"Чегарасиз репортёрлар" халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган Сўз эркинлиги индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон ўз кўрсаткичларини 24 позицияга яхшилаб, 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилди.
Ушбу натижа мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўз ва матбуот эркинлиги ҳамда очиқликни таъминлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар давлат сиёсати даражасига кўтарилгани билан бевосита боғлиқ. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг ахборот сиёсати кескин ўзгарди. Амалдаги қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, жиноий жавобгарлик либераллаштирилди. Хусусан, туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинди. Журналист ва блогерларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга яқиндан кўмаклашиш, ахборот хизматлари фаолиятини яхшилашга устувор аҳамият берилмоқда.
Соҳадаги энг муҳим ўзгаришлардан бири — давлат органлари фаолиятининг очиқлиги. Бугун журналистлар ёки аҳолининг саволлари деярли жавобсиз қолмаяпти — медиа тадбирлар, интервьюлар, турли масалалар юзасидан расмий изоҳлар сони ва салмоғи сезиларли равишда ошди. ОАВ ва ахборот хизматлари ўртасидаги ҳамкорлик кучайди.
Ушбу жараён нафақат марказда, балки ҳудудларда ҳам изчиллик билан давом этяпти. Журналист ва блогерлар фаолиятини демократик тамойиллар асосида қўллаб-қувватлаш, уларнинг ахборот олиш ва тарқатиш ҳуқуқларининг муҳофазасини янада кучайтириш мақсадида АОКА ҳудудий бошқармалари қошида «Диалог-майдонча»лари ташкил этилди. Ҳозирга қадар ушбу тузилманинг экспертлар гуруҳи томонидан самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Шунингдек, АОКА томонидан 1213 рақамли Call-марказ фаолияти йўлга қўйилган. Бу орқали аҳоли ва ахборот соҳаси вакиллари учун ҳуқуқий маслаҳатлар, йўл-йўриқлар бериб борилмоқда.
Албатта, зиммамизда ҳали бажарилиши лозим бўлган вазифалар кўп. Соҳани янада такомиллаштириш, сўз ва матбуот эркинлиги йўналишидаги ишлар самарадорлигини ошириш бўйича кўплаб лойиҳалар кутиб турибди. Ишонамизки, амалга оширилаётган ишлар халқаро медиа ташкилотлар эътиборидан четда қолмайди ва келгуси рейтингларда ҳам бунга муносиб баҳо берилади.
Манба: https://aoka.uz/uzb/news/1247
«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
t.me/uzmetaxborotxizmati