Янгиликлар
Mақсад – электр энергиясини транспортировка қилишда технологик йўқотишларни олдини олиш
  • 09.04.2022
  • 214

Қарор ва ижро

“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва унинг тизимидаги корхоналар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган ҳамда қўшни давлатлардан импорт қилинаётган электр энергиясини паст кучланишли тақсимловчи тармоқларга – аҳоли ва истеъмолчиларга етказиб берадиган муҳим бўғин ҳисобланади. Шу сабабли, ушбу бўғин фаолиятини янада яхшилаш борасида модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж, маҳаллийлаштириш ҳамда инвестиция дастурлари доирасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентимининг 2019 йил 22 августдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологияларни жорий этиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг тезкор чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мазкур акциядорлик жамиятига муҳим вазифаларни қўйди.

ЎзА мухбирининг “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Собиржон ОРТИҚОВ билан суҳбати ушбу қарор ижроси, тизимда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг самаралари хусусида бўлди.

– Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган қарори энергетика соҳасини ислоҳ қилишда янги босқични бошлаб берди, – деди С.Ортиқов. – Бунда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш давлат сиёсати даражасига чиқди.

Бугун кунда мазкур қарорда белгиланганидек, табиий манбаларни асраб-авайлаш, унинг ўрнига қайта тикланувчи энергия манбаларини татбиқ этиш борасида самарали ишлар қилинмоқда. Тизимда модернизация-реконструкция, қурилиш-монтаж ишларида энергия тежовчи технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, қуёш, шамол ва гидроэнергетика манбаларидан унумли фойдаланиш бўйича йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда.

"2020-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасини электр энергияси билан таъминлаш концепцияси"га асосан қайта тикланувчи энергия манбалари улуши умумий элекр энергия ишлаб чиқаришнинг 30 фоизини ташкил этиши режалаштирилган. Навоий вилояти Кармана туманида БААнинг “Masdar” компанияси билан ҳамкорликда қурилган 100 мегаваттли қуёш электр станцияси бу ишларнинг илк дебочасидир.

– Энергетика соҳасида бу каби ислоҳотларда “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамиятининг ўрни ва вазифалари нималардан иборат?

– "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ўзининг бир қатор вазифаларини амалга ошириш билан бирга юқори кучланишли электр тармоқларини қуриш, кенгайтириш, модернизация ва реконструкция қилиш, теxник қайта жиҳозлаш, объектларни молиялаштириш ҳамда уларни амалда бажарилиши учун йиллик ва истиқболли электр тармоқларининг қурилиш дастурларини ҳам амалга оширади.

Акциядорлик жамияти таркибидаги Капитал қурилиш, лойиҳа ва сметаларни экспертиза қилиш бошқармаси магистрал электр тармоқларда олиб борилаётган лойиҳа-қидирув, қурилиш-монтаж ишларининг амалга оширилиши ва ўз вақтида молиялаштирилишини мувофиқлаштиради. Шунингдек, бошқарма билан биргаликда жамият таркибий корхона ва бўлинмаларидан лойиҳанинг бажарилишини назорат қилиш жараёнида пудратчи ташкилотларнинг шартнома мажбуриятларини ва зарур бўлганда, шартномада назарда тутилган санкцияларни тақдим этиш талаб қилинади.

Ушбу амалиётлар Ўзбекистон Республикаси Президенти фармон ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарор ва фармойишлари, Энергетика вазирлиги топшириқ ва кўрсатмалари ҳамда Шаҳарлараро норма қоидалари, xавфсизлик қоидалари ва бошқа норматив ҳужжатлари асосида олиб боради.

"Ўзбекистон МЭТ" АЖ, ўз навбатида, республика иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа ва бизнес субъектлари ҳамда аҳоли томонидан электр энергиясига бўлган талабнинг ортиб бораётган қисмини тўлиқ қоплаш мақсадида ўзининг тасарруфидаги электр тармоқларини модернизация ҳамда реконструкция қилиш ишларини жадал олиб бормоқда.

Бир йўналишни фактлар асосида изоҳлаганда, масалан, 2021 йилда давлат харидлари "Ўзбекистон МЭТ" АЖда тўғридан тўғри тузилган шартномалар сони фақатгинагина қонунчиликда белгиланган тартибда  ва қолган барча харидлар электрон савдо орқали амалга оширилди. Бунда махсус электрон портал орқали бажарилган шартномалар сони 987 та, суммаси 571,5 миллиард сўмни ташкил этди.

– Юқорида таъкидланимиздек, "Ўзбекистон МЭТ" акциядорлик жамиятининг фаолияти электр таъминоти тизимида муҳим аҳамиятга эга. Мавжуд юқори кучланишли электр тармоқлари ҳамда подстанциялар барқарор ишлаши ушбу тизимдаги янгиланишлар билан узвий боғлиқ.

Айтинг-чи, бугунги кунда магистрал электр тармоқларини қуриш, кенгайтириш, модернизация ва реконструкция қилиш, теxник қайта жиҳозлаш каби вазифалар қай даражада амалга оширилмоқда? Жорий йилги режалар қандай?

– Акциядорлик жамияти тасарруфида 85 та юқори кучланишли подстанция ва узунлиги 11 698 километр бўлган магистрал ҳаво электр узатиш тармоқлари мавжуд. Уларнинг фаолиятини таъминлашга марказий аппарат ва филиалларда жами 4 минг 700 нафардан зиёд ходим меҳнат қилади.

Жамият томонидан ҳар бир иш йиллик режа асосида амалга оширилади. Масалан, 2021 йилда 9 дона куч трансформатор, 77 дона ўчиргич, 19 дона ҳаво компрессор, узунлиги 1224,7 километр бўлган 110-500 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари мукаммал таъмирланди. 292 дона подстанция трансформаторлари, 1307 дона ўчиргич, 33 дона ҳаво компрессорлари, узунлиги 4593,9 километр бўлган 110-500 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари жорий таъмирдан чиқарилди.

2021 йилда модернизация ва реконструкция дастури асосида жами қўшимча 1680 МВА қувват ошириш режалаштирилган эди. Буни қарангки, 2021 йил якунига кўра 1855 МВА қўшимча ўтказувчанлик қуввати яратилди, бу режага нисбатан 110 фоиз дегани. Узунлиги 198,8 километр 220 ва 500 кВли магистрал электр тармоқлари қурилди, режага нисбатан бу 103 фоизни ташкил этди.

2022 йилда 10 дона куч трансформатори, 66 дона ўчиргич,14 дона ҳаво компрессори ва узунлиги 810,23 километр бўлган 110-500 кВли электр узатиш ҳаво тармоқлари мукаммал таъмирланади. Шунингдек, магистрал электр тармоқлари орқали жами 65 миллиард кВт/соат электр энергиясини транспортировка қилиниб, технологик йўқотишларни 10,9 миллион кВт/соатга камайтириш таъминланади. Яъни 3 миллиард сўм миқдоридаги харажатлар қисқартирилади, экспорт кўрсаткичи 132,8 миллион долларга етказилади. Шундан Афғонистон Ислом Республикасига электр энергияси экспорти 110,5 миллион доллар, транзит хизматлари 1,3 миллион доллар ва қурилиш-монтаж ишлари 21 минг доллар миқдорида режалаштирилган.

Бундан ташқари, Инвестиция дастури доирасида 133,3 миллион доллар маблағлар ўзлаштириши кўзда тутилган бўлса, модернизация ва янги қурилиш дастурлари доирасида 11 та подстанцияда ўрнатилган қувватга қўшимча 1616 МВА ўтказувчанлик қуввати қўшилади.

– Соҳа ривожида ички омил билан бир қаторда ташқи имкониятлардан унумли фойдаланиш бугуннинг энг муҳим вазифаларидан. Шу маънода,  "Ўзбекистон МЭТ" АЖ томонидан қандай инвестиция лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда?

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Мазкур қарорга асосан 2021 йил умумий қиймати 71,45 миллион доллар бўлган 10 та лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутилган. 2021 йилда умумий қиймати 893,65 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари якунланиб, эксплуатацияга топширилди.

2021 йилдан давлат-хусусий шериклик тамойили асосида қурилаётган хусусий электр станцияларини республика энерготизимига улаш ва уларни бошқаришни таъминлаш учун хорижий мутахассисларни жалб қилинмоқда. Бу борада Осиё тараққиёт банки томонидан ёлланган "Adalid Asesores y Consultores" (ADAYC) консалтинг компанияси мутахассиси Сантьяго Мирабал Монтеро (Испания, Мадрид) билан яқин ҳамкорликда ишлар олиб бормоқда. Хусусан, 2021 йилнинг 27 август куни Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar” компанияси билан Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси тўлиқ қувватда ишга туширилди. Бундан ташқари, жорий йилнинг апрель ойи охирига қадар Франциянинг “Total Eren” компанияси билан Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган қуёш фотоэлектрстанциясини ишга тушириш кутилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектр станциясини қуриш инвестиция лойиҳаси доирасида Франциянинг “Total Eren” компанияси билан имзоланган Инвестиция битимига мувофиқ инфратузилмани барпо этиш бўйича ишларни “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ маблағлари ҳисобидан амалга ошириш – талаб этилган инфратузилмани барпо этиш ишлари тўлиқ якунланиб, ишчи комиссия далолатномаси расмийлаштирилди ва “Tutly Solar” МЧЖга топширилди.

Марказий Осиё бирлашган энерготизимини тўлиқ тиклаш ҳамда Тожикистон энерготизими билан параллель ишлашни таъминлаш учун Ғузор – Регар 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоғини тиклаш ишларини белгиланган муддатларда якунлаш лойиҳаси доирасида халқаро тендер натижаларига кўра ғолиб компания бош пудратчи «Shanghai Electric Transmission and Distribution Co., Ltd» (Хитой) билан 14,7 миллион доллар миқдорида шартнома имзоланди. Ғузор – Регар 500 кВ электр узатиш тармоғи лойиҳаси доирасида қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, тармоқнинг бутлиги тўлиқ тикланди.

Бугунги кунда хорижий консультантлар билан биргаликда автоматлаштирилган диспетчерлик бошқаруви тизими (SСАDА)ни жорий этиш бўйича техник иқтисодий асослар ва тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш ишлари бошланган. SCADA тизимини жорий қилиш лойиҳаси доирасида техник-иқтисодий асослар (ТИА) ҳамда тендер ҳужжатларини ишлаб чиқиш бўйича халқаро танловда Франциянинг "EDF-CIST" консалтинг компанияси ғолиб чиқди. Бугунги кунда лойиҳанинг техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш ишлари якунланган бўлиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилмоқда.

ЎзА мухбири

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

суҳбатлашди.

https://uza.uz/uz/

«Ўзбекистон МЭТ» АЖ Ахборот хизмати
 t.me/uzmetaxborotxizmati

>