Европа давлатлари Россия энергия таъминотига муқобил йўл излаётган бир пайтда газ ва электр энергияси нархи ошиб бормоқда. Бу ҳақда Forbes хабар берди.
Фото: Алберт Геа / Reuters
Бельгия ва Буюк Британияда коммунал тўловлар нархининг ошиши апрель ойида рекорд ўрнатди. Мутахассислар аллақачон энергия инқирози эҳтимоли ҳақида тахминларини билдиришяпти.
Охирги икки йил давомида Европа мамлакатларида электр энергияси нархи ошиб бормоқда, бироқ Россиянинг Украинадаги «махсус операцияси» ва ундан кейинги Ғарб санкциялари нархларнинг янада кўтарилишига олиб келди.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, ўтган йили қарийб икки баравар кўтарилган глобал электр нархи бу йил яна 50 фоизга ошиши мумкин, 2023-2024 йилларда эса пасайишни бошлайди. Шу билан бирга, 2024 йилда нархлар тарихий энг баланд қийматларда қолади.
Жаҳон банки сиёсатчиларни иқтисодий ўсишга эътибор қаратишга ва иложи бўлса, халқаро иқтисодиётга зарар етказадиган чоралардан қочишга чақиради.
Электр нархининг юқорилиги мавзуси сўнгги пайтларда Европа оммавий ахборот воситаларида энг машҳур мавзулардан биридир.
Британия энергетика компаниялари оилаларнинг 40 фоизи «ёқилғи қашшоқлиги»га дуч келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда, яъни улар уйларини иситиш учун маблағ топа олмайди.
Германия Федерал электр агентлиги раҳбари Клаус Мюллер немисларга ҳар куни душ қабул қилиш одатидан воз кечишни таклиф қилди. Энергия истеъмолини камайтириш ва электр нархининг ошишига қарши курашиш учун улар саёҳат чипталари нархини ойига 9 еврогача пасайтириб, электр энергияси харажатларини қоплаш учун оилаларга ҳар бир бола учун 100 евро тўлашни йўлга қўйди.
Бу чора-тадбирларнинг барчаси нафақат фуқароларга пулни тежашга ёрдам бериш, балки Европа давлатларининг Россия нефть ва газига қарамлигини камайтиришга қаратилган.
Рекорд даражада ошган нархлар ва Европа бирдамлиги
Испанияда саноат ишлаб чиқариш нархлари март ойида энергия нархининг ошиши туфайли кетма-кет олтинчи марта кўтарилди. Ой давомида нархлар 46,6 фоизга ошди, бу 1976 йилдан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Электр энергияси нархи ўтган йилнинг шу ойига нисбатан 134,6 фоизга ошди. Компаниялар ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг юқори нархларини истеъмолчилар ҳисобига енгди ва бу ўз навбатида инфляцияни кучайтирди.
Бу Испанияда сўнгги 37 йилдаги энг тез кўтарилган инфляция ҳисобланади. Шу ой бошида Испания марказий банки ўзининг тўлиқ йиллик инфляция прогнозини аввалги 3,7 фоиздан 7,5 фоизга оширди.
Буюк Британияда электр энергиясининг ўртача улгуржи нархи ўтган йили бир МВт/соат учун 100 фунт стерлингни (125 доллар) ташкил этган бўлса, бу йил бир МВт/соат учун 250 фунт стерлингга (314 доллар) яқинлашди.
Cornwall Insight тадқиқот компанияси маълумотларига кўра, импорт қилинадиган нефть ва газга юқори даражада қарамлик туфайли энергия нархларининг юқори ўзгарувчанлиги 2030 йилгача давом этади.
Биз юқори нархлар ҳақидаги сарлавҳаларни кўришга одатланган бўлсак-да, афсуски, бизнинг тадқиқотларимиз шуни кўрсатадики, нархлар пасайса ҳам биз келгуси 10 йил ва эҳтимол ундан ҳам кўп вақт давомида 2021 йилдаги даражамизга қайтмаймиз, — дейди компаниянинг катта таҳлилчиси.
Шу билан бирга, Буюк Британиянинг Бизнес, энергетика ва саноат стратегияси департаменти электр энергияси нархлари бўйича ҳар қандай узоқ муддатли прогнозлар энди спекулятив эканлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Германияда нефть ва газ нархларининг кўтарилиши туфайли апрель ойида инфляция 40 йил ичидаги энг юқори даражага етди.
Германия Федерал статистика бошқармаси маълумотларига кўра, апрель ойида йиллик инфляцияга мослаштирилган истеъмол нархларининг ўсиши 7,8 фоизни ташкил этди. Бундай кўрсаткичлар охирги марта 1981 йилда Форс кўрфази уруши фонида кузатилган.
Бельгияда уй хўжаликларининг газ ва электр энергияси учун ўртача ҳисоби апрель ойида мутлақ рекорд даражага етди. Йиллик электр энергияси шартномаси ўртача 1708 евро (ўтган йили у 930 евро эди), ўртача йиллик газ тўлови эса бир йил олдингига нисбатан 3 баравар 3659 еврони ташкил этди.
Март ойида Бельгияда электр ва газ нархлари ҳукуматнинг ҚҚСни 21 фоиздан 5 фоизга туширган ҳаракатлари туфайли пастроқ бўлди, бироқ апрель ойида бу чоралар етарли бўлмади.
Бельгия оммавий ахборот воситаларининг таъкидлашича, уй хўжаликлари коммунал тўловларни зўрға қоплашга муваффақ бўлаётган бир пайтда энергетика компаниялари катта даромад олишмоқда.
Ҳеч ким инқироз даврида бойиб кетмаслиги керак. Электр ишлаб чиқарувчиларнинг истеъмолчилар ҳисобига ҳаддан ташқари бойиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди, — деди Бельгия энергетика вазири Тиен Ван дер Стретен.
Шу билан бирга, Бельгия бошқа Европа мамлакатларига қараганда Россия таъминотига камроқ боғланган. Бельгияга газнинг асосий етказиб берувчиси Норвегия – 2021 йилда импортнинг 43 фоизи шу давлатдан келган. Иккинчи ўринда Нидерландия, Россия газининг улуши эса атиги 6,5 фоизни ташкил этади.
Россия газини етказиб бериш билан боғлиқ муаммолар Бельгияга, асосан, бу мамлакат Европа Иттифоқининг бир қисми бўлгани учун таъсир қилади, яъни Европа бирдамлик механизми ишга тушади.
Бирдамлик тамойилига кўра, энергия таъминотининг қисқаришидан жабр кўрганлар тегишли ресурсларга ва газ қувурлари ёки портлар орқали барча иштирокчиларга мос келадиган нархда бўлишиш учун техник имкониятларга эга бўлса, қўшни давлатлардан ёрдам сўрашлари мумкин. Бозорларнинг ўзаро боғлиқлиги ҳам нархларга таъсир қилади.
Энергия инқирози сценарийлари
Европадаги электр энергияси нархига Россия газни рублда тўлашдан бош тортган давлатларга газ етказиб беришни тўхтатаётгани, Европа Иттифоқи давлатлари эса бир вақтнинг ўзида Россия нефтидан босқичма-босқич воз кечиш масаласини муҳокама қилаётгани таъсир кўрсатмоқда.
Агар Европа Иттифоқи бу қарорни қабул қилса, бу нархларнинг янада ошишига олиб келади.
Европада энергетика инқирози ўтган йилнинг охирида бошланган эди. Ўтган йил давомида энергия нархининг ошиши Россия, АҚШ ва Норвегиядан етказиб бериш ҳажмининг камайиши билан боғлиқ.
«Алор Брокер» таҳлилчиси Андрей Эшкининнинг сўзларига кўра, нархларнинг кўтарилишининг қўшимча сабаби пандемиядан кейин иқтисодиётнинг тикланиши бўлди.
Ковид чекловлари олиб ташланганидан кейин ҳаёт нормаллаша бошлади: корхоналар ва фабрикалар иш бошлади, одамлар офисга қайтишди. Таъминотнинг қисқариши ва истеъмолнинг ўсиши биргаликда энергия нархини максимал қийматларга кўтарди, — дейди Эшкинин.
Унинг сўзларига кўра, агар нарх шу даражада юқори бўлиб қолса ва Европа энергия қазиб олишнинг бошқа йўлини топа олмаса, бу иқтисод учун салбий оқибатларга олиб келади.
Европа давлатлари муқобил, шу жумладан қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиш учун Россия энергия манбаларига қарамликдан воз кечишга ҳаракат қилмоқда, аммо бу вақт талаб этади.
Тегишли корхоналар қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни жиддий равишда ошириши керак ва бу Европа ҳали ажрата олмайдиган катта маблағ талаб қилади. Айни пайтда Россия таъминотини муқобил манбалар билан тезда алмаштириш эҳтимоли нолга тушади, — деб ҳисоблайди Эшкинин.
Россия Польша ва Болгарияга газ етказиб беришни тўхтатгач, бутун Европа бўйлаб газ нархи 20 фоизга ошди.
Арикапитал Management компаниясининг инвестицион стратеги Сергей Суверовнинг фикрича, агар чекловлар янада кўпроқ мамлакатларга тааллуқли бўлса, энг ёмон сценарий бўйича бу энергия инқирози билан таҳдид солади. Унинг фикрича, бу ҳолатда иситиш мавсуми арафасида газ омборларида газ танқислиги юзага келиши мумкин.
Суверовнинг сўзларига кўра, Европа вазиятни барқарорлаштириш учун фавқулодда чоралар кўради: Польша энди Норвегиядан газни октябрь ойида очиладиган Baltic Pipe газ қувури орқали сотиб олади. Бундан ташқари, АҚШ ва бошқа газ ишлаб чиқарувчилардан LNG етказиб бериш ҳажмини оширишга ҳаракат қилади.
Суверов Европа давлатларининг Россия энергия манбаларига қарамлиги бошқача эканлигини тушунтирди:
Болгария Россиядан газ етказиб беришга жуда боғлиқ эди, Франциянинг қарамлиги пастроқ, Италиянинг бошқа етказиб берувчилари ҳам бор. Германияда эса бу қарамлик жуда кучли, — дейди у.
Шу билан бирга, унинг тушунтиришича, газ нархи бозорда шаклланади, шунинг учун нарх ошиши Россия газининг ўрнини қоплай оладими ёки йўқлигидан қатъи назар, барча Европа мамлакатларида сезилади. Нархлар қачон ўсишдан тўхташини ҳозир олдиндан айтиб бўлмайди, дея огоҳлантиради эксперт.
Манба: https://daryo.uz/k/
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati