х.: — Тўғри. 1991 йилдан бўёғига Республикада энергетика соҳасида тармоқларни ривожлантириш, реконструкция ва модернизация қилишга сарфланган маблағни четга суриб қарасак, айнан мана шу беш йилда деярли 80 фоиз иш бажарилди. 20 фоизи аввалги 25 йилда бўлган. Яна бир аҳамиятли нарса, давлат монополиясини бузиб, соҳага хусусий секторни олиб келиш мумкинлигига ишонч ҳосил бўлди. Олдинлари бу ҳақда ўйлаб кўрмаган эдик. Яъни бу ақл бовар қилмайдиган, давлат манфаатларига зид нарсадек кўринарди. Охирги уч йилда соҳага хусусий инвестициялар кириб келишни бошлади.

Ф.Н.: — Электр энергиясини етказиб беришда тариф сиёсатидан қисман воз кечиб, нарх сиёсатини юритишга ва бозор қоидаларига мос қонунларни ишлаб чиқишга эҳтиёж тобора ортиб бормоқда деган эдингиз. Тариф ва нарх сиёсатидаги аниқ фарқларни тушунтириб беринг.

Ш.Х.: — Тариф сиёсати – соҳадаги нарх-навони бирмунча юқорироқ ёки кучлироқ савияда тартибга солиниши. Нарх сиёсати бу – давлатни аралашувини минималлаштириш. Буни салбий ва ижобий томонлари ҳам бор. Ресурслар танқислиги юзага келаётган бир вақтда ёки ҳудудлар бўйича ресурсларни етказиб бериш имконияти ҳар хил бўлган вақтда тариф сиёсатидан воз кечиб, нарх сиёсатига ўтиш, албатта, айрим ҳудудларда норозиликларни келтириб чиқаради. Чунки нарх кескин кўтарилиб кетади. Нарх деганда бу – сотувчи ва харидор ўртасидаги англашув. Харидор ҳар доим ҳам нархни адолатли деб ҳисобламаслиги, рози бўлмаслиги мумкин. Лекин, энергоресурслар таъминотида рақобат чегараланганлиги туфайли норозиликлар бўлган тақдирда ҳам бошқа маҳсулотлардан фарқли ўлароқ ўзга бир манбалардан олишнинг ҳам имконияти йўқ.

Тариф сиёсати биринчидан истеъмолчини танқислик юзага келганда истеъмолчилар ўртасида ким ошди савдоси бошланишидан ҳимоя қилади. Пули бор одам икки баробар тўлаб хоҳлаганича ресурс олади-ю пули ёки молиявий имконияти чегараланган одам ресурслардан буткул маҳрум бўлишига йўл қўймайди. Иккинчидан бозорга янги кириб келаётган айрим субъектлар учун ҳисоб-китоб қилиш имконини беради. Чунки давлатнинг тариф сиёсати бозордаги рақобатни ёки аввалги иштирокчиларни   ўзаро тил бириктириб янги иштирокчини киритмаслик учун нархларни денпик қилиб, унинг жозибасини тўлиқ ёпиб туришларидан бироз бўлса ҳам ҳимоялайди. Ҳар иккала йўналишнинг ҳам ўзига яраша ютуқ ва камчиликлари бор.

Ф.Н.: — Электр энергиясининг нархи бир неча йилдан буён деярли бир хил ушлаб турилишида Давлат томонидан ажратилаётган субсидияларнинг ўрни бор. Энергетикада субсидия нима? Давлат бу мақсадда йилига қанча маблағ ажратяпти.

Ш.Х.: — Электр энергияси учун нархлар охирги марта 2019 йил август ойида тасдиқланган. Тарифларда қарийб уч йилдан бери ўзгаришлар бўлгани йўқ. Субсидия аслида нима? Мана электр энергиясини ишлаб чиқаришда ИЭСларимизнинг асосий ёқилғи тури бу – табиий газ. Табиий газни арзонлаштирилган нархда етказиб бериш давлатнинг бошқа бир компанияси томонидан субсидияланади. Агар ҳақиқий нархда етказиб берганда эди, албатта, станциялар ишлаб чиқарган электр энергияси нархи ошарди, якуний истеъмолчига етиб бориши керак бўлган нарх ҳам ошарди. Давлат арзонлаштирилган нархда табиий газ етказиб беряпти. Бу биринчи йўналиш эди. Энди иккинчи йўналиш. Мана шу энергетика соҳасидаги компаниялар давлатни ҳар қандай мамлакатда энг кучли, энг чемпион компаниялари ҳисобланади. Булар давлатга фақат солиқ эмас, дивиденд ҳам тўлаши керак. Чунки давлат мулкининг орқасидан давлат фойда кўриши керак, фақат унинг олиб борган фаолияти орқасидан эмас. Лекин бу компаниялар ҳозир дивиденд тўламаяпти. Чунки кўп ҳолатларда фойдага чиққан тақдирда ҳам шу дивидендлар давлат томонидан компанияни ўзига қолдириляпти. Яна бир аҳамиятли жиҳати ИЭСларимизни ташқи кредитларни жалб қилиб, шу маблағлар ҳисобидан қурганмиз. Кредитларни қайтариш муддати келганида молиявий имкониятларимиз чегараланган бир пайтда бу кредитлар давлат бюджетидан қайтариляпти. Бу ҳам субсидия. Бундан ташқари айрим ҳолатларда тўғридан-тўғри ҳисоб рақамларига айланма маблағлари учун жуда оғир бир кунларга келиб қолинган пайт ҳисоб рақамига тўғридан-тўғри пул маблағлари туширилиб, бериляпти-ки мана шундан ишчиларга ойликлар тўланяпти, қандайдир материаллар сотиб олиняпти. Мана шуларни ҳаммаси пировард натижада субсидия.

Ф.Н.: — Кўплаб давлатларда майнинг фермалари ҳам иш бошлаган, улар эса жуда ҳам кўп электр сарфлайди. Биз эса ҳамон "свет" масаласида бош қотириб ўтирибмиз. Олдинги силжиш бўлармикан? Ёки энергетика соҳаси жар ёқасидами?

Ш.Х.: — Менимча, жар ёқасида дейишимиз ноўрин. Чунки жон бошига ишлаб чиқарилаётган электр энергия миқдори ёки электр энергиясини йилнинг аксарият қисмида етарли миқдорда етказиб берилаётганини, муаммолар мавсумий эканлигини ҳисобга олсак, жар ёқасида деб айтолмаймиз.

Ф.Н.: — Лекин бу муаммолар ҳар йили такрорланади.

Ш.Х.: — Тўғри, ҳар йили такрорланади. Чунки ҳозирги кундаги тизим айнан қиш ойларида 100 кун талабга жавоб беролмаяпти. Талабни қондиролмаяпти. Бизни кўриб турган мухлисларимиз айтиши мумкин 100 кун эмас, 365 кун муаммоли ҳудудлар бор. Қайсидир ҳудудларда ўчишларни ёзда ҳам, кузда ҳам кузатамиз. Лекин улар ресурсларни чегараланганлиги туфайли бўладиган режали ўчиришлар эмас. Тармоқлар эскиргани, авариявий ҳолатлар юз бергани туфайли бўлиб туради. Лекин сурункали равишда эмас.

Ф.Н.: — Бугунги кунда қишлоқларда демаймиз, шаҳарда режали ўчиришлар борми?

Ш.Х.: — Бор! Лекин ажратилган лимит доирасида ёки режадан ортиқ ишлатиб қўйилгани учун эмас. Ўчиш бўлаётган кун ёки дақиқаларда энергия тизимида ишлаб чиқариш қувватларини етишмаслиги сабабли, тўғрироғи мана шу станцияларга ёқилғи етишмаслиги сабабли.

Ф.Н.: —  Электр ишлаб чиқариш газ ёки бошқа энергия билан бўлади. Ўзбекистонда сўнги йилларда янги газ конлари очилди, лекин на газ таъминотида ва на электр энергияси тизимида ўзгариш йўқ.

Ш.Х.: —  Кўплаб янги конлар очиляпти. Лекин бу дегани эски конлар тугамаяпти дегани эмас. Ҳар бир янги очилган кон, янги ишлаб чиқариш ҳажмлари эски конларда бўлаётган йўқотишларини қоплаяпти.

Ф.Н.: — Бугун энергетика тизими инвесторга қанчалик муҳтож? Соҳани жозибадор қилиш, муаммоларни тўлиқ бартараф этиш учун қанча маблағ керак бўлади?

Ш.Х.: — Электр энергетикани ўзига 2030 йилгача талаб этиладиган инвестициялар миқдори 20 млрд доллар, бу – ақл бовар қилмайдиган рақам. Лекин шу маблағларни жалб қилсак, етарли миқдорда ишлаб чиқарамиз ва захирамиз бўлади. Чунки қиш ўта совуқ келадиган йиллар бўлиши мумкин. Айрим қурилмалар қишда фавқулодда авариявий ўчиши мумкин, захиралар бўлиши керак. Шу билан бирга мана шу ишлаб чиқарилган Электр энергиясини барча истеъмолчиларга сифатли етказиб беришимиз керак. Ишлаб чиқаришни ўзи етарли эмас. Уйингизда чироқ ёняс-ю кучланиш паст бўлса, сиз барибир норози бўласиз. Тармоқларни модернизациясига, қурилишига жуда ҳам кўп маблағ сарфлашимиз керак. 

Бу рақамни бунчалик катта бўлишига яна битта сабаб бор. Бутун дунё қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтяпти. Қайта тикланувчи энергия деганимда Ўзбекистон шароитида гидро ресурсларимиз чегараланган. Лекин қуёш ва шамол ресурсларимиз кўп. Қуёш ва шамол электр станцияларининг ютуғи нимада? Ёқилғи сарфланмайди, қурилиш нуқтаи назаридан ҳам унақа қиммат эмас. Лекин уларни бошқариш жуда қийин. Сиз хоҳлаган вақтингизда шамол эсмайди, энергияга талаб катта бўлган даврда осмондаги булутларни тарқатиб юбориш инсониятнинг қўлида эмас. Нима қилишимиз керак? Қўшимча тармоқлар қуришимиз лозим. Оддий бир мисол келтириб ўтай. Ўзбекистонда шамол Электр станцияларининг энг юқори потенциали Қорақалпоғистон Республикасида. Қорақалпоғистондан Тошкентгача, Фарғона водийсигача минглаб километр иккита-учта қўшимча алоҳида тармоқ тортишимиз керак. Мана шу қўшимча тармоқлар тортилмаса ва ўртада қайсидир тармоқда узилиш бўлса, бу авария ҳолатларига олиб келади. Яъни бу ерда тармоқларга бўлган инвестиция фақат энергияни бир нуқтадан иккинчи нуқтага етказиб бериш эмас, қаердадир узилиш бўлганида истеъмолчи сезмаслиги учун ҳам. Бутун дунёда индикаторлар бор. Ўчишлар сони, давомийлиги нуқтаи назаридан ҳам истеъмолчи рози бўлиши учун қайсидир электр станция ўчадими, тармоқ ўчадими истеъмолчи буни сезмаслиги керак. У парда ортида қолиши керак. Буни қилиш учун мана шу тармоқ ҳозир иккита бўлса, тўртта бўлиши керак. Электр станция бешта бўлса, ўнта бўлиши керак. Шундагина буни ҳимоялаш мумкин.

Ф.Н.: — Бизда инвесторлар борми?

Ш.Х.: —  Инвесторларнинг сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан мамлакатнинг келажагига ишончлари комил. Улар Ўзбекистон билан боғлиқ катта муаммони кўрмаётганини айтишади. Улар инвестиция киритишга тайёр. Инвесторларни қийнайдиган саволлар битта –электр энергетика соҳасини тартибга соладиган қонунчилик йўқ. “Биз инвестиция киритсак, киритган инвестициямиз давлат томонидан ҳимояланиши тўғрисида қонун бор. Яъни олиб қўйилмайди, мулк дахлсизлиги, олинган фойдани ташқарига олиб чиқилиши бўйича қонунчилик бор. Бу ишлаяпти. Лекин, биз бозорга кирганимиздан кейин мендан олдин ва кейин бозорга кирганлар учун бир хил шарт-шароит бўлишига ким кафолат беради?”, деб кўп инвесторлар савол беришади.

Улар бизга “Электр энергетикаси тўғрисида”ги қонуни қабул қилинглар, бозор қоидаларини ишлаб чиқиб, тасдиқлаб, шаффоф кўрсатинглар. 10-20 йил давомида талаблар ўзгармайди. Сиздан кейинги келувчилар учун ҳам шу талаблар қўйилади. Биз киришга тайёрмиз”, деб кўп айтишади. Инвестор даромад олишидан шубҳа қилса, у ўгирилиб кетиши мумкин. Унинг ўрнига бошқаси келади. Лекин ҳаммада бир хил шубҳа уйғонса, бу нимадан далолат беради? Бу ерда тизимли муаммо бор. Буни фақат қонунчилик билан ҳал қилишимиз керак.

Ф.Н.: — Бу борада қандай таклифлар киритиляпти?

Ш.Х.: —  Уч йил давомида Энергетика вазирлигида турли мамлакатлардан келган экспертлар билан ҳамкорликда электр энергетикаси тўғрисидаги қонунни янги таҳрирда ишлаб чиқдик. Очиғини айтаман, мен ҳали бизнинг мамлакатимизда бундай катта қонунни кўрмаганман. Юз варақдан ортиқ! Бу биздаги қонунчилик нормаларига зид деёлмайман. Лекин фарқ қилади. Чунки у ердаги талаблар жуда қатъий, аниқ, лўнда белгиланган. Қонун ости ҳужжатларини ишлаб чиқишга эҳтиёж қолдирмаяпти.

Масалан энергетика бозорини тартибга солиш бўйича регулятор тушунчаси бор. Лекин ундай давлат органининг ўзи йўқ. Бозор регулятори дейилган лекин қани-у? Қани бозор қонун-қоидалари? Ҳали йўқ. Ўйлайманки қисқа кунларда регулятор тузилади ва қонун қабул қилинади.

Бизда электр тармоқлари кодекси деган техник ҳужжат бор. Электр тармоқларига уланишни хоҳлаган электр энергиясини ишлаб чиқарувчи станция бўлсин, йирик саноат корхонаси бўлсин, бошқа идоралар хам қабул қилинган техник ҳужжатларга амал қилишга мажбур. 

Хорижий инвесторлар учун бу тушунарсиз ҳолат. Улар “ҳужжатни ўқиганимизда ҳамма саволларимга жавоб топишимиз керак. Шу ҳужжатни қабул қилинглар, сизларни қабул қилган ҳужжатларинг сони кўплиги майли, у ердаги нормалар шунақа-ки, сиз уч ёки беш йилдан кейин олдимга келиб кечирасиз бугундан бошлаб сиз учун янги талаблар қўйилди. Бўйсунишга мажбурсиз, дейдиган имконият қолдириб кетгансизлар” дейишади. Мана шу талаблар қанчалик кучли бўлмасин, қатъий бўлиши лозим.

Қонунчилик билан михласак, бозорга кираман деган инвесторлар аслида кўп. Чунки мамлакат сиёсий, иқтисодий жиҳатдан жуда ҳам жозибадор. Энергия ресурслари тақчиллиги бўлгани учун бозор ҳам аниқ. Яъни инвесторнинг "ишлаб чиқарган маҳсулотимни кимга сотар эканман", деган ташвиши бўлмайди.

Осон бўлиши учун интернет провайдерларини мисол келтиришим мумкин. Баъзи одамлар айтиши мумкин, Ўзбекистонда интернет ҳам ҳавас қиладиган даражада эмас. Лекин электр таъминотидан кўра сифат, ишончлилик, нарх-наво нуқтаи назаридан ҳам анча илгарилаб кетган. Тармоқ эгаси битта: “Ўзбектелеком” Бу ташкилотнинг интернет провайдери бор. Бундан ташқари бир нечта интернет провайдери ҳам бор. Улар “Ўзбектелеком” билан шартномалар имзолашган. Уларнинг тармоқларидан фойдаланган ҳолда истеъмолчиларга хизмат кўрсатади. Лекин истеъмолчига кўрсатиладиган хизмат сифати интернет провайдерлари сони кўпайгани сари яхшиланиб бормоқда. Нимага? Биринчидан рақобат. Сизга қўпол муомала қилган ёки шартномада кўрсатилган шартларини бажармаган провайдер билан ишлолмайсиз. Чунки сиз пулини тўлаб оляпсиз. Нима қиласиз? Бошқасини танлайсиз. Мижоз учун кураш бўлганидан кейин компания стратегиясига кўра ўз устида ишлайди. Ривожланишнинг ягона йўли шу. Айтишимиз мумкин тармоқлар барибир битта компанияники-ку. Кўрсатиладиган хизматларнинг сифати барибир тармоққа боғлиқ-ку. Бу ерда бошқа савол туғилади. Шикоят қиладиган истеъмолчилар кўп. Лекин ҳақиқатдан ҳам судга борадиган ёки шартнома-шартларини буздинг, менинг ҳуқуқларимни поймол қилдинг деб, судга бераман деган истеъмолчилар кўпми? Йўқ! Лекин мана худди интернет соҳасида “Ўзбектелеком” айби билан интернет провайдерлар мижозини йўқотса, зарар кўрса, мижоз судга бермаса ҳам провайдер аниқ судга беради. Энергетика соҳасида ҳам хизматда сотувчилар сони кўпайса, улар, эриш туйилиши мумкин, лекин бизнинг давлат компанияларимизни ҳам тартибга солишни бошлайди. Чунки қаердадир қўпол муомала қилган бўлишимиз мумкин, қаердадир бюрократия, қаердадир сансалорлик, қаердадир тинчитиш учун ёлғон... Бизнес бунга йўл қўймаслиги мумкин. Алдашимиз мумкин лекин моддий жиҳатдан кейин бизни жазолайди. Бир марта, икки марта жазолайди кейин нима бўлади? Барибир тартибга тушишга мажбур бўламиз.

Ф.Н.: — Бир ойда бир хонадон қанча электр энергияси ишлатади?

Ш.Х.: — Республикадаги аҳоли хонадонларининг ўртача 80 фоизи ойлик 200 кВт/с электр энергияси ишлатади. Буни камроқ ёки кўпроқ ёқадиган хонадонлар ҳам бор албатта. Электрни кўпроқ ёқадиган хонадонлар иккига бўлинади: биринчиси ўзига тўқ, бой оилалар; иккинчиси, бу уй шароитида қандайдир ишлаб чиқаришни йўлга қўйганлар. Ишлаб чиқаришни йўлга қўйган одам ҳозирги кунда 450 сўмдан пул тўлаяпти. Уйида тадбиркорлик фаолиятини расмийлаштирмасдан “свет” ёқаётганлар 295 сўмдан тўлайди.  Ишлаб чиқарувчилар ўртасида ҳам адолатсизлик мавжуд.

Табақалаштирилган тарифга ўтиш маълум бир миқдорда кўп ёққан одамдан кўпроқ маблағ ундириш эмас. Айрим тоифа истеъмолчилар бор, уйида ёқилган электр энергиясини беҳуда сарфлайди. Хоҳласангиз тежанг камроқ тўлайсиз, хоҳласангиз тежаманг, лекин нархи баландроқ бўлади.

Ф.Н.: — Исрофгарчилик ҳолатларида вазир ёки вазир ўринбосарлари одамларга чақириқ билан чиқяптими?

Ш.Х.: —  Чиқяпмиз. Лекин менимча бу – истеъмол маданияти. Мен халқимиз ёки истеъмолчиларимиз маданиятсиз демоқчи эмасман. Фақат бизнинг ўрганиб қолган маданиятимизда бу ресурсларни кўп ҳам қадри йўқ. Энг қизиғи, қишда йўқчиликдан ҳудудлар азият чекадиганлар бор. Айни ўша ҳудуддагилар “свет”ни қадрига етишади. Мен чекловлар киритиб, ҳамма ёқда ўчириб истеъмол маданиятини шакллантиришга қаршиман. Лекин беҳуда сарфламасликка ўзимизни ўргатишимиз керак.

Ф.Н.: — Ўзбекистон ҳозирги кунда минтақавий электр тармоқлари орқали қўшниларидан қанча электр токи олади?

Ш.Х.: — Марказий Осиё ягона энергия тизими яратилганига 50 йилдан ошган бўлса, Ўзбекистон бир кун ҳам чиқиб кетмаган. 2009 йилда Ўзбекистон [ягона энергия тизимидан] чиқиб кетибди деган миш-мишлар тарқалган эди. Йўқ, асли ундай бўлмаган. Ягона тизимда энергия оқимлари ва тижорий шартномалар ҳар доим ҳам бир хил эмас. Мисол тариқасида келтириб ўтаман. Қирғизистондаги энг йирик электр станциялар Фарғона водийсига яқин жойда жойлашган. Улар ишлаб чиқарган электр энергиясини бир қисмини водий вилоятларига етказиб беради. Биздаги Тошкент иссиқлик электр станциямиз Қозоғистон билан жуда ҳам яқин жойда. Биз мана шу станцияда ишлаб чиқарилган энергиянинг бир қисмини Қозоғистон, Чимкентга берамиз. Қозоғистонда станцияларнинг аксарияти шимолда. Улар ишлаб чиқарган энергияни Қирғизистон шимолига беради. Энергия оқимлари бор, лекин ой якуни билан мана шу техник оқимларни тижорий оқимларга айланиб кетмаслиги диспетчерлар томонидан таъминланади. Ҳар бир мамлакат бир-биридан қанча электр энергиясини олган бўлса, шуни қайтариб беради. Ҳисоб-китоби қилинади. Шу билан бирга мавсумий тижорий оқимларимиз ҳам бор. Масалан, Туркманистондан, Тожикистондан импорт қиламиз ва Афғонистонга экспорт қиламиз. Рақамларга келадиган бўлсак, экспорт ва импорт ҳажмлари орасида тафовут бор. Биз кўпроқ импорт қиламиз, камроқ экспорт қиламиз. Ички эҳтиёжни бир қисмини импорт орқали қоплаймиз. Албатта, буни қандайдир тижорий масалалари ҳам бор. Мен буни ҳозир очиқолмайман. Лекин бу ўзаро олди-сотди ҳамма учун манфаатли. Яъни кимдир мажбурлигидан сотмайди ва мажбурлигидан сотиб олмайди. Ҳамманинг манфаати бор.

Ф.Н.: — Германия билан экологияни ривожлантириш концепцияси бор. Германияда ҳозирги кунда кўмир ишлаб чиқариш ва ундан фойдаланиш тақиқланган. Ўзбекистон бу концепция талабларини бажара олармикан?

Ш.Х.: —  Биласизми, Ўзбекистон ўз олдига қўйган мақсадларидан биттаси 2050 йилга бориб қазилма ёқилғидан, яъни қазилма ёқилғидан, нафақат кўмир балки балки ёқилма сифатида табиий газдан, нефтдан фойдаланмаслик режамизда бор. Менинг шахсий фикрим ҳам, мутахассислар фикри ҳам шундай. Бу эришса бўладиган кўрсаткич. Нега? Ўша вақтга бориб технологиялар шу даражада илгарилаб кетадики қуёш, шамол ва гидро ресурслардан олинган электр энергияси барча энергия турларига бўлган эҳтиёжни тўла қоплашга етарли бўлади.

Ф.Н.: — Бу узоқ йиллар эмасмикан?

Ш.Х.: —  Йўқ, аслида қарийб 30 йил тўғрисида гап кетибди. Бир қарашда жуда узоқ муддатдек туйилади. Лекин 30 йил аввалга қайтайлик. Ўша йилларда Европа электр энергиясини кўмирдан ёқарди. Мана энди тўлиқ воз кечди. Нимага 20 йил аввал воз кечолмади. Чунки бу жуда катта тизим. Ҳамма жойга қуёш ёки шамол станциясини қўйиб мана етарлича ишлаб чиқардик дегани эмас. Бутун халқ хўжалигини шунга мослаштириш керак, автомобиллар ҳаммаси электромобилга айланиши керак, ишлаб чиқаришдаги печлар ҳаммаси газидан ёки кўмиридан воз кечиб электрга ўтиши керак. Жуда ҳам кўплаб янги маҳсулот турлари бир ерда жам бўлиши керак. Бу қурилиш индустрияси дейсизми, озиқ овқат дейсизми, енгил саноат дейсизми, ўз номи билан дунёда буни электр энергетикага ўтиш даври деб номланди. 

Ф.Н.: — Ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов Бош вазирликка номзодини кўрсатганда 2024 йилга бориб Ўзбекистон хорижга газ сотишни тўхтатади деб ваьда қилганди. Бу бўйича вазирлик нима дейди.

Ш.Х.: —  Биласизми? Албатта ҳукумат раҳбари бундай сўзларни айтишдан олдин етти ўлчаб бир кесадилар. Иккинчидан жуда кўп экспорт қилгандан кўра, ички бозорда қайта ишлаш кўпроқ манфаат беради. Ўзимизда танқис бўлиб турган пайтда қандай экспорт қилиб, манфаат кўрдик деб айтиш мумкин. Бу ерда масалани бошқа томони бор. Газ қазиб чиқариш бу технологик жараён. Ёзда ҳам тахминан шунча газ қазиб чиқарасиз (суткалик). Лекин қишда ички бозорда эҳтиёж 3 баробар ошади. Қишда биз экспорт қилмаймиз. Ёзда қазиб чиқарганимизни ортиқча қисмини экспорт қилишимиз мумкин.
 
Ф.Н.: — Бир йилда энергетикага етарли маблағ ажратиляптими?

Ш.Х.: —  Жуда ҳам жавоб бериш қийин бўлган савол. Энергетика соҳаси аслида маблағ ажратилиши керак бўлган соҳа эмас. Энергетика соҳаси ўзи учун маблағни ўзи топиши керак бўлган соҳа. Энергетика соҳаси давлат бюджетига кўп солиқ ва дивидендлар тўлаши керак бўлган соҳа. Мана шу дивидендларни тўламаслигимиз қандайдир бир маънода давлат томонидан маблағ ажратилишига тенглаштирилиши мумкин. Бугунги кунда олаётган даромадимиз, ишлаб чиқариш учун, тўловлар учун етарли. Аммо янги инвестиция учун етарли эмас. Боя айтиб ўтдик, янги кон топилибди, эскиси тугаб боряпти. Доимий равишда янги кон топилмаса, эскилари тугайди. Янги тармоқлар қурилмаса, бир кун келиб ҳаммаси эскиради-ю кейин электр энергиясини етказиб беролмаймиз.
 
Ф.Н.: — Қуёш панелларини ўрнатиш тартиби, шартлари ва талаблари қандай?

Ш.Х.: — Бу давлат томонидан қўллаб-қувватланадиган соҳа. Ҳеч қандай қўшимча тўлов ва солиқлари мавжуд эмас. Сиз қуёш панеллари ўрнатсангиз, ўзингиз учун иккита саволга жавоб топишингиз керак. Биринчиси фақат ўз эҳтиёжим учун ўрнатаманми ёки бизнес мақсадидами? Бизнесга айлантириш ниятингиз бўлса ҳудудий электр тармоқлари корхонаси билан тегишли шартнома расмийлаштиришингиз керак. Иккинчи савол, агар қуёш панелини ўрнатсам қуёш йўқ пайтда токни давлатдан оламанми ёки аккумулятор сотиб оламанми? Бунда бу бизнесга айланмайди. Ҳар икки йўналишда тақиқ йўқ, қўшимча тўлов ва солиқ йўқ. Энди савол туғилади. Нима учун унда бу соҳа ривожланиб кетмаяпти? Сиз агар панель ва аккумулятор ўрнатсангиз бугунги кундаги нархларда ҳисоб-китоб қилсак, ўн йилда ўзини оқлайди. Сиз ишлатадиган электр энергиянгизга ўн йил олдиндан тўлов қилиб қўйишга тайёрмисиз?

Ф.Н.: — Электр энергияси нархи ошиши кутиляптими, нарх ошса, сифат талабга жавоб берадими?

Ш.Х.: —  Уч йилдан бери электр энергияси учун тарифлар ўзгармади. Мен ўйлайманки электр энергияси учун тарифларни ўзгартириш вақти келди. Камида мана шу уч йилда расмий инфляция миқдори қандай бўлган бўлса, ресурсларни нархини ҳам шунчага ошириш вақти келди. Чунки у тизимда ишлайдиган одамларнинг ойлиги шунчага оширилди, тизим ўзини-ўзи ушлаб туриши учун хомашё материалларига эҳтиёж бор. Бозор нархларида харид қилинади. 

Сифат масаласига келадиган бўлсак. Нарх ошса, эртаси куни сифат яхшиланади, десам ёлғончи бўламан. Нарх ошиши албатта сифатни ошишига олиб келади. Лекин бир зумда эмас. Агар жамоат транспортида йўлкира нархи ошса эртаси куни янги автобус келмайдику. Лекин сиз амин бўласизки мана шу автобус ҳар куни келади. Нархини оширмасангиз таъмирланмаган автобус бекатга келмайди.

Ф.Н.: — Нарх ошади, одамлар кўникади ҳам дейлик, лекин чироқ ҳар куни 24 соат давомида ёнмайди.

Ш.Х.: —  Ўчишлар камайди, чунки ишлаб чиқариб, сотаман деган инвесторлар кўпаяди, ўзимизни мавжуд станциялардан ҳам фойдаланишда айрим муаммоларимиз бор. Баъзан шундай бўладики маблағ тақчиллиги туфайли станцияда айрим таъмирлаш ишлари ўз вақтида тўлиқ амалга оширилмайди. Шунинг ҳисобига номинал қувватдан паст ишлаш кузатилади. Электр тармоқларида пул кўпайганидан кейин таъмирлаш учун материаллар харид қилиш ёки қўшимча асбоб ускуналар харид қилиш мумкин.

Ф.Н.: — Бу аввалгидек ваъда бўлиб қолмайдими?

Ш.Х.: — Беш йил аввалги билан бугунги кундаги ўтиш даврида фарқ йўқми? Сиз Тошкент шаҳридан бўлиб билмаслигингиз мумкин, лекин чекка ҳудудларда яшайдиганлар, қишлоқларда яшайдиганлар ҳамма сезди. Ўзгариш бўлмади деган одамни ҳали эшитмадим. Лекин биз хоҳлаган ўзгариш бўлмади, бундан яхшироқ бўлиши мумкин эди.

Ф.Н.: — Қайси вазирга, раҳбарга савол бермасангиз олдиндаги беш йилда мана шундай ишларни қиламиз деб айтади. Бугун аёллар таппи ёқяпти, бугун қишлоқда яшайдиган аёллар кўмир ёқяпти. Аёлнинг либосидан атир ҳиди эмас таппи ҳиди анқияпти.

Ш.Х.: —  Бу ачинарли ҳолат, бундай бўлмаслиги керак. Мана шундан воз кечишимиз учун бозор яратиб бермасак, инвесторларга йўл очиб бермасак, бу 5, 10, 25 йилда ҳам ҳал бўлмайди. Мевасини олишни хоҳласак боғни бугун яратишимиз керак. Бугун кўчат экишимиз керак. Балким бу йил, кейинги йил, ундан кейинги йил у мева бермас. Лекин тўртинчи йилга бориб аниқ мевасини оламиз. Лекин экмасак, кўчати бор боғимиз ҳам қурийди. Кейин умуман кўчатсиз қоламиз.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев билан интервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.

Феруза Нажмиддинова

Манба: https://qalampir.uz/news/-2116-61702

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

>