ОАВ ва жамоатчилик билан ишлаш
bugun.uz — «Энергетика соҳасида монополия бўлса, у давлатники бўлгани яхшироқ» — вазир ўринбосари
  • 12.05.2022
  • 248

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев 12 май куни бир қатор оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ўтказилган учрашувда энергетиканинг қайсидир йўналишида табиий монополия бўлса, шу монополия хусусийдан кўра, давлатники бўлгани яхшироқлиги ҳақида гапирди. Бу ҳақда «Bugun.uz» мухбири хабар қилди.

 

Фото: «Bugun.uz»

 

«Айрим одамларда савол туғилиши мумкин. Давлатнинг энергетика соҳасидан чиқиб кетиши қанчалик ўринли? Эртага баъзи инсонларнинг энергетик хавфсизлик тушунчаси нима бўлади? Бу ерда айтиш керакки, энергетикани давлат иштирокисиз тасаввур қилиш қийин. Давлат иштирокисиз деганда фақат у томонидан тартибга солиниши ёки назорат қилиниши нуқтаи назардан эмас, бизнес субъекти сифатида давлат корхоналари ҳам бу ерда иштирок этиши керак.

Қизиқ туюлади, лекин энергетиканинг қайсидир йўналиши табиий монополия бўладиган бўлса, буни техник тарафдан ўзгартириш имкони бўлмаса, мана шу монополия хусусийдан кўра, давлатники бўлгани яхшироқ. Масалан, магистрал электр тармоқлари, унинг альтернативи йўқ. Унга муқобил яна битта тармоқ қуриб бўлмайди, шунинг учун тармоқ давлатники бўлиши керак.

Тармоққа уланадиган ҳамма субъектлар мана шу тармоқ эгаси учун бир хил қадрга эга бўлишига амин бўлиши керак. Хусусий бўлса, албатта, кимдадир шубҳа туғилади, давлатники бўлгандан кейин ҳаммага тенг имкониятлар берилади. Чунки унинг ягона манфааати — тизим тўғри ишлаши керак, кафолатли ишлари керак», — дея таъкидлади вазирлик вакили.

Шунингдек, мутасадди тизимдаги нарх-наволар адолатли бўлиши кераклигини таъкидлаб, ишлаб чиқилган бозорга ўтиш концепцияси яқин кунларда тасдиқланишини айтди. Унда асосий масала муддатга қаратилмаганини қайд этди.

«Тизимдаги нарх-наволар адолатли бўлиши керак. Шунинг учун бозорга ўтиш концепциямиз ишлаб чиқилган, яқин кунларда тасдиқланади. Концепцияда бозорнинг ҳар бир босқичидан кейинги босқичига ўтиш учун маълум бир шартлар бор.

Кўп концепцияларда муддат белгиланади. Аввал биз ҳам шу йўлдан кетганмиз. Кўп экспeртлар билан муҳокамалардан сўнг ташқи омилларни ҳам инобатга олган ҳолда муддат методологиясидан воз кечдик. Энди шарт деган тушунча бор», — деди Шерзод Хўжаев.

 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Энергетика вазирлиги Ўзбекистонда январь–март ойларида истеъмолчиларга етказиб берилган электр энергияси ҳажми ҳақида маълумот берганди.

 

Манба: https://bugun.uz/2022/05/12/enyergetika-sohasida-monopoliya-bolsa-u-davlatniki-bolgani-yaxshiroq-vazir-orinbosari/

 

✍️ «Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати

http://t.me/uzmetaxborotxizmati

>